НИГЕРИЯ

НИГЕРИЯ (Nigeria), Нигерия Федератив Республикаси (Federal Republic of Nigeria) — Ғарбий Афри-када Гвинея қўлтиғи соҳилида жойлашган давлат. Майд. 923,8 минг км2. Аҳолиси 129,93 млн. киши (2002). Пойтахти — Абужа ш. Маъмурий жиҳатдан 36 штат (state) ва пойтахт округига бўлинади.

Давлат тузуми. Нигерия — федератив республика. Амалдаги конституцияси 1999 й. 29 майда қабул қилинган. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстликка. аъзо. Давлат бошлиғи президент (1999 й. дан Олусегун Обасанжо). У умумий тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 4 й. муддатга сайланади ва яна бир марта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий ассамблея (икки палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Соҳили кам парчаланган камбар пасттекисликдан иборат. Ер юзаси шим. га томон баландлашиб бо-ради. Йоруба, Уди, Жос платолари (энг баланд жойи 1735 м) бор. Платолардан жан. да Нигер ва Бенуэ дарё водийлари жойлашган. Шарқий қисмининг рель-ефи тоғлик, айрим чўққиларининг бал. 2000 м дан ортиқ. Нигерия ҳудуди тектоник жиҳатдан Африка платформаси таркибига киради. Заминининг метаморфик жинслари мамлакат майдонининг 50% ни ташкил этган. Улар таркибида то-кембрий гнейслари, магматит, амфиболит, кварцит ва сланецлар учрайди. Соҳил яқинидаги ботиқлар денгиз ва континент чўкиндилари билан тўлган.

Нигериянинг Атлантика океани соҳилида нефть ва газ конлари бор. Тошкўмир, лигнит ва қўнғир кумир, ниобий (колумбит), калай, вольфрам, молибден, темир, боксит, марганец, асбест, қўрғошин, pyx ва уран рудаси конлари топилган. Мамлакатнинг шим.-ғарбида олтин конлари ҳам бор.

Иқлими экваториал муссонли иклим. Шим. да дек. дан мартгача қуруқ шамоллар эсиб туради. Баҳорда деярли ҳамма жойда ёмғир ёғади. Йиллик ёғин 500 — 4000 мм. Ички минтақаларда энг иссиқ ой (апр. ёки май)нинг ўртача т-раси 25 — 33°, энг салқин ой (дек. ёки янв.) ники 20—27°. Йирикдарёлари: Нигер ва унинг ирмоклари ҳамда Комадугу-Йобе. Ни-герда кема қатнайди. Чад кўлига қуйиладиган дарёлари қурғоқчил мавсумда жуда саёзланиб крлади. Тупроклари қизил-сариқ, латерит, қизил латерит, қизил-қўнғир, қора тусли ва аллювиал тупроклар. Ўсимликларининг аксари тропик ўрмон ва саванналардан иборат. Соҳили камбар мангра ўрмонлари билан қопланган. Дарахтларни кўплаб қирқиш натижасида табиий Урмонлар, асосан, қўрикхоналарда сақланиб қолган. Ҳайвонот дунёси бой: фил, каркидон, крп-лон, чиябўри, ёввойи мушук, кийик, жирафа ва б. яшайди.

Аҳрлиси. Нигерияда турли тилларда сузлашувчи 200 га яқин халқ бор. Гвинея тилларида сўзлашувчи халқлар — йоруба, игбо, ижо ва нупелар кўпчиликни ташкил этади. Нигерияда хауса тилида сўзлашувчи халқдар анчагина. Канури, фульбе халқлари қам яшайди. Шарқий бантоид тилларида сўзлашувчи халқлардан ибибио ва тивлар бор. Шаҳар аҳолиси — 35,2%. Аҳолисининг ярмига яқини ислом динига, қолган қисми христиан ва маҳаллий анъанавий динларга эътиқод қилади. Расмий тиллари — инглиз ва француз тили. Йирик ша-ҳарлари: Лагос, Ибадан, Огбомошо, Кано, Иво, Кадуна, Порт-Харкорт, Илорин, За-рия, Онича ва б.

Тарихи. Ҳозирги Нигерия худудида дастлабки аҳоли манзилгоҳлари палеолит даврида вужудга келган. Мил. ав. 4—3-минг йилликдаёқ бу жойларда силликланган ва сайқалланган тош болталар ва сопол идишлар ясалгани маълум. 1-мингйилликда моддий маданият нисбатан юқори даражада бўлган. Мил. 8—10а. ларда Нигерия ҳудудида хауса халқининг шаҳар-давлатлари (Кано, Кацина, Зария ва б.) вужудга келган. Бенин қироллиги ўша даврдаги энг йирик давлатлардан бири бўлган. 13-а. да ҳозирги Нигерия ҳудудига фульбе қабилалари келиб, улар тезда хаусалар билан аралашиб кетган.

Нигерия қудудига европаликлардан дастлаб португаллар келган (1472). 1553 й. да Нигерия сохдлларига денгиз тарафдан инглизлар кириб борди. Европалик мустамлакачилар «қора танлиларни ов қилиб», Н. ха-лкларининг табиий тараққиёт жараёнини сусайтирди. 1849 й. Бенинда инглиз консуллиги пайдо булди. 1861 й. да инглизлар Лагосни эгалладилар. 1870-й. лар охирида мустамлакачилар Нигер дарёси ҳавзасида катта ҳудудга урнашиб ол-дилар. 1885 й. да «Ойл-риверс протекто-рати» (1893 й. дан Нигер соҳили протектората*) тузилди. 1906 й. да унинг таркибига Лагос ҳам қушиб олинди, шундан сўнг «Жан. Нигерия мустамла-каси ва протекторати» деб атала бошлади. 1914 й. 1 янв. дан ҳозирги Нигерия ҳудуди «Нигерия мустамлакаси ва протекторати» номини олди. 20-а. бошидан инглизлар Нигериядан арзон минерал ва қ. х. хом ашёлари манбаи сифатида фойдалана бошладилар. Мустамлакачи маъмурларнинг жабр-зулми ва бедодлигига қарши тез-тез ғалаёнлар бўлиб турди.

1-жаҳон уруши (1914—18) дан сўнг Нигерияда дастлабки ижтимоийсиёсий ташкилотлар пайдо бўла бошлади. 1920 й. да Ғарбий Африка Миллий конгрессининг Нигерия бўлими ташкил этилди. 1922 й. да Нигерияда биринчи сиёсий партия — Миллий демократик партия тузилди. 20-й. лар охири — 30-й. лар бошида янги оммавий ташкилотлар вужудга келди. 2-жаҳон уруши даври (1939—45) да четдан товар келтириш кескин камайди, натижада маҳаллий саноатнинг ўсишига шароит туғилди. Тери ошлаш, ип газлама тўқиш, мева ва сабзавотни қайта ишлаш корхоналари вужудга келди. Маҳаллий тадбиркорлар Нигерияга ўз ички ишларини ўзи бошқариш ҳуқуқи ва сиёсий мустақиллик берилишини талаб қила бошлади. 1944 й. авг. да дастлабки Умумнигерия сиёсий партияси — Нигерия ва Камерун Миллий кен-гаши (1962 й. дан Нигерия фуқаролари Миллий кенгаши) тузилди. 1940-й. лар бошида Нигерияда касаба уюшмалари вужудга кела бошлади. 1945 й. да ҳали яхши уюшмаган ишчиларнинг биринчи иш ташлаши бўлиб ўтди. 1950—51 й. ларда яна янги партиялар тузилди. 1958 й. окт. да Лондонда бўлган конституцион конференцияда Нигериянинг барча жойларидан келган вакиллар Нигерияга мустақиллик беришни Буюк Британиядан талаб қилдилар. 1960 й. Н. га Британия Ҳамдўстлиги таркибида мустақиллик берилди. Шу йили Нигерия БМТга қабул қилинди. 1963 й. 1 окт. дан Нигерия федератив республика деб эълон қилинди.

1964 й. 30 дек. да федерал парламентга сайлов ўтказилиб, янги ҳукумат тузилди. Аммо ҳукумат аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳақидаги ваъдаларини бажармай, миллий манфаатларга зид сиёсат юритганлиги илғор кучларнинг норозилик кайфиятини қўзғатди. 1966 й. 15 янв. да ҳарбий тўнтариш бўлиб, федерал ҳарбий ҳукумат тузилди. 1966 й. 29 июлда яна ҳарбий тўнтариш бўлди. Янги ҳукумат федератив идора усулини дарҳол тиклади. Аммо, шундан кейин ҳам кетмакет ҳарбий тўнтаришлар содир бўлиб, мамлакатнинг ижтимоийсиёсий ва иктисодий тараққиётига салбий таъсир қилди. Ниҳоят, 1999 й. 20 фев. куни парламент сайлови ва ўша йил 27 фев. да президент сайлови бўлди. Ҳарбийлар ҳокимиятни янги сайланган президент Олусегун Обасанжога топширдилар.

Миллий байрами — 1 окт. — Мустақиллик куни (1960). Н. ЎзР суверенитетини 1992 й. 11 мартда тан олди ва ўша йил 28 авг. да дипломатия муносабатлари ўрнатди.

Сиёсий партия ва касаба уюшмалари. Демократия учун иттифоқ партияси, 1998 й. да ташкил этилган; Умумхалқ партияси, 1998 й. да тузилган; Халқ де-мократик партияси, 1998 й. да асос со-линган. Нигерия меҳнат конгресси, мамлакатнинг ягона марказий касаба уюшма ташкил оти, 42 тармоқ касаба уюшмасини бирлаштирган, 1978 й. да тузилган.

Хужалиги. Нигерия — йирик саноат салоҳиятига эга бўлган афар мамлакат. Ялпи ички маҳсулот ва ташки савдо қажми жиҳатидан Африкада 2-ўринда (ЖАРдан кейин) туради. Ялпи ички маҳсулотнинг ярми саноатда, тахм. 30% қ. х. ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаб чикарилади. Нигерия дунёда нефть экспорт қилувчи 10 та йирик мамлакат жумласига киради, нефть қазиб олиш соҳасида Африкада биринчи ўринни эгаллайди.

Қишлоқ хўжалиги — мамлакат иқтисодиётининг асоси, иқтисодий фаол аҳоли ярмидан кўпроғининг ти-рикчилик манбаи. Энг оммавий деҳ-қончилик шакли жамоа деҳқончилигидир. Мамлакатдаги 8 млн. га яқин фермер хўжалиги қ. х. маҳсулотининг 90% ни беради. Ҳайдаладиган ерларнинг анчагина қисмида озиқ-овқат экинлари, асосан, илдизмевали ва донли экинлар етиштирилади. Деҳқончиликда дуккакли экинлар, шакарқамиш, сабзавот ва ҳўл мевалар муҳим ўрин олади. Экспорт учун мойли пальма, какао, ер ёнғоқ, каучукли ўсимлик, пахта етиштирилади.

Чорвачилик, асосан, шим. да ва қуруқ саванналар минтақасида ривожланган. Қорамол, қўй ва эчки боқилади. Шим. да йилқичилик, жан. да чўчқачилик ва ҳамма минтақаларда парран-дачилик билан шуғулланилади. Дарёларда, Чад кўли ва Гвинея қўлтиғи сувларида қимматбаҳо балиқ турлари кўп булсада, балиқ овлаш унчалик ривожланмаган. Балиқчилик маҳсулотлари мамлакат аҳолиси эҳтиёжларини қондира олмайди. Ўрмон хўжалигидаги асосий ёғоч захиралари Нигер дарёси этакларида ва жан.-шарқий денгиз со-ҳилида жойлашган. Дарахтзорлар 23 минг км2 ни ташкил этади. Ўрмонлар тартибсиз кесилиши натижасида қимматбаҳо ёғоч олинадиган дарахтлар камайиб кетди. Мамлакатда ўрмон хўжалигини тиклаш тадбирлари ишлаб чиқилди, ёғоч экспорт қилиш тақикланди.

Саноатида кончиликасосий ўринни эгаллайди. Нефть ва табиий газ, шунингдек, қалай ва ниобий рудалари, тошкумир, темир рудаси ва б. баъзи турдаги фойдали казилмалар — Н. кончилик саноатининг асосий хом ашё негизи. Озроқ миқдорда вольфрам, тантал, торий, циркон, уран, олтин, полиметалл рудалар ва б. лар ҳам қазиб олинади. Хилма-хил нометалл казилмалар орасида оҳактош, каолин, қурилишбоп қум, шағал бор. Маҳаллий темир руда, тошкўмир, оҳактош ва утга чидамли гилмоя негизида металлургияни ривожлантиришга киришилди. Жумладан, 2000 й. охирида Ажаокутда Тропик Африкадаги энг йирик металлургия к-тининг биринчи навбати қуриб битиказилди. Нефтни қайта ишлаш з-длари, «Пежо», «Фольксваген», «Фиат» ва б. автомобиль з-дларининг йиғув линиялари бор. Йилига 9—10 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Нигер дарёси буйидаги Каинжи ва Жебба ГЭСлари, мамлакат жан. даги йирик шаҳарларда жойлашган иссиклик электр марказлари электр энергетиканинг асосини ташкил қилади.

И. ч. саноати тузилмасида озиқ-овқат ва енгил саноат тармоклари етакчи роль уйнайди. Нигерияда 95 та тўқимачилик ф-каси, озиқ-овқат корхоналари бор. Об-жувоз з-дларида пальма, ер ёнғоқ ва чигит ёғи ишлаб чикарилади. Тамаки, мева-консерва, гўшт-сут, қанд-шакар и. ч. корхоналари, тегирмонлар мавжуд. Ёғочсозлик саноати Сапелдаги йирик ёғоч тилишфанер и. ч. к-тидан, Эпадаги к-т ва б. 400 майда ёғоч тилиш корхоналаридан иборат. Нигериянинг йирик шаҳарларида мебель фкалари, гугурт ва целлюлоза-қоғоз корхоналари бар-по этилди. Мамлакат жан. даги Нкала-гу, Порт-Харкорт, Абеокут, Калабар, Эмен ш. ларида цемент, асбестцемент тахталар ва қувурлар и. ч. заводлари жойлашган. Лагос машинасозлик ва металл ишлаш тармокларининг йирик марказидир. Халқ ҳунармандчилиги ривожланган.

Транспорти. Автомобиль ва т. й. транспорти етакчи ўринда. Ташиладиган юкларнинг 80% дан кўпроғи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Т. й. лар уз. — 3,5 минг км, автомобиль йўллари — 124 минг км. Ғарбий (Лагос—Кано) ва Шарқий (Порт-Харкорт—Кадуна) т. й. магистраллари денгиз соҳилини мамлакатнинг ичкари туманлари билан туташтиради. Нефть қувурлари уз. — 3000 км. Асосий сув йўли — Нигер дарёси ва унинг ирмоқлари бўлиб, уларда де-ярли йил бўйи кемалар қатнайди. Ички сув йўлларининг уз. — 7,4 минг км. Асосий денгиз портлари: Лагос (Апапа ва ТинКан-Айленде), Порт-Харкорт, Бонни, Форкадос, Буруту, Варри. Ҳаво транспорти 2-жаҳон урушидан кейин ривожлана бошлади. Лагос, Кано ва Илоринда халқаро аэропортлар бор.

Ташқи савдоси. Четга, асосан, нефть, какао, каучук, пальма ёнғоғи мағзи, хом тери чиқарилади. Четдан машина ва асбоб-ускуна, истеъмол моллари, озиқовқат ва б. келтирилади. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: Буюк-Бри-тания, АҚШ, Франция, Германия, Япония, Бразилия. Пул бирлиги — найра.

Тиббий хизмати. Давлатга қарашли тиббий муассасалар билан бирга аралаш ва хусусий шифохоналар ҳам бор. Федерал соғлиқни саклаш вазирлиги мамлакат микёсида оммавий профилактика тад-бирларини ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш, тиббиётдаги ҳуқуқий қонунқоидаларга риоя этилиши учун масъул. Даволаш ва касалликларнинг олдини олиш муассасаларига штатларнинг соғлиқни саклаш вазирликлари бевосита рахбарлик қилади. Врачлар Ибадан, Лагос, Ифе, Энугу, Бенинсити, Зариядаги тиббиёт мактабларида тайёрланади. Тиббий ҳамширалар, доялар, тиш врачлари ва техниклари тайёрланадиган ўнлаб мактаблар бор. Лагос, Кадун, Ибадан, Узуаколи шларида тиббиёт и. т. марказлари мавжуд. Лагосда Жаҳон соғлиқни саклаш ташкилотининг безгакка қарши кураш халқаро маркази ишлайди.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Нигерия мустақилликка эришганидан кейин маорифни ривожлантиришга эътибор берила бошлади. Катта ёшдаги аҳоли саводсизлигини тугатиш мақсадида қисқа муддатли курслар очилди. 1976 й. да 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий 6 й. лик бошланғич таълим жорий этилди. Ўқиш маҳаллий ва инглиз тилларида олиб борилади. Ўрта маълумот 5 й. лик. Хусусий ўрта мактаблар ҳам бор. 2—5 й. лик ҳунар-техника мактабларида малакали ишчилар, 4 й. лик политехникум ва технология коллежларида эса ўрта техник ходимлар тайёрланади. 29 ун-т бор. Зария, Лагос, Ибадан, Ифе, Нсук-ка ун-тлари энг йирик олий ўқув юртлари ҳисобланади. Ўкиш — бепул. Кўпгина ун-тларнинг сиртқи бўлимлари бор. Нигерия педагогика тадқиқотлари кенгаши, унтларнинг педагогика ф-тлари, ин-тлари ва тадқиқот марказлари, оширилган даражадаги баъзи пед. коллежлари маориф ва пед. фанлари сохасида и. т. ишлари билан шуғулланади.

Илмий муассасалари: Лагосдаги Нигерия фанлар академияси (1977 й. да ташкил этилган), Тиббиёт и. т. кенгаши (1974), Миллий океанография ва денгиз тадқиқотлари ин-ти (1975), Ибадандаги Нигерия ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар инти (1950), Федерал ўрмончилик маркази (1954), Тропик ўсимликлар байналмилал ин-ти (1975), Ошодидаги Федерал саноат тадқиқотлари ин-ти (1955), Бенинситидаги пальма ёғи ин-ти (1939), Моордаги Федерал қ. х. тадқиқотлари маркази (1910), Вомдаги Федерал ветеринария маркази (1924), Самарудаги қ. х. тадқиқотлари инти (1924) ва б.

Йирик кутубхоналари: Ибадан, Лагос ун-тларининг кутубхоналари, Ифе, Лагос, Бенинсити, Жос, Илорин ва б. шаҳарлардаги кутубхоналар, Н. Миллий кутубхонаси.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Нигерия матбуоти — Тропик Африкадаги дастлабки ва энг ривожланган матбуот. Инглиз ва маҳаллий тилларда 20 дан кўпроқ газ. ва 10 ҳаф-танома нашр этилади. Кўп нусхада чиқадиган энг нуфузли газ. лар: «Гардиан» («Посбон», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1982 й. дан), «Дейли скетч» («Кундалик баён» инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1964 й. дан), «Дейли тайме» («Кундузги вақт», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1925 й. дан), «Ирохин йоруба («Йоруба халқи янгиликлари», йоруба тилида чиқадиган газ., 1945 й. дан), «Найжириан обсервер» («Нигерия кузатувчиси», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1968 й. дан), «Найжириан трибюн» («Нигерия минбари», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1949 й. дан), «Нэшнл конкорд» («Миллий тотувлик», кундалик газ., 1980 й. дан), «Нью найжириан» («Янги нигериялик», инглиз тилида чикадиган кундалик ҳукумат газ., 1965 й. дан). Нигерия ахборот агентлиги (НАН), ҳукумат ахборот агентлиги, 1978 й. да ташкил этилган. Ҳукуматга қарашли Нигерия федерал радиокорпорацияси 1978 й. да тузилган. Нигерия телекўрсатув хизматига 1976 й. да ҳукумат томонидан асос солинган. 8 штатда штат ҳукуматлари қарамоғидаги радио ва телемарказлар бор.

Адабиёти халқ оғзаки ижодиёти билан узвий боғланган. Йоруба, ибо, хауса тилларида адабий анъаналар вужудга келган. Замонавий Нигерия адибларининг кўпчилиги инглиз тилида ёзади. 19-а. охири ва 20а. бошларида публицистика шаклланди. 20-а. 20—40-й. ларида ва-танпарварлик шеърияти (Н. Азикиёве, Д. Осадебей) юзага келди. 30-й. ларга келиб, драматургия пайдо бўлди ва христиан черковлари фаолияти билан боғланган библия мавзуида пьесалар яратилди. 30—40-й. ларда Нигериянинг баъзи шаҳарлари (Онича)да китоб бозорлари пайдо бўлди. С. Эквензининг ижтимоий муаммоларга бағишланган «Шаҳар одамлари» (1954) романи ва А. Тутуоланинг йоруба фольклори мотивлари асосидаги «Майхўр» (1952), «Руҳлар ўрмонидаги ҳаётим» каби асарлари Нигерия прозасида янги босқич бўлди. Т. Алуконинг «Қариндошлар» (1968) романида инсонпарварлик ғоялари ўз аксини топди. О. Эгбунанинг «Уйланиш масаласи» романида замонавий ахлоқнинг анъанавий урф-одатлар билан тўқнашу-ви муаммоси кўтарилган. Ёш адиблардан Ч. Ачебенинг «Емириш вақти келди», «Нотинч ҳаёт», «Худонинг ўқёйи» асарлари Нигерия прозасининг ривожланиш йўлини кўп жиҳатдан белгилаб берди. 70—80-й. лардаги драматургия ва шеърият ижтимоий мазмун билан бойиди, уларда янги замон нишоналари ўз аксини топа бошлади (В. Шойинканинг «Иданре» поэмаси, «Ўрмон рақси», «Йўл» пьесалари, К. Окигбонинг «Осмон дарвозаси», «Лабиринтлар» шеърий китоблари ва б.). 90-й. ларда янги истеъдодли қалам соҳиблари адабиётга ки-риб келди. «Блэк Орфью» ва «Окике» каби адабий жур. лар нашр қилинади.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Халқ меъморлиги табиий иклим шароитига мослашган. Жан., жан.-шарқ, жан.-ғарбдаги тропик ўрмонларда уйлар тўғри тўртбурчакли шаклда ёғоч, лой, тўқима новдадан қурилади, томи икки нишабли қилиб, похол ва пальма барглари билан ёпилади. Марказий Нигерияда бинолар айлана шаклида девори лойдан, томи похол, шох-шаббадан конус шаклида ишланади. Саванна ва чала чўлларда уйлар лойдан тўғри бурчакли қилиб, томи ясси қилиб қурилади. 13 — 15-а. ларда шаҳарлар режа асосида қурилди. 14-а. да шим. да ислом дини тарқалгач, масжидлар баргго қилинди. 2-жаҳон урушидан кейин Европа меъморлигининг таъсири кучайди. Бинолар ҳайкал, нақшлар билан кўпроқ безатидди. Нигерия мустақилликка эришгач, бетон ва металлдан қурилган иморатлар қуёш тўсқичли, пешайвонли ва пан-жарали қилиб миллий услубда қурила бошлади (Ибадан ун-ти бинолари, Ка-дунадаги Олий суд биноси ва б.). Му-ҳандис ва меъморлар Европада, шунин-гдек, Лагосдаги технология коллежининг, Нсукка ва Зария ун-тларининг меъморлик ф-тларида тайёрланади.

Нигерия шим. да топилган Нок маданияти маҳсули бўлган гўзал ҳайкалтарошлик ва ўймакорлик асарлари мил. ав. 1-минг йилликка мансуб деб ҳисобланади. Мил. бошларида Ифе ва Бенин санъатининг илк намуналари — сопол ва бронза ҳайкаллар ишлангани маълум. Нигерия халқлари ёғочдан санамлар, аждодлар, ча-вандозлар, болали аёллар ҳайкалчаларини қадимдан ясаб келганлар. Нигерияда янги тасвирий санъатни ривожлантиришда А. Онаболу, О. Идах, Ф. Идехен, Ф. Идубор, Б. Энвонву каби ҳайкалта-рош ва рассомлар салмоқли хизмат қилди, уларнинг асарларида маҳаллий анъаналар давом эттирилгани ва замонавий Европа санъати ютуқлари ижо-дий ўзлаштирилгани кўзга ташланади. Рассомлар орасида Д. Нвоко, Ю. Грил-ло, Ж. Аколо, А. Эконг, А. Ласекан ва б. шуҳрат қозонган.

Бадиий ҳунармандчилик ривожланган. Яхлит ёғочдан одам ва ҳайвон қиёфаси тасвирланган, гўзал нақш солиниб, манзаралар ўйиб ишланган рўзғор анжомлари, ғаройиб шаклдаги сопол, шиша ва чарм идишлар, зар-гарлик буюмлари тайёрланади. Бида ойнасозлари нақшли идишлар, Кано заргарлари олтин ва кумуш безаклар, на-қшли билагузуклар ясайдилар. Бенин-Ситида бронза қуймалар ва фил суяги ўймакорлиги анъаналари сак^паниб қолган. Ниқоб (маросимларда, карнавалларда тақилади), ўйма нақшли курсилар тайёрлаш, матолар тўқиш, каштачилик, наққошлик санъати ривож топган. Новда, похол ва қамишдан сават ҳамда бордон тўқиш, ёғочдан елпиғич, қовоқ пўстлоғидан турли гулдор идиш ва қошиқлар ясаш кенг тарқалган.

Мусиқаси. Нигерия мусиқий маданиятининг хилма-хиллиги бу ердаги халқ анъаналарининг хусусиятлари билан боғлиқ. Профессонал мусиқа санъати ўрта асрларда таркиб топган. Қабила кек-салари раҳбарлигида ёшлар маросим рақслари ва қўшиқларини, созандалик сирларини ўрганар эди. Араб сайёҳларининг гувохлик беришича, ўрта аср ҳукмдорлари саройларида созанда, хонанда ва раққосаларни сақлаганлар.

19-а. да мустамлакачилик сиёсати ва христиан даъваткорларининг фаолия-ти оқибатида бир қанча маҳаллий динлар б-н бирга диний мусиқа ҳам йўқ бўлиб кетди. Европа мусиқасининг таъсири кучайди. Нигерия чолғу асбоблари орасида барабан энг кўп тарқалганидир. Елкага осиладиган нақш ва ҳайкалчалар билан безатилган бир мембранали, қўлтиқ остига осиладиган икки мембранали барабанлар, нгедегву деб аталадиган чанг мавжуд. Араблар орқали най, қўшнай, дойра, уд, цитра, алгант каби чолғу асбоблари кириб келган.

Мустақилликка эришилганидан сўнг профессионал мусиқа маданияти ривожланди. Нигерияда ўзига хос композиторлар мактаби вужудга келди. А. Юба, Ф. Сованде, С. Акпабот, А. Банколе, А. Фиберезима ва б. композиторлар машҳур. Фольклор анъаналаридаги спектаклларда халқ қўшиклари ва мусиқаси янграйди. Юбанинг «Ўрмон парилари», «Абику» ва «Алатангана» рақс драмалари бунга мисол бўла олади. Т. Ойелана «Адуфе», «Қондаги сехр» спектаклларига мусиқа ёзди. Нигериянинг дастлабки операси — «Орукоро» Фиберезима қаламига мансуб.

Театри. Нигерияда яшовчи халқпар анъанавий театр томошаларининг асосини маиший ва маросим рақслари ташкил этади. Қишлоқлардаги байрам ва тан-танали айёмларда миллий либос ва ниқоб кийиб юришган, афсонавий мазмундаги ўйинлар ўтказиб келинган. Уларда табиат кучларини ифодаловчи илоҳлар, аждодларнинг арвоҳлари, афсона қаҳрамонлари иштирок этган. 19-а. ўрталарида шу асосда замонавий театр шакллана бошлади. Йоруба теат-рининг асосчиларидан бири, шоир ва қўшиқчи Хуберт Огунде 1944—45 й. ларда сайёр театр жамосини ташкил этиб, унинг учун насиҳат ва тарғибот руҳидаги пьесаларини ёзди. Мустақиллик йилларида бу труппа профессионал сайёр жамоага айланди. Драматург ва реж. Дуро Ладипнинг 60-й. ларда тузган театр труппаси кейинчалик «Миллий театр» номини олди. Ҳаваскорлик драма театрларида эса Европа драма-тургияси ва саҳна техникасидан фой-даланила бошлади. Бир қанча штатларда янги жамоалар тузилган.

Киноси. 1945—47 й. ларда бир неча ҳужжатли ленталар суратга олинди. 1960й. лар бошида реж. Ш. Олушола телевидение учун бир қанча адабий асарларни ва театр спектаклларини экранлаштирди. Шундан кейин яратилган ҳужжатли фильмларнинг айримлари Тошкентдаги халқаро фестивалларда намойиш этидци. Биринчи тўла метражли фильми «Икки киши ва эчки» (1966) дир. «Шаху Гарбай» (1971), «Икки тақдир» (1972), «Лорай бобо» (1973), «Ову-Арусун» (1974), «Қора маъбуда» (1977), «Айе» (1979), «Пул ҳукмронлиги» (1981), «Озодлик учун» (1981) ва б. бадиий фильмлар яратилди. Мамлакатда 200 га яқин кинотеатр бор. Йилига 6—8 бадиий фильм ишлаб чиқарилади.


Кирилл алифбосида мақола: НИГЕРИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Н ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты