КЎЧМАНЧИЛИК

КЎЧМАНЧИЛИК — чорвачиликнинг махсус шакли ва бундай хўжалик б-н ҳаёт кечирувчи қабилаларнинг турмуш тарзи. «К» атамаси баъзан кенгрок, тушунчада, қатто овчилик, балиқчилик ва теримчилик билан кун кечирувчи қабилаларнинг фаолияти ва яшаш йўсини маъносида ҳам талқин этилади (мас, Австралия аборигенлари, Америка индейслари ва б.).

Ёввойи ҳайвон турларини хонакилаштириш (Осиё, Шим. Африка ва Жан. Европада) неолит (янги тош) даври овчи ва теримчи жамоалари ҳаётида юзага келади. Мил. ав. 4 – ва 3-минг йилликларда (энеолит даври) Осиёда кам сувли қирғоқ минтақаларда, тоғ олди ҳудудларда, жилғалар ва дарё адокларида яшаган аҳоли турар жойлари атрофида, дастлаб деҳқончилик ва овчилик билан бирга олиб бориладиган ўтроқ ва ярим ўтроқ хонаки чорвачилик хўжалиги шаклланади. Асрлар оша чорва бошларининг кўпайиши ва чорвачилик хўжалигининг кенгайиб бориши билан тоғ яйловлари ва дашту биёбон ўтлоқлари ўзлаштирилади. Чорва молларини кенг майдонларга томон хайдаб ўтлатиш билан чорвачиликнинг янги шакли — подачилик — яйлов чорвачилиги пайдо бўлади.

Подачиликнинг ўзига хос хусусиятлари (подани яйловга ҳайдаш, ўтлатиш, сувлатиш, қўриқлаш, қирқим ва ҳ. к.) чорва хўжалигининг эркақлар ихтиёрига ўтишига ва уни маълум даражада ихтисослашиб боришига олиб келади. Подачилик билан даставвал йирик ва майда шохли ҳайвонлар (қорамол, қўй, эчки пода ва отарлари ҳамда йилқи уюрларию, туялар) аралаш боқилган бўлса, кейинчалик эса яйловга, асосан, майда шохли ҳайвонлар, йилқи ва туялар ҳайдалган. Чунки кўчма чорвачиликка қўй ва эчкилар кўпроқ мослашиб, сўнгра йилқичилик ва туячилик пайдо бўлган.

Мил. ав. 2-минг йилликнинг охири ва 1-минг йилликнинг бошларида Осиёнинг тоғ олди ҳудудлари ва даштликларида истиқомат қилувчи ўтроқ ва ярим ўтроқ қабилаларнинг бир қисми ҳаётида ярим Кўчманчилик ва Кўчманчилик турмуш тарзи шаклланиб, кўчма чорвачилик хўжалиги муқимлашади. Мил. ав. 1-мингйилликда эса, Кўчманчилик айниқса, Марказий Осиёда кенг тус олади. Мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярми ва 1-минг йилликнинг бошларида яшаган чорвадор подачи жамоаларининг моддиймаданият ёдгорликлари қад. Хоразмда (Тоза-боғёп), Зарафшон водийси (Ургут, Каттақўрғон)да, Фарғона водийси (Водил ва Каромкўл) да, Тошкент воҳасида (Ачикўл) топиб ўрганилган (қ. Андроново маданияти, Тозабоғёп маданияти).

Ўрта Осиёнинг қад. кўчманчилари ва чорвачилик тўғрисида ёзма манбаларда (Авесто, юнон муаррихлари Геродот ва Страбон асарлари ҳамда Хитой солномалари) кўпгина қизиқарли маълумотлар келтирилади. Мас. Авестода қад. Туронзаминнинг табиати — қалин қор билан қопланган тоғлари, баҳорги сув тошқинлари, майсали яйловлари ва қўйқўзилари таърифланиб, чўпон — «Хшупан» номи билан алоҳида табақа вакили сифатида улуғланади. Чорвачилик «эзгу амал» деб таърифланиб, «чорвани» водийларда қўраларда сақлаш, «йирик ва майда шохли мол кўп ўғит берса, ўша ер азиз» деган сатрларда чорвачиликнинг ҳаётий моҳияти борасида олқишли сўзлар юритилади ва бундай хўжалик эзгу амал сифатида тарғиб этилади. Геродот Понт Эвксин (Қора денгиз) бўйларида яшовчи йилқибоқар скифлар, Туроннинг кўчманчи чорвадорлари, массагет қабилалари ҳақида хабарлар берса, Хитой солномаларида эса ҳунну, сяньби, усун ва б. кўчманчилар тўғрисида тарихий тафсилотлар келтирилади.

Табиий шароитга қараб Кўчманчилик турли шаклда амалга оширилади. Ёзма манбаларда берилган таснифларга қараганда, ўрта асрларда кўчманчи чорвадорлар ўз подаларини даштликлар бўйлаб баҳорда углов учун жан. дан шим. га ва кўзда эса қишлов учун шим. дан жан. га томон ҳайдаганлар (мас, ўтмишда қозоқлар ва б.). Айрим кўчманчи қабилалар (мас. араблар, ўғузлар, мўғуллар ва балужлар) даштликларда қиш ва баҳорги ёғингарчиликлардан ҳосил бўлган қоқлар — кўлмақлар ҳамда карвон йўллар ва яйловларда махсус кавланган қудуклар оралаб ёки айрим сувлоқлар атрофида кўчиб юрганлар. Кўчманчи чорвадорларнинг 3-гуруҳи эса (курдлар, паштунлар, ҳазоралар, нуристонийлар ва қирғизлар) ёзда водийлардан тоғ яйловларига, кўзда эса, аксинча, тоғ ён бағирларидан водийларга томон кўчганлар. Шубҳасиз, яйловларга кўчиб бориб ўрвашиш, чорва молларини биргаликда ўтловларга ёйиш чорвадор уруғ-аймоқларни бирлаштириб, улар ўртасида қабила ва қабилалар иттифоқи уюшмасини шакллантирган.

Гарчи яйлов чорвачилиги кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолининг асосий машғулоти ҳисоблансада, Кўчманчилик хўжалигида қўшимча озуқа берувчи деҳқончилик ва овчилик ҳам маълум даражада ўрин тутган. Айрим қабилаларнинг ярми кўчиб юрса, ярми ўтроқ яшаган. Ибтидоий деҳқончилик, одатда, чорвачилик ва овчилик билан бирга қўшиб олиб борилган. Ўрта Осиёда яшаган сақлар, ҳуннуларнинг бир қисми ва қад. турклар ва б. чорвадорлар маълум даражада деҳқончилик билан шуғулланган.

Кўчманчилар ҳаётида, айниқса, ҳунармандчилик тараққий топган эди. Археологик топилмалар ва ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, сакмассагет қабилалар ўртасида мисгарлик ва заргарлик юқори даражада бўлиб, фанда «ҳайвон тасвирлари наққошлиги» номи билан шуҳрат топган ўзига хос юксак санъат услуби кенг тарқалган. Геродотнинг ёзишича, массагетлар мис ва олтиндан қурол-яроғлар, от анжомлари, идиш-товоқлар, зеби-зийнатларни ясашни, шунингдек, тилла ва кумуш безақли нақшинкор бош кийимлар, камар ва белбоғлар каби зардўзлик буюмларини тикишни билишган.

Ўрта аср ёзма манбаларида кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли «саҳронишин» — сахройи, «даштнишин — даштлик ва «кўҳнишин» — тоғлик шаклларидаги атамалар билан тилга олинади. Ёзги ва қишки яйловларнинг яқинроқ масофада жойлашгани чорвадор қабилаларнинг маълум қисми учун ярим ўтроқ ва ярим Кўчманчилик билан кун кечиришга ҳамда ёрдамчи хўжалик сифатида ибтидоий деҳқончилик билан ҳам шуғулланишга имкон берган. Бундай чорвадор аҳоли қишлов учун хашак тайёрлаб жамғаришни кўзлаб кўчма бошпаналар билан бир қаторда доимий турар жойлар ҳам барпо этган.

Кўчманчилик хўжалигининг асрлар давомида кенгайиб бориши билан чорвадор аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида фанда «дашт йўли тараққиёти» номи билан талқин этилган ўзига хос ривожланиш сўқмоқлари шаклланган. Бундай юксалиш йўналишининг инъикоси кўчманчи чорвадорларнинг моддий маданияти ва маънавиятида ўз аксини топган.

Кўчманчилик хўжалигининг кенгайиши ва чорва бошларининг ортиб бориши билан кўчманчи аҳоли ўртасида мулкий тенгсизлик ва ижтимоий табақаланиш юзага келади. Кўчманчи қабилаларнинг умум мулки ҳисобланган чорва моллари билан бир каторда хусусий чорва пайдо бўлади. Гарчи ёзги ва қишки яйловлар ҳамда сув манбалари (қудуқ ва қоклар ҳамда дарё ва кўл ёқаларида жойлашган сувлотлар) уруғ ва қабилаларнинг умумий мулки ҳисоблансада, бироқ қўра-қўра молу, отар-отар кўю эчкилар ва уюр-уюр йилқилар уруғ ва қабила бошлиқларининг шахсий мулкига айлантирилади. Мас., мил. ав. 3-а. — мил. 4-а. ларда Сирдарё ҳавзасининг ўрта қисмида ташкил топган Қанғ давлатинмнг жабғулари ўз чорва молларини Талое яйловларидан Сарису ва Чу дарёларининг этаклари томон ҳайдаса, қиш фаслини Оҳангарон водийсида ўтказган.

Кўчманчилик хўжалиги ва уруғ-аймоклар ҳамда эл-юрт «бий» — уруғ оқсоқоли, «ябғу» — қабила бошлиғи, «бек» ва «хоқон» — улус ва юрт ҳукмдори томонидан бошқарилиб, кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилаларнинг ўзига хос давлат бошқаруви тизимлари шаклланади (қ. Ҳунлар, Турк хоқонлиги). Кўчманчи чорвадорлар уртасида уруғ-аймоқчилик удумлари ниҳоятда кучли бўлиб, ўзга юртларга чопқунлар қилиш, аҳолисининг бир қисмини қул қилиб ҳайдаб кетиш ва сотиш одатий ҳодиса бўлган. Шу сабабли кўчманчиларда қулчиликнинг патриархал шакли асрлар мобайнида сақланиб, унинг қолдиқлари қарийб 20-а. бошларигача етиб келади.

Кўчманчилик хўжалигининг ўзига хос хусусияти туфайли чорвадорлар ҳеч қачон ўтроқ халқлардан ажралган ҳолда ҳаёт кечирмаган. Тарихнинг барча даврларида ҳаётий зарурат кўчманчи чорвадорларни ўтроқ деҳқон аҳоли билан ҳам иқтисодий ва сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан ўзаро узвий боғлаб турган. Кўчманчи қабилалар б-н ўтроқ аҳоли ўртасидаги ўзаро муносабатлар кадимдан вужудга келган. Кўчманчи хўжалигида ҳаётий зарур бўлган барча восита ва маҳсулотларнинг етишмаслиги оқибатида юзага келган муҳтожлик, шунингдек, ўтроқ аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талаби улар ўртасида мол айирбошлашни юзага келтирган. Асрлар давомида ўзаро иқтисодий алоқалар кенгайиб, даштликлар билан деҳқончилик воҳалари чегараларида эса ташқи савдо бозорлари вужудга келган. Айрим йилларда эса, қишнинг қаҳратон, баҳор мавсумининг қурғоқ келиши ва яйловларда молларнинг қирилиб кетиши оқибатида кўчманчилар деҳқончилик воҳасига кириб келиб, жон сақлаган. Кўчманчи қабилалар билан ўтроқ аҳоли ўртасидаги тинчлик муносабатлар кўпинча бўзилиб, ўзаро тўқвашувлар содир бўлган. Кўчманчилар доимий равишда деҳқончилик воҳалари ва қишлоқларга ҳужум қилиб турганлар. Шаҳар ва вилоятларни босиб олиб ўз сиёсий ҳукмронлигини ўрнатганлар (мас, Эфталийлар, мўғуллар истилоси ва б.).

Чорвадор қабилаларнинг йирик иттифоқи асосида вужудга келган муваққат «кўчманчи хоқонликлар» ўтроқ аҳолини бўйсундириб, деҳқончилик воҳаларини забт этгач, ўрта асрларнинг қудратли мустабид салтанатликларга айлангани тарихда кам эмас (Араб халифалиги, Ўрта Осиё, Эрон ва б. ҳудудларда ташкил топган мўғул давлатлари шулар жумласидандир). Бироқ ўтроқ деҳқончилик билан таққослаганда Кўчманчилик хўжалиги ниҳоятда суст ривожланиб, ижтимоий муносабатларнинг ўсишига имкон бермаган. Бунинг устига и. ч. қуролларини такомиллаштирилмаслиги, ҳаётий нозу неъматларни яратиш имкониятларининг чекланганлиги, хўжаликнинг маълум даражада нотўғри экани ҳамда муқим ўтроқликнинг мавжуд эмаслиги оқибатида Кўчманчилик хўжалиги қолоқ ва турғун ҳаётий услубга айланиб қолган эди. Бундай умрбоқий ҳолат, шубҳасиз, кўчманчи халқларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан жаҳон тараққиётидан орқада қолишига олиб келган.

20-а. бошларида чорвачилик билан шу-ғулланган ҳамда патриархал уруғаймоқчилик муносабатлари сақланиб қолган қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, шунингдек, олтойликлар ва Кавказдаги бир қанча халқлар ҳам Кўчманчилик ёки ярим Кўчманчилик билан кун кечирганлар. Ҳоз. вақтда ҳам Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шим. Африка ҳудудларида кўчманчиларнинг каттагива гуруҳлари (мўғуллар, араблар, балужлар, курдлар ва б.) яшамоқдалар. 20-а. да замонавий транспорт воситаларининг кўчманчилар ҳаётига кириб бориши, қўриқ ердарнинг ўзлаштирилиши ва яйловларнинг тобора қисқариши билан кўч-манчи чорвадорларнинг тарихий удумлари ва анъаналари маълум даражада ўзгариб, уларда ўтроқлашув жараёни кучайди.

Ад. \ Каримов И. А., Тарихий хотирасиз келажак йўқ, Т., 1998; Гумилёв Л. Н., Хунну, Санкт-Петербург, 1993; Гумилёв Л. Н., Древные тюрки, М., 1972; Муҳаммаджон о в А. Р., Ўзбекистон тарихи, Т., 1999; Насимхон Раҳмон, Турк хоқонлиги, Т., 1993; Шониёзов К.,Қанғ давлати ва қанғлилар, Т., 1990; Шониёзов Кўчманчилик, Қарлуқ давлати ва қарлуқлар, Т., 1999.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: КЎЧМАНЧИЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
НЕОЛИТ
БОБИЛ-ОССУРИЯ МАДАНИЯТИ
ҲИНДИСТОН
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты