МУҚАРНАС (араб.) — меъморий безак тури; равокли коса (уя)чаларнинг устма-уст жойлашишидан хрсил бўладиган мураккаб шакл. Меъморликда асоси 4,6,8 бурчак бўлган мехроб, тахмон, токча ва б. нинг тепа қисмини гумбаз, ярим гумбаз кўринишига келтиришда, бинолар девори билан шифти оралиғи, устунлар бошасч ва б. ни безатишда кенг қўлланилади. Дастлаб содда шаклга эга бўлган, кейинроқ мураккаб кўринишга кирган ҳамда безак мақсадларида ишлатила бошланган. Муқарнас ишланадиган жойига қараб ҳар хил мураккабликда бўлади. Эгри сиртга эга бўлган равоқчаларнинг учлари олдинга чиқарилиб, юқори қатор учун таянч хрсил қилинади. Тарвда бу равоқчалар кўпинча тенг томонли учбурчакни беради, 2 ва ундан ортиқ равоқчалар турли бурчаклар остида ўзаро бирикиб косачалар ҳосил қилади. Муқарнаснинг пастдан кўриниши ва чизмаси гириҳга ўхшаганлигидан уни ҳажми гириҳ (гириҳнинг чўзилгани) деб ҳам аталади. Гириҳ қатьий қонунга асосланганлиги учун тақсим асосини ташкил этган юлдузлар ва б. ҳандасий шаклларни наққош ўз ихтиёри билан ўзгартира олмайди; мужассамотни тенг бўлакларга бўлиб, шундан бир бўлагига такрорла-нувчи нусха (тақсим) чизади. Кенг маъ-нода Муқарнас шакли жиҳатидан бир неча кўринишга эга: шарафа, Муқарнас (тор маънодаги), калла М. ва ироқи М. Шарафа равокли косачалар қаторлари горизонтал йўналиш бўйича такрорланишидан ҳосил бўлади. Тор маънодаги Муқарнаснинг ўзи икки кўринишга эга: равокли косачалар қаторлари вертикал ўқ атрофида ичкарига қаратиб 180° (пештоқ, токча ва б. да) ва 360° (гумбазда) айлантирилиши натижасида ҳосил қилинади. Шарафалар қаторлари билан гумбаз ва ярим гумбаз қаторлари ўртасида фарқ бор, яъни шарафада косачалар қатори ўзгармайди, гумбаз ва ярим гумбаз қаторларида косачалар ўлчамлари ўзгармаган ҳолда косачалар сони пастдан юқорига томон камайиб боради. Косачалар қаторлари ташқи томонга қаратиб вертикал ўқ атрофида 360° айлантирилиши натижасида калла Муқарнас (боша) ҳосил қилинади. Муқарнаснинг энг мураккаб тури — ироқи Муқарнас ; М. нинг бошқа турларида равокли косачалар томонлари вертикал (тик) тарзда шаклланса, ироқи Муқарнасда қия бўлган ҳолда шаклланади. Ироқи Муқарнас нисбатан кейинроқ 16—17-а. ларда тарқалган.
Ўзбекистон ҳудудида Муқарнас илк бор Тим қишлоғидаги Араб ота мақбараси (997 й.)да қўлланилган. Ғиёсиддин Коший «Муфтаҳул қисоб» асари (15-а.) да Муқарнасни аниқ ва равшан таърифлаган; унинг сўзича, Муқарнас «уя(косача)лар поғона (қатор) ларидан ташкил топган ёпмадир…, у адлаъ (яъни қирра)лардан ҳосил бўлади…». Бу билан Коший Муқарнаснинг икки асосий аломати — қирра (равоқча)лар ва поғона (қатор)ларини кўрсатиб берган. Муқарнас темурийлар даври меъморлигида кенг қўлланилган. Бухородаги Мир Араб, Абдулазизхон, Самарқанддаги Улуғбек мадрасаларида, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ансамбли ва б. да Муқарнаснинг ажойиб намуналари яратилган.
Муқарнас замонавий бинолар меъморлигида ҳам қўлланади. Мас, Тошкент куранти, Навоий meampu ва б. биноларда Муқарнасдан фойдаланилган. Тошкентдаги Хотира майдонидаги калла Муқарнас, Алишер Навоий, Шаҳидлар хотираси хиё-бонларидаги гумбазлар остидаги шарафалар, Самарқанддаги Имом Бухорий меъморий мажмуи ва б. кўп биноларда Муқарнас анъаналари давом эттирилмоқда.
Хайрулла Пўлатов, Шуҳрат Рейембаев.