ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ — Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш, урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ва олдини олиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ва қисмлар. ЎзРда Мудофаа вазирлиги тизимидаги қисм ва бўлинмалар, Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровул қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбийлаштирилган қисмлари, Чегара қўшинларидан ташкил топган. ЎзР Олий Кенгашининг 1991 йил 31 авг. даги «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Баёнотида «Давлат мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида ЎзР да Мудофаа ишлари вазирлиги ва Миллий гвардия тузилади. Республика ҳудудида жойлашган собиқ СССР Ички ишлар вазирлиги, СССР Давлат хавфсизлик комитети ҳамда Ички қўшинлари ЎзР юрисдиксиясига олинади», деб кўрсатилган эди. Бу 1991 йил 31 авг. да қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги қонунда «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, Миллий гвардия ва муқобил хизматни ташкил этиш ҳуқуқига эга» деб ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу амалда ёш республикага ҳарбий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини берди.

ЎзР Президентининг 1991 йил 6 сентябр даги фармонига асосан, Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди, унинг штат тизими ва ваколатлари белгиланди. 1991 йил 10 сентябрдаги фармонга биноан, Мудофаа Вазири айни вақтда Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланди. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябр даги қарорига биноан, Мудофаа ишлари вазирлигининг ҳуқуқий мақоми, тузилиши ва низомлари тасдиқланди. Туркистон ҳарбий округи бошқарув органлари негизида Мудофаа ишлари вазирлиги Бош штаби ва бошқармалари тузилди.

ЎзРнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда 1991 йил 30 дек. даги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Кенгашининг Қуролли Кучлари ва Чегара қўшинлари ҳақидаги Минск қарори асосида 1992 йил 1 фев. дан собиқ Иттифоқ тизимидаги қўшинларни маблағ билан таъминланиши тўхтатилишини инобатга олган ҳолда ЎзР Олий Кенгаши 1992 йил 10 янв. да «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва ўқув муассасаларини Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олиш тўғрисида», 14 янв. да «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида» қарорлар қабул қилди. Унда ЎзР ҳудудида жойлашган собиқ Иттифоққа қарашли Ички ишлар ва Мудофаа вазирлигининг қисмлари, бирлашмалари, қўшилмалари, олий ўқув юртлари, ҳарбий тузилмалари мамлакатнинг қонуний тасарруфига олинади, деб белгиланди. Қарор асосида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий муассасалардаги ишчи ва хизматчилар, собиқ Иттифоқ армиясида хизмат қилган пенсионерларга ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланди. Ҳарбий қисмлар ва ўқув юртлари, муассасалар, ташкилотлар давлат томонидан моддий техника ва маблағ билан таъминланди.

1992 йил 24 мартда ЎзР Президентининг Ў«збекистон Республикаси ҳудудида жойлашган Чегара қўшинлари бўлинмалари ҳақида»ги фармони билан Республика Миллий Хавфсизлик Хизмати қошида Чегара қўшинлари бошқармаси ташкил этилди ва Ўрта Осиё Чегара қўшинлари бўлинмалари унинг тасарруфига ўтказилди.

1992 йил 18 майда «Ўзбекистон Республика ҳудудида жойлашган ҳаво десанти қўшинлари, ҳарбий транспорт авиацияси, разведка қўшинлари, таъминот қисмлари ҳақида»ги фармон билан бу қўшинлар республика тасарруфига ўтказилди. ЎзР Президентининг 1992 йил 12 нояб. даги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳаво ҳужумига қарши ҳарбий қисмлар ҳақида»ги, 13 нояб. да Ў«збекистон Республикаси ҳудудида жойлашган кимёвий ҳарбий қисмлар ҳақида»ги фармонлари билан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган мазкур турлардаги қўшинлар республика тасарруфига олинди ва сифат жиҳатидан такомиллаштирилди. Шу тарзда мустақил мамлакат Қуролли Кучларини барпо этишнинг ташкилий даври якунланди.

ЎзР ўз Қуролли Кучларини тузишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг ҳуқуқий меъёрлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хельсинки якунловчи акти, МДҲ коллектив хавфсизлик Шартномаси каби халқаро ҳужжатларнинг барча талабларига риоя қилди.

ЎзР Президентининг 1992 йил 3 июлдаги фармонига мувофиқ, Мудофаа ишлари вазирлиги Мудофаа вазирлигига айлантирилди. ЎзРнинг «Мудофаа тўғрисида», «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ҳамда «Муқобил хизмат тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди.

1993 йилнинг 22 нояб. да «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисмининг Жанговар байроғи тўғрисида»ги Президент фармони имзоланиб, Қуролли Кучлар Жанговар байроғининг ягона намунаси белгиланди. ЎзР Олий Кенгашининг 1993 йил 29 дек. даги Ўзбекистон Республикасининг «Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунига биноан, 14 янв. — Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди.

1995 йил авг. да қабул қилинган ЎзР Ҳарбий доктринаси мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги сиёсатини белгилаб берди. Минтақадаги ҳарбий сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳодда 2000 йил 3 фев. куни УзРнинг Мудофаа доктринаси қабул қилинди.

ЎзР Қуролли Кучларини барпо этишнинг ташкилий даври якунлангач, олдиндаги вазифа уни замон талаблари асосида ислоҳ қилишдан иборат бўлди. Бунда аввало қўшинлар қўлланишнинг стратегик ва тактик жиҳатидан келиб чиқиб, Қуролли Кучлар тузилиши асоси ЎзРни ҳимоя қила оладиган қўшинлар ва махсус қўшинларни тузишга қаратилди. Булар: қуруқликдаги қўшинлар; ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари; махсус ва муҳандисликқурувчилик қўшинлари; Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровул қўшинлари; Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбийлаштирилган қисмлари ва чегара қўшинлари.

Қуруқликдаги қўшинлар таркибига мотоўқчи, танкчи ва артиллерия қўшилмалар ва қисмларидан, ҳаво десанти, ҳужумчи десант, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари, тез ҳаракат қилувчи кучлар қисмлари, таъминот қисмлари ва бўлинмалари киради.

Ҳарбийҳаво кучлари Қуролли Кучларнинг энг юқори манёврланган қўшин турларидан бири ҳисобланади.

Махсус қўшинлар жанговар ҳаракатларни оператив таъминлаш масалаларини ҳал этиш учун мўлжалланган.

Қўшинларнинг ҳаракати ва манёври учун йўлларни тайёрлашда муҳандислик бўлинмаларининг тутган ўрни алоҳида. Бу бўлинмалар ғилдиракли ва занжирлик асослардаги йўлётқизгич, миналардан тозаловчи муҳандислик машиналари, кўприк қурувчилар ҳамда ўзиюрар механизациялашган кўприклар каби махсус техника турлари билан таъминланган.

Қўшинларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ҳарбий алоқа қўшинларига боғлиқ. Улар қўшинлар ва қуролларни бошқариш тизимида ахборотларни алмаштириш хизматини бажарадилар. Алоқа қўшинлари симли алоқа, радиоалоқа, махфийлаштирилган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳарбий ҳаракатларнинг боришига таъсир ўтказадилар.

Муҳандисликқурувчилик қўшинлари Қуролли Кучлар инфратузилмаси тараққиётини таъминлаш ва давлат стратегик иқтисодий дастурини бажаришга ҳисса қўшиб келмоқда. Уруш шароитида мазкур қўшинларга мудофаа биноларини, коммуникация қурилишлари ва қутқарувавария ишларини бажариш юклатилган.

ЎзР Чегара қўшинлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 24 мартидаги фармонига кўра тузилди. Чегара қўшинларига ЎзР давлат чегараларини, унинг суверенитетини ҳимоя қилиш вазифаси қўйилган. Ички ишлар қўшинларининг махсус бўлинмалари муҳим давлат объектларини қўриқлаш, махсус ҳарбий операцияларда қатнашиш, террорчиларга қарши кураш каби вазифаларни бажаради.

Уруш ҳолатида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўз вазифаларини ЎзР Миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда амалга оширади. Уларнинг биргаликдаги ҳаракатини мувофиқпаштириш учун 2000 йилда Мудофаа Вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Бирлашган Штаби тузилди.

Қуролли Кучларга Олий бошқарувни Президент амалга оширади. ЎзР Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, Президент Республика Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади.

Қуролли Кучларнинг ташкилий даврида Қуролли Кучлар ташкилийштат тузилиши такомиллаштирилди ва унга мувофиқ ҳарбий қисмлар, муассасалар ва ҳарбий ўқув юртлари ислоҳ қилинди; ҳарбий билим юртлари тармоқларини кенгайтириш ва Қуролли Кучлар академиясини барпо этиш ҳисобига миллий кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди; Қуролли Кучлар вазифаларига биноан, ҳарбий хизматчилар барча тоифасининг таълим жараёни яхшиланди; минтақадаги геостратегик вазият ва ҳарбий-сиёсий ҳолат ҳисобга олиниб, қўшинларни жойлаштириш тизими такомиллаштирилди. Бу — давлат чегараларини ҳамда халқимиз манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини яратди; замон талабига жавоб бера оладиган қўшинларни барқарор бошқариш тизими барпо этилди; ҳарбий хизматни ташкил этишнинг инфратузилмаси яратилди; ЎзРнинг Конституцияси, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида», «Мудофаа тўғрисида» қонунлари, 1996 йилда Умумҳарбий Низомлар қабул қилиниши билан Қуролли Кучларимиз ҳуқуқий базаси яратилди.

Олий Мажлиснинг 1чақириқ 14сессиясида Қуролли Кучларни, Чегара ва Ички қўшинларни ягона давлат сиёсати асосида босқичмабосқич чуқур ислоҳ этиш масалаларига қаратилди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилишда жаҳон ва давлатимиз ҳарбий ютуқлари, ҳарбий қурилишнинг илғор тажрибалари ва фанидан фойдаланилди. Жанговар вазифаларни ҳал қилишнинг янада самарали имкониятларини излаш борасида фаол иш олиб борилди. Бунда, албатта, экстремизм ва халқаро терроризм фаолиятининг фаоллашуви каби янги омилларга қарши кураш ҳам назарда тутилди. Ислоҳот шахсий таркибни маънавийахлоқий тарбиялашни, уларнинг профессионал тайёргарлигини ва қайта тайёрлашни ташкил этишнинг бутун тизимини қайтадан кўриб чиқишни кўзда тутади. У жангчиларда Ватанга муҳаббат ва садоқатни, юксак маънавий фазилатлар ва мустаҳкам иродани тарбиялашга, профессионализмни, аъло жанговар тайёргарликни таъминлашга йўналтирилган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида олиб борилган ислоҳотлар, давлат мудофаасини ташкил этиш борасида тўпланган тажрибалар асосида ЎзРнинг «Мудофаа тўғрисида»ги қонуни Олий Мажлиснинг 2чақириқ 5сессиясида 2001 йил II майда янги таҳрирда тасдиқланди.

Қонун давлат мудофаасининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоийҳуқуқий тадбирлар мажмуидан иборатлигини назарга олган ҳолда мудофаа масаласида ЎзР Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар Бирлашган штаби, ҳарбий округлар, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда мамлакат фуқароларининг давлат мудофаасини таъминлашдаги ваколатларини белгилаб берди.

Мудофаа ва Қуролли Кучларга раҳбарликни ЎзР Президенти — Республика Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони амалга оширади. Уруш шароитида ЎзР Мудофаа вазири бир пайтнинг ўзида Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг ўринбосари ҳисобланади.

ЎзРнинг Конститупиясида белгиланган тартибга кўра, Республика Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони ЎзРга ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бирбирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ҳамда ЎзРнинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади; Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонларни беради.

ЎзР Мудофаа вазирлиги ўз тасарруфидаги қўшинларга бошқарувни амалга оширади, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги давлат сиёсати юритилишини, ЎзР Мудофаа вазирлиги қўшинларининг замонавий қуроляроғлар, ҳарбий техника ва моддийтехника воситалари билан жиҳозланишини, ҳарбий ҳамкорлик кенгайтирилишини, чақирувнинг ва Қуролли Кучлар кадрлари тайёрлашнинг ташкил этилишини таъминлайди.

Қўшинларни оператив бошқарувини ташкил этиш мақсадида Ҳарбий округлар ташкил этилди. Ҳарбий округ бу — операцион йўналишларда ЎзРнинг хавфсизлигини таъминловчи асосий ҳарбиймаъмурий бирлик ҳамда умумқўшин тезкорстратегик ҳудудий бирлашмасидир. Ҳарбий округлар ташкил этилиши билан қўшинлар ва қисмларни қайта жойлаштириш амалга оширилди. Бу уларни энг муҳим стратегик йўналишларда жамлашга, ҳудудий мудофаанинг ҳақиқий тизимини шакллантиришга имкон берди. Бугунги кунда ҳар бир ҳарбий округ, йирик қисмлар ўз ўқув полигонларига эга ва уларда ҳарбий техникани бошқариш кўникмаларини ҳосил қилиш, жанговар қуроллардан отиш, артиллерия, ҳаво жангги тайёргарлиги, взвод, батальон, қисм таркибида тактик ўқув машғулотларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилди.

Ҳарбий ислоҳотлар стратегияси асосида сон жиҳатидан унча катта бўлмаган, замонавий қуроляроғ ва техника билан қуролланган армияни, жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг энг самарали усулларини эгаллаган ва ҳар қандай босқинчи кучларга қарши туришга ҳамда зарба беришга қодир бўлган тезкор, ҳар томонлама ўзига суянган ва таъминланган қисмларни тузиш асослари яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Мудофаа вазирлигининг Тошкент умумқўшин командирлари, Самарқанд автомобилчи командирмуҳандислар, Чирчиқ танкчи командирмуҳандислар, Жиззах авиация олий ҳарбий билим юртлари, Тошкент ахборот технологиялар ун-тининг махсус алоқа фти, Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти, Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактабида Қуролли Кучлар сафларига турли мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда. 1995 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси очилди. Ҳарбий касбни танловчи ёшлар учун Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳриларида ҳарбий мутахассисликларга йўналтирилган лицейлар фаолият кўрсатмоқда. Ҳарбий лицей тингловчилари 2 йил мобайнида ҳарбий кўникма тўплаб, ўзлари танлаган қўшин турлари бўйича олий ҳарбий билим юртига йўл оладилар.

Ад.: Каримов И., Миллий армиямиз — мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир, Т., 2003; Ватан ҳимояси — муқаддас бурч. Т., 2001; Армия — давлат таянчи ва тинчлик кафолати, Т., 2005.

Ислом Иноятов.


Кирилл алифбосида мақола: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ
ЭРОН
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты