МАҲМУД ЯЛАВОЧ, Маҳмуд Хоразмий (? — 1254, Пекин) — Чингизхон хизматида бўлган хоразмлик савдогар. Чингизхон томонидан Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига элчи бўлиб келганлиги учун ялавоч (элчи) лақаби билан машҳур. Маҳмуд Ялавоч қорахитойлар хизматида ҳам бўлган (1211). Чингизхон савдо-сотиққа катта эътибор бериб, карвон йўлларининг бехатарлигини таъминлаш билан бирга мусулмон савдогарларига ҳурмати баланд бўлган. Шу туфайли Мўғулистонга келиб савдо қилганлар орасида Бухоро, Самарқанд, Ўтрор, Хўжанд каби шаҳарлардан келганлар кўпчиликни ташкил қилган.
Улар орасида Маҳмуд ҳам бўлган. 1218 й. баҳорида Чингизхон уни бухоролик Алихўжа (Али хочжэ), ўтрорлик Юсуф Жаҳонгир (Юсуфу-Жянкэ) ҳамрохлигида Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига элчи (ялавоч) қилиб юборган. Сафар олдидан Чингизхон уларга катта миқдорда совғасаломлар ва ўз мактубини топширади. Мактубда Чингизхон Хоразмшоҳни «ўғлимдек яхши кўраман» деб таъкидлаб уни итоатга чақирган. Маҳмуд Ялавоч бошчилигидаги элчилар Бухорода Муҳаммад Хоразмшоҳ билан учрашиб, унга Чингизхоннинг совғалар ва мактубини топширганлар. Хоразмшоҳ мак-тубни ўқигач, биронта сўз айтмай, келган элчиларни кузатиб қўйишни буюрган.
Мўғуллар истилосидан сўнг М. Я. Хўжандга кўчиб келиб, бир неча вақт Чингизхон номидан Мовароуннахрни идора қилган, вилоятларни бошқаришда босқоқпшк мансабини жорий этган. Шунга кура, у йиғилган солиқларни Чиғатойхояга эмас, балки тўғридан тўғри Чингизхон саройига юбориб турган. Бу ҳол Чиғатойга ёқмас эди, чунки отаси унга суюрғол қилиб берган ҳудудга Маҳмуд Ялавоч ҳокимлик қилган жойлар ҳам кирар эди. Бундан ташқари, Чиғатой будда динига эътиқод қилгани туфайли Маҳмуд Ялавочнинг ислом динига қаттиқ амал қилиб, бузил ган шаҳар ва уй-жойларни, иқтисодий ва маданий ҳаётни тиклашига, мактаб ва мадрасалар қурилишига катта эътибор беришига қарши бўлган.
Шу туфайли Чиғатой Маҳмуд Ялавочдан қутулиш йўлини ахтариб, фурсат пойлаган. 1227 й. М. Я. ни қўллаб-қувватлаб турган Чингизхон вафот этган. 1238 й. Бухорода Маҳмуд Торобий қўзғолони бўлган. Чиғатой қўзғолонда Маҳмуд Ялавочни айбдор деб топиб, уни жавобгарликка тортиш учун Хитойга жўнатган.
Хитой манбаларида Маҳмуд Ялавочни Торобий қўзғолонининг сабабчиси сифатида жавобгарликка тортилгани ёки тортилмагани ҳақида маълумот йўқ. Юан сулоласи тарихида кўрсатилишича, Ўқтойхон ҳукмронлигининг сўнгги йили, яъни 1241 й. 10-ойида Маҳмуд Ялавочга Хитой аҳолисининг маъмурий ишларини бошқариш вазифаси юклатилган. Гуюкхон (1246—48) ва Мункэ (1251 — 59) даврида ҳам Маҳмуд Ялавоч юқори лавозимни сақлаб қолган. Хусусан, 1251 й. у Пекин ш. га ҳоким этиб тайинланган. Хитой манбаларида М. Я. Ғарбий ўлкалар (Ўрта Осиё ва Шарқий Турки-стон)ни бошқарувчи бош нозир сифатида эслатиб ўтилган. М, Я. Пекинга қисқа муддат ҳокимлик қилган бўлсада, шаҳар қурилиши ва ободончилиги йўлида катта ишларни амалга оширган ва унга кўплаб туркистонликларни жалб қилган.
Маҳмуд Ялавочнинг кичик ўғли Алибек (? — 1281) Шарқий Туркистоннинг Или вилояти ҳокими этиб тайинланган. Хубилай мўғуллар улуғ қоони этиб тайинланганда (1260) у марказий ўрдага чақиртирилиб, давлат ишларига жалб этилган. 1267 й. — маслаҳатчи, 1272 й. ўнг қўл вазир этиб тайинланган. Шунда унга Хэнан ўлкасининг маъмурий ишлар бошлиғи вазифаси топширилган. 1276 й. у Жянгхуэй ўлкалари ҳокими этиб тайинланган. Бироқ 1281 й. бошида Алибек туҳмат балосига учраб, хоқон амрига хиёнат қилганликда ай-бланиб қатл этилган.
Ад.: Сагдуллаев А. ва б., Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти, 1қисм, Т., 2000.
Абдулаҳад Хўжаев,