МЎҒУЛ ЁЗУВИ — уйғур алифбоси асосида яратилган ёзув (қ. Уйғур ёзуви). М. ё. нинг дастлабки ёдгорликлари 13-а. га мансуб: Чингизхон тошидаги ёзув (1225), элхон Арғуннинг мактуби (1289). Ёзувнинг йўналиши юқоридан пастга, қаторлар чапдан ўнгга қараб ўқилган. Белгилари полифоник хусуси-ятга эга, яъни бир белги бир неча то-вушни ифодалаган. Баъзи белгилар, сўздаги ўрнига қараб, 2 ёки 3 хил шаклга эга бўлган. Алифбо 20 та асосий ва 8 та қўшимча ҳарфлардан иборат. Уларнинг ҳаммаси уйғур алифбосидаги 14 та асосий белгининг ҳосилалари ҳисобланади. Мўғул ёзуви ўзининг пайдо бўлган давридан бошлаб, ундаги белгиларнинг полифоник хусусияти туфайли, барча мўғул қабилалари учун умумий ёзувга айланиб, 16 — 17-а. лар оралиғида унга айрим ўзгаришлар киритилган. Мўғул ёзуви Бурятия (Россия Федерацияси)да 1931 й. ғача, Монголияда 1945 й. гача (рус алифбосига ўтилгунча) қўлланган.