КЎҲИ ҚОФ — ўзбек эртак, достон ва б. оғзаки ижод намуналарида афсонавий тоғ номи. Ривоятларга кўра, Кўҳи Қоф дунёнинг бир четида бўлиб, унга энг жасоратли паҳлавонгина етиб бора олади. Парилар яшайдиган Ирам боғи ҳам шу ерда. У ерда Семурғ ва Анко яшайди. Гўрўғли, Аназ сингари халқ қаҳрамонлари Бало тоғидан ўтиб, девларни енгиб, Кўҳи Қофга етиб борганлар. Эрон мифологиясига кўра, Кўҳи Қоф — Семурғ макони. Шунингдек, Кўҳи Қоф Кавказ тоғларининг рамзий тасаввури, деган тушунча ҳам мавжуд. «Гап десанг қоп-қоп, Иш десанг Кўҳи Қофдан топ» деган ўзбек халқ мақолида Кўҳи Қофнинг ҳаддан зиёд олисда эканлигига ишора қилинган.