«ГЎРЎҒЛИ» — халқ оғзаки поэтик ижоди ёдгорлиги. Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ва Жан. Кавказ халқлари орасида кенг тарқалган қаҳрамонлик эпоси, достонлар туркуми. Туркумга бирлашган достонлар турли даврларда яратилган. Улардан айримларининг илдизлари бир ярим-икки минг йил илгариги даврларга бориб тақалади. Бу достонлар тахм. 17-а. дан бошлаб бир туркумга бирлаша бошлаган. «Гўрўғли» туркум ига кирувчи барча достонлар муайян мустақилликка эга. Улар оғзаки эпик анъанада якка-якка ижро этилади ҳамда эшитувчи ва китобхон уларнинг ҳар бирини алоҳида асар сифатида қабул қилади. Аммо бу силсила достонлар Гўрўғли образи, унинг доимий йўлдоши Ғирот, эпик озодлик ўлкаси Чамбил юрти, анъанавий образлар Соқибулбул, Ҳасан Кўлбар, Аҳмад Сардор кабилар орқали бир-бирлари билан ўзаро бирлашади. «Гўрўғли» достонларини шартли равишда 2 катта гуруҳга бўлиш мумкин: Жан. Кавказ ва Яқин Шарқ версиялари (озарбайжонлар «Кўрўғли»си асосида яратилган арман, грузин, турк, курд ва б.) ва Марказий Осиё версиялари (ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, тожик ва б.). Барча версиялар мавзуи асосини озодлик, адолат ва халқ бахт-саодати йўлида курашувчи баҳодир Гўрўғли (Марказий Осиё версиясида) ёки Кўрўғли (ғарбий версиясида)нинг жасоратлари ташкил этади.
Жан. Кавказ ва Яқин Шарқ версияларига хос бўлган умумий хусусиятлар «Гўрўғли»нинг озарбайжон вариантларида ўз ифодасини топган. Унда тасвирланишича, Кўрўғли 40 йигитга бош бўлиб, адолатсиз тузумга қарши чиқади. Душман савдогарлари карвонига кутилмаганда ҳужум қилади, нодўст подшоликлар билан бўлган жангларда ажойиб жасорат ва қаҳрамонликлар кўрсатади. Чўпон, отбоқар, дарбадар бахши, дуохон, фолбин қиёфаларида душман ичига кириб, асир тушган йигитларига тадбиркорлик билан ёрдам беради, ўзига ва йигитларига маъқул бўлган гўзал париларни олиб қочади. Кўрўғлининг жасорати ва мардликлари ҳақидаги ҳикоялар ярим тарихий, ярим афсонавий характерга эга бўлиб, мустақил подшоликлардаги турли найрангбозликлар, ҳукмдорлар ҳаёти, катта карвон йўлларидаги жанглар озарбайжон вариантларинингтарихий мавзуи ҳисобланади. Бу версияга кўра, Кўрўғли, Эрон шоҳи Аббос I нинг (1585—1628) замондоши қилиб кўрсатилади. Чиндан ҳам, арман тарихчиси Аракел Тавризий (1670 й. вафот этган)нинг кўрсатишича, Эрон шоҳи Аббос I ва Туркия султонига қарши қўзғолон кўтарганларнинг бошлиқлари орасида Кўрўғли деган шахс бўлган. Озарбайжон вариантида аниқ шахс ва давр билан боғлиқ воқеалар тенгсиз куч-қудрат ва шижоат тасвири билан уйғун ҳолда баён этилади. Аммо бунда умумлаштириш ва рамзийлаштириш муайян давр ва тарихий воқеаларни инкор этиш даражасида эмас.
Марказий Осиё версиялари, хусусан, ўзбек версияларида умумлаштириш ва рамзийлаштириш юқори даражага кўтарилган. Бунда қаҳрамонона ўтмиш аниқ тарихий воқеалар кўламида эмас, балки орзу даражасида, халқнинг юксак мақсади кўламида тасвирланган. Ўзбек достонларида Гўрўғли туркман ва ўзбекларнинг беги, қонуний ҳукмдор, ўз халқи, ватани учун қайғурувчи ва уни душманлардан қимоя қилувчи енгилмас баҳодир, кўплаб халқ ботирларини тарбиялаб етиштирган мураббий сифатида тасвирланган.
Ўзбек халқи Гўрўғли ҳақида «Кунларим», «Гўрўғли», «Гўрўғлибек — зўр ботир», «Армоним қолмади», «Борми жаҳонда» каби унинг қахрамонона курашини мадҳ этадиган қатор термалар, 80 га яқин достонлар яратган. Хусусияти, мавзуи, ижодий услуби ва куйланиш тарзи жиҳатидан ажралиб турадиган 20 дан ортиқ достондан иборат Хоразм туркуми бу сирага кирмайди. Бу ҳол «Гўрўғли» туркуми ўзбеклар орасида 2 версияда тарқалганини кўрсатади. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Раҳматулла Юсуф ўғли каби халқ шоирларидан 200 дан ортиқ достон (вариантлари б-н) ёзиб олинган. Туркумни тўлалигича биладиган бирор бахши бўлган эмас. 19-а. нинг 2-ярми ва 20-а. нинг бошларида Сўлтонмурод шоир (Самарқанд вилояти), Нишон ота (Тошкент вилояти) каби бахшилар «Гўрўғли» туркум достонларини куйлашда донг таратган. Бироқ улардан биронта ҳам достон ёзиб олинмаган. Ёзиб олинган «Гўрўғли» достонларига қуйидагича тартиб бериш мумкин: 1. Гўрўғлининг туғилиши. 2. Гўрўғлининг болалиги. 3. Чортоқли Чамбил. 4. Зайдиной. 5. Юнус пари. 6. Мисқол пари. 7. Гулнор пари. 8. Қирқ йигит билан қирқ қиз. 9. Ҳасан Кўлбар. 10. Соқибулбул. 11. Райҳон араб. 12. Шоқдорхон. 13. Замонбек. 14. Хидирали Элбеги. 15. Бердиёр оталиқ. 16. Эломон. 17. Холдорхон. 18. Гўрўғлининг Қримга бориши. 19. Говдароз дев. 20. Беш подшонинг Чамбилга ёв бўлиб келиши. 21. Шоқаландар. 22. Рўзахон. 23. Ёсқила. 24. Ҳасанхон. 25. Чамбил қамали. 26. Далли. 27. Авазхон. 28. Гулқизой. 29. Гулқизойнинг вафоти. 30. Интизор. 31. Малика айёр. 32. Машриқо. 33. Зулфизар. 34. Бўтакўз. 35. Қундуз билан Юлдуз. 36. Сарвиноз. 37. Балогардон. 38. Авазнинг арази. 39. Аҳмад Сардорнинг ўлимга буюрилиши. 40. Аваз ўғлоннинг Румга қочиши. 41. Авазхоннинг ўлимга хукм этилиши. 42. Гирдоб. 43. Хонимой. 44. Хушкелди. 45. Олтин қовоқ. 46. Зайидқул. 47. Гулихиромон. 48. Зарнигор. 49. Оға Юнуснинг олиб қочилиши. 50. Равшан. 51. Нурали. 52. Нуралинингёшлиги. 53. Балхивон. 54. Жорхон мастон. 55. Сумбулсоч бека. 56. Нурали ва Қари Аҳмад. 57. Нуралининг ютилиши. 58. Малла савдогар. 59. Жаҳонгир. 60. Эрўғли (Шаҳиднома, Гўрўғлининг ўлими, Гўрўғлининг ғойиб бўлиши). Бу достонлар вариантлари билан биргаликда Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт ин-тида сақланади.
Пўлкан шоирдан ёзиб олинган «Гўрўғлининг туғилиши», «Гўрўғлининг болалиги» достонларида тасвирланишича, Гўрўғлининг бобоси Тўлибой синчи Мари юртининг беги Ковиштихоннинг ўғли бўлиб, ёшлигида Ёвмит подшоси Одилхонга асир тушади. Тўлибой синчининг хизматларидан кўнгли тўлган Одилхон қизи Ойшани унга никоҳлаб беради. Булардан Гўрўғлининг отаси Равшан туғилади. Така-Ёвмит юртининг доимий душмани Шохдорхоннинг навбатдаги босқинларидан бирида Равшан, шунингдек, Така-туркман беги Жағалихоннинг фарзандлари Гаждумбек ва Биби Ҳилоллар Зангар юртига асир тушиб кетади. Зангарда Равшан билан Биби Ҳилол тасодифан учрашиб қолиб, бирбирларини севадилар ва турмуш қурадилар. Бу орада Равшаннинг синчилигидан Шоҳдорхон хабар топади, уни саройга чақиртириб, отларини кўрсатади ва фикрини сўрайди. Равшан бу отлар орасида тулпор йўқлигини айтиб, бир ҳолвачининг отини мақтайди. Бундан аччикланган хон Равшаннинг кўзларини ўйдиради. Равшан эса кўр кўзининг хунига ҳолвачининг отини тилаб олади, шу от ёрдамида қайнағаси Гаждумбек билан Ёвмитга қочади. Равшаннинг Зангарда қолган хотини Биби Ҳилол олти ойлик ҳомиласи билан вафот этади. Гўрда улик онадан бўлажак қаҳрамон Гўрўғли туғилади. Чўпон Рустамнинг уюридаги бир байтал уни эмизади ва кейинчалик Гўрўғли Рустам ёрдамида шу байталда Ёвмитга қочиб келади. Туркумнинг илк достонларида ёш қаҳрамоннинг чилтонлар билан учрашуви, истиқболининг олдиндан белгиланиши, эпик Чамбил юртининг бунёд этилиши, Ёвмит элига хон қилиб кўтарилиши каби воқеалар тасвирланган. Туркумдаги «Юнус пари», «Мисқол пари», «Гулнор пари» достонлари Гўрўғлининг уйланиши ва шу билан боғлиқ каҳрамонликларига бағишланган. Эпик анъанага кўра, Гўрўғлининг икки хотини — Юнус ва Мисқол (Пўлкан шоир варианти бўйича учинчиси — Гулнор) парилар Кўҳиқофда Эрам боғида яшаганлар, уларни ғайритабиий кучлар — девлар қўриқлаган. Парилар Гўрўғлига илгаридан «белгиланган», «аталган» бўлсаларда, Гўрўғли уларни машаққатлар б-н, куч, ақл, фаросат, тадбиркорлик билан қўлга киритади.
Туркумдаги «Зайдиной», «Райҳон араб», «Чамбил қамали», «Бектош араб» ва б. достонларда Гўрўғлининг Чамбил юртининг ташки душманларига қарши курашлари, босқинчи ва талончилар сифатида Райҳон араб, Бектош араб, Хунхоршоҳ ва б. тасвирланади.
Туркумда Гўрўғлининг баҳодир 40 йигити (Замонбек, Шодмонбек, Хидирали, Тўлак ботир, Холдорхон ва б.) фаолиятига алоҳида-алоҳида достонлар («Холдорхон», «Замонбек», «Хидирали элбеги», «Бердиёр оталиқ», «Қирқ йигит билан қирқ қиз», «Дониёрхўжа» ва б.) бағишланган. Улар эпик ўлка — Чамбилнинг озодлиги, халқининг фаровонлиги учун Гўрўғли б-н бир сафда туриб кураш олиб борадилар.
Туркумдаги анчагина достонларда Гўрўғлининг асранди ўғиллари (Ҳасан, Аваз), неваралари (Нурали, Равшан), ва эвараси (Жаҳонгир)нинг қаҳрамонона саргузаштлари ҳикоя қилинади. Бу достонлар ўзаро муайян туркумчаларни ташкил этади. Бу ички туркумлар асранди фарзандларнинг олиб келинишини тасвирловчи достонлар («Ҳасанхон», «Авазхон») билан бошланади. Ҳасан ва Авазнинг мустақил эпик таржимаи ҳоли ҳар бир туркумда муайян ўрин тутади. Ҳасанхон туркумда факат бир достон («Далли»)да, Авазхон эса кўп достонлар («Балогардон», «Интизор», «Бўтакўз», «Қундуз билан Юлдуз», «Зулфизар билан Аваз», «Гулихиромон», «Малика айёр», «Машриқо» ва б.)да бош қаҳрамон сифатида иштирок этади. Туркумнинг сўнгги достони «Эрўғли»да Гўрўғлининг кексайган даври ва Сулдузи тоғида ғойиб бўлиши тасвирланади.
«Гўрўғли» туркуми достонлари халқ ҳаёти ва турмушини, унинг орзу-умидлари ва юксак мақсадларини, маънавий-эстетик оламини кенг миқёсда бадиий акс эттирувчи асар сифатида бебаҳо мерос саналади.
Ад.:Жирмунский В. М.,ЗарифовХ. Т., Ўзбекский народный героический эпос, М, 1947; Каррыев Б. А., Эпические сказания о Кероглы у тюркоязычных народов, М., 1968; Мурадов М., Эпос «Гороглы», Т., 1984; Нашри: Гўрўғли достонлари, тўрт жилдли, 1—4-жилдлар, Т., 1996— 1999; Интизор. Нурали, Т., 1964; Гулихиромон, Т., 1965; Гўрўғлининг туғилиши, Т., 1967; Гулнор пари, Т., 1969; Гулшанбоғ, Т., 1969; Ҳасанхон, Т., 1976; Холдорхон, Т., 1981; Бо-лагордон, Т., 1986; Малика айёр, Т., 1988; Нурали, Т., 1989.
Тўра Мирзаев.