ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ — Ўзбекистонда хўжалик суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи. Хўжалик судининг ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 111-моддаси ва «Судлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонуни (янги таҳрири, 2000 йил 14 дек.)да белгилаб берилган. Бунга кўра. мазкур суд Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри хўжалик судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Олий хўжалик суди ишларни 1инстанция суди сифатида, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради; Олий хўжалик суди Пленумининг тушунтиришлари хўжалик судлари томонидан бажарилишини назорат қилади, қуйи хўжалик судлари фаолиятини текширади, уларнинг иш тажрибасини умумлаштиради ва оммалаштиради. Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик суди раис, унинг 1-ўринбосари, ўринбосарлар, судлов ҳайъатларининг раислари, Олий хўжалик суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги тартибда иш олиб боради: Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми; Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсати; фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати; маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати.
Олий хўжалик суди Пленуми бир йилда камида 2 марта чақирилади, Раёсатининг мажлислари ҳар ойда камида 1 марта ўтказилади.
Олий хўжалик суди судьяларининг мақоми, уларни сайлаш ва тайинлаш тартиби қонунда кўрсатиб ўтилган.