ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ

ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ (ЎзССР), Ўзбекистон ССР — Ўрта Осиёда миллийҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида ташкил топган ва СССР таркибига кирган миллий республика (1925—91). Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси, Бухоро Халк Совет Республикаси ва Хоразм Халк Совет Республикаси ҳудудларининг, асосан, ўзбеклар ва қорақалпоқлар яшайдиган қисмларида вужудга келган. Ўрта Осиёнинг марказий қисмида жойлашган. Майд. 447 400 км2. Аҳолиси 5 млндан ортиқ (1926), 6,4 млн. (1939), 8,3 млн. (1959), 11,8 млн. (1970), 15,4 млн. (1979), 20 млн. га яқин (1989) киши. ЎзССРда ўзбеклар (14 млн. дан ошиқ), қорақалпоқлар (411 900), тожиклар (933 600), қозоқлар (808 200), қирғизлар (174 900), туркманлар (121 600) яшаган (1989). Пойтахти 1925 йил фев. дан то май ойигача Бухоро, 1925 йил майдан то 1930 йил дек. гача Самарқанд, 1930 йил охиридан Тошкент. ЎзССР ҳудуди шим. ва шим. ғарбда Қозоғистон ССР, жан. ғарбда Туркманистон ССР, жан. шарқда Тожикистон ССР, шим. шарқда Қирғизистон ССР, жан. да Афғонистон билан чегарадош бўлган.

Сиёсий тарихи ва давлат бошқаруви. Ўрта Осиёда миллийҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тугатилиб, унинг ҳудуди янги тузилган ЎзССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР (ЎзССР таркибида, 1929 йилдан Тожикистон ССР), шунингдек, Қорақирғиз (Қирғизистон) мухтор вилояти (РСФСР таркибида; Қирғизистон ССР), Қорақалпоқ мухтор вилояти (Қозоғистон АССР таркибида; кейинчалик Қорақалпоғистон АССР, 1936 йилдан ЎзССР таркибида) таркибига киритилди.

Умумўзбек советларининг Бухорода бўлган 1қурултойи (1925 йил 13—17 фев.)да «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини ташкил этиш тўғрисида декларация» қабул қилинди. Қурултойда республиканинг олий органлари: ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси ЎзССР МИК ва ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети — ЎзССР ХКС тузилган. ЎзССР маъмурий жиҳатдан 1925 йилда дастлаб 8 та вилоят (Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Хўжанд, Зарафшон, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм) ва Тожикистон АССР (1929 йилгача ЎзССР таркибида бўлган), 22 уезд ва 241 волостга бўлинган. 1926 йилда маъмурий-иқтисодий р-нлаштириш амалга оширилган. 1987 йил да ЎзССР таркибига Қорақалпоғистон АССР (1936 йилдан у ЎзССР таркибида бўлган), 12 та область (Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё), 155 р-н, 123 шаҳар, 95 та посёлка ҳамда Тошкент шаҳри кирган. ЎзССР Бутуниттифоқ советларининг 3съезди (1925 йил 13 май)да СССР таркибига киритилган. 1927, 1937, 1978 йилларда ЎзССР Конституциялари қабул қилинган.

Ресггублика сиёсий ҳаётида Ўзкомпартия (1925 йил фев. да Бухорода тузилган) етакчи роль ўйнаган. ЎзССР да ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи олий органи — ЎзССР Олий Совети (1937 йилдан) ҳамда ижро қилувчи ва бошқарувчи олий органи — ЎзССР Министрлар Совети (1946 йилдан) ҳисобланган. Давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари — 2,5 йилга сайланадиган халқ депутатларининг область, р-н, шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овул советлари бўлган. Бироқ амалда ҳокимият Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС)нинг республикадаги бўлими — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва марказ гумашталари қўлида бўлган. (ЎзКПб) эътиборини совет ҳокимиятини мустаҳкамлашга, босмачилик ва маҳаллий мулкдорларга қарши курашга, социалистик индустрлаштиришни амалга оширишга, қ. х. ни коллективлаштиришга, маданий инқилобни ўтказишга қаратган.

Ўзбекистон ССР ташкил қилинганидан сўнг республика давлат бошқаруви органлари Иттифоқ органлари тартибида ва улардан андоза олинган ҳолда тузилган. Бу иттифоқдош республикаларнинг марказдан туриб бошқаришнинг энг осон ва оддий, шу билан бирга мустаҳкам шакли эди.

Меҳнат аҳлининг энг оммавий ташкилоти — касаба уюшмалари ҳам партия қўмиталарига тўлатўкис қарам бўлиб қолган.

Мустабид тузум ёш авлодни коммунистйк руҳда тарбиялашга мунтазам эътибор қаратган. Бу ишлар билан Бутуниттифоқ ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ВЛКСМ) нинг Ўзбекистондаги органи — Ўзбекистон ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ЎзЛКСМ) шуғулланган.

Республикадаги деҳқонларни ғоявий жиҳатдан бирлаштириб турган ташкилотлардан бири «Қўшчи» иттифоқи бўлган (1920—33 йилларда фаолият кўрсатган). 1924 йилда 200 минг кишини ўзига бирлаштирган бу иттифоқ ҳам аста-секин большевикларнинг қишлоқдаги мустабид сиёсати тарғиботчисига айланган. Қишлоқ камбағалларининг энг қашшоқ қисмини ўзида бирлаштирган бу ташкилот коллективлаштириш (жамоалаштириш) ва «қулоқлаштириш» даврида салбий роль ўйнади.

ЎзССРда большевиклар томонидан амалга оширилган «социалистик тажриба» маҳаллий халқ томонидан норозилик билан қарши олинди. Совет ҳокимиятининг дастлабки 10 йилликларида миллий раҳбар ходимлар ва зиёлилар томонидан марказнинг зўравонлигига қарши очиқ танқидий фикрлар айтилган. Мухолифат айрим давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, маориф ходимлари ва ҳуқуқшуносларни ўзаро бирлаштирган эди.

Совет режими даставвал мавжуд тузумга мухолифатда турганларга қарши репрессия сиёсатини амалга оширган бўлса, 30-й. лардан бошлаб ўз халқига нисбатан оммавий террорни қўллади.

20-аср 20-й. ларининг 2-ярми ва 30-й. лар бошида ЎзССРда «Ўн саккизлар гуруҳи», «иноғомовчилик», «қосимовчилик», «бадриддиновчилик», «миллий иттиҳодчилар», «наркомпрос иши» каби сиёсий ишлар тўқилиши ва Мунавварқори бошчилигидаги миллий зиёлиларнинг қамоққа олиниши натижасида ўзбек халқининг кўплаб асл фарзандлари қатағон қилинди. Москвада бўлиб ўтган суд мажлисидан кейин Мунавварқори бошчилигидаги 15 киши отиб ташланди, қолган 70 киши эса узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди (1931 йил апр.).

30-й. лар ўртасига келганда бутун мамлакатда бўлгани сингари ЎзССРда ҳам оммавий қатағонлар авж олди.

Республикадаги аксарият сиёсий раҳбарлар 1937—38 йилларда «миллатчилик ва совет ҳокимиятига қарши кураш олиб бориш»да, шунингдек, қуролли қўзғолон кўтаришни тайёрлашда айбланди. Ф. Хўжаев, А. Икромов, С. Сегизбоев, А. Каримов каби сиёсий раҳбарлар қатл этилди.

ЎзССР жамиятнинг барча табақаларига ёйилган ҳибсга олиш тўлқини остида қолди. Давлат ва жамият арбоблари, хўжалик раҳбарлари ва оддий кишилар билан бир қаторда миллий зиёлилар оммавий равишда қатағон қилинди. 20-аср ўзбек адабиётининг арбоблари; Фитрат, Чулпон ва Абдулла Крдирий ва бошқалар отиб ташланди.

1937—39 йилларда тўқиб чиқарилган сохта айбловлар бўйича Ўзбекистонда 41 мингдан ортиқ киши ҳибсга олиниб, улардан 37 мингдан ортиғи жазоланди, 6 920 киши эса отиб ўдциришга ҳукм қилинди. Умуман олганда, 1937—53 йилларда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) тройкаси (учлиги) томонидан 100 мингдан ортиқ киши қатағон қилинди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди. 1936—40 йилларда фақат давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар ва олимлардан 5 758 киши қамоққа олиниб, улардан 4 811 киши отиб ўлдиришга ҳукм қилинган эди.

1925—29 йилларда Ўзбекистонда ерсув ислоҳоти амалга оширилди. Бу ислоҳот жойларда шартшароитлар ва тайёргарлик даражасига қараб 3 босқичда ўтказилди (қ. Ўрта Осиёда ерсув ислоҳоти). Кейинчалик қ. х. ни коллективлаштириш амалга оширилиб, кз ва сзлар тузилди. Бироқ шўролар ҳокимияти ўзига тўқ деҳқон хўжаликларини «қулоқ» («муштумзўр») сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган (қ. Қулоқлаштириш).

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ЎзССРдан 1,5 млн. киши фронтга кетган, улардан 450 мингдан ортиқ киши жанг майдонларида ҳалок бўлган. Фашистлар босиб олган ҳудудлардан Ўзбекистонга 1 млн. дан ортиқ киши, жумладан, 200 минг бола эвакуация қилинди. Ўзбек халқи яна бир бор ўзининг гуманизми ва бағри кенглигини кўрсатди.

Ўруш йилларида миллий сиёсатда кечириб бўлмас зўравонликка йўл қўйилди. 1943—44 йилларда қалмоқлар, қримтатарлар, чеченлар, ингушлар, немислар, қорачойлар, греклар, месхети турклари, болқорлар ўз тарихий ватани ёки доимий яшаш жойларидан мамлакатнинг шарқий ҳудудларига кўчириб юборилди. Қримдан 151 604 қрим татарлари, Грузиядан 110 минг месхети турклари, Шим. Кавказдан 175 минг чечен, 20 мингдан ортиқ ингуш, 4 500 болқор, армани ва греклар ЎзССРга кўчирилди. Кўчириб келтирилганлар орасида бошқа халқларнинг вакиллари ҳам оз эмас эди. Уларга маҳаллий ҳокимият ва ўзбек халқи томонидан катта ёрдам кўрсатилди. Жумладан, уйжой ва ер сотиб олиш учун тегишли миқдорда қарз ажратилди, озиқовқат билан ёрдам кўрсатилди. Махсус кўчириб келтирилганларнинг кўпчилиги кз ва сзларга ишга жойлашдилар, кейинчалик Мирзачўлни ўзлаштиришда иштирок этдилар. Уруш йилларида ЎзССР қ. х. аҳли энг мураккаб ва оғир шароитларда меҳнат қилиб, давлатга 4 148 000 т пахта, 82 млн. пуд ғалла, 54 067 т пилла, 195 минг т шоли, 57 444 т ҳўл мева, 36 минг т қуруқ мева, 159 300 т гўшт, 22 300 т жун ва бошқалар маҳсулотларни етказиб бердилар. Бу фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшилган муносиб ҳисса эди. Урушда вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклашга ёрдам бериш учун кўплаб ўзбекистонликлар РСФСР, Украина ССР, Белоруссия ССР ва бошқалар республикаларга жўнатилди.

Уруш тугагач, орадан кўп ўтмай ЎзССР бўйлаб яна бир ялпи қирғин тўлқини елиб ўтди. 20-асрнинг 40-й. лари охири ва 50-й. лари бошидаги қатағонлар, асосан, маданият ва фан арбобларига қарши қаратидди. Ўзбекистон Компартияси МК марказнинг йўлйўрикларига таянган ҳолда дунёқараши ва ижоди партия мафкурасидан фарқ қиладиган ижодий зиёлилар вакилларига қарши ҳужум бошлади. Ёзувчи ва шоирлардан Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Миркарим Осим, Ҳамид Сулаймонов, шунингдек, Муҳиддин Қориёқубов 1951 йилда «советларга қарши миллатчшгик фаолияти» олиб борганликда айбланиб қамоққа олиндилар ва 25 йил озодликдан маҳрум этиддилар. Ўзбек халқининг фахри хисобланган Ойбек бадном қилинди.

20-асрнинг 50—80-й. ларида ЎзССРда турли саноат корхоналари қурилган, янги шаҳар ва посёлкаларга асос солинган. Мирзачўл, СурхонШеробод ва бошқалар чўлларнинг ўзлаштирилиши натижасида экин майдонлари кенгайган. Халқнинг турмуш даражаси муайян даражада яхшиланган, бироқ маънавиятга кучли зарар етказилган. Айниқса, Ўзбекистон иқтисодиёти марказ манфаатларига бўйсундирилган. СССРнинг аграр республикаларидан бирига айланган ЎзССРда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилган. 20-асрнинг 60-й. ларида Орол денгизининг қуриши бошланди ва у минтақадаги экологик муҳитга жиддий зарар етказди.

ЎзССР Конституциясида ЎзССР Совет Иттифоқи таркибидаги тенг ҳуқуқли суверен республика сифатида ўз ҳудудида давлат ҳокимиятини мустақил равишда амалга оширади, чет давлатлар билан алоқа боғлаш, улар билан шартномалар тузиш ҳамда дипломатик ва консуллик вакиллари айирбошлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга деб белгилаб қўйилган бўлса ҳам, амалда Ўзбекистоннинг ҳуқуқи РСФСР таркибидаги областлар ёки автоном республикалар ҳуқуқи билан тенглаштирилиб қўйилган эди. Юқори лавозимдаги кадрларни тайинлаш ёки олиб ташлаш марказдан туриб ҳал қилинар эди.

20-асрнинг 80-й. лари бошларига келганда совет режими, унинг сиёсий тизими ва хўжалик юритиш усуллари ўзининг ривожланиш имкониятларини тугата бошлайди. ЎзССР иқтисодиёти ҳам, катта хом ашё ва табиий бойликлар захирасига эга бўлишига қарамасдан, СССРнинг марказий ҳудудларидан жуда тез ортда қола бошлаган.

ЎзССРнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида 1984 йил 23 июнда бўлган Ўзбекистон Компартияси МК 16пленуми машъум роль ўйнаган. Москва ташаббуси ва кўрсатмаси билан ташқил қилинган бу пленумда қабул қилинган ҳужжатлар ЎзССРда ўзбек халқини асоссиз бадном этиш компаниясини бошлаб берди.

СССР Бош проқурори ҳузурида алоҳида муҳим ишлар бўйича махсус 12 кишилик терговчилар гуруҳи тузилиб, 1983 йилдаёқ ЎзССРга юборилган эди. Улар кейинчалик марказдан республикага келган «десантчилар»га таяниб, Ўзбекистонда навбатдаги қатағонни амалга оширди.

ЎзССРда пахта тайёрлаш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ жараёнлардаги «қўшиб ёзиш», «ўғрилик», «кўзбўямачилик», «порахўрлик» ва ҳ. к. ни (аслида бундай молиявий жиноятлар ва қинғирликлар бутун СССР ҳудудидаги иқтисодиётда чуқур илдиз отиб келган эди) тергов қилувчи Гдлян ва Иванов гуруҳининг талаби билан республикадаги жамоа хўжаликлари раислари ва сз директорларининг 60%, қ. х. етакчи мутахассисларининг 45%, пахтачилик бригада бошлиқларининг 35%, шунингдек, кўплаб раҳбарлар, вилоятлар ва туманлар партия комитети котиблари, республика миқёсидаги партия, совет ва хўжалик раҳбарлари ўз вазифаларидан олиб ташланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

1983—90 йилларда ЎзССРда «пахта иши» деган уйдирма бўйича жами 40 минг киши тергов қилинди, 5 минг киши эса сохта айблар билан жиноий жавобгарликка тортилди. Тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари топталиб, тутқунларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилди. Уларнинг оила аъзолари ва қариндошуруғлари ҳам қамоққа ташланди.

ЎзССР ва ўзбек халқига нисбатан қилинган ушбу қатағон ва ёвузликлар халқ оммасини совет режимига нисбатан нафратини оширди, тузумга бўлган муносабатини кескин ўзгартирди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда республикада мустақиллик учун кураш кучайди. Ўзбек халқи ўзининг миллий руҳи, озодлик ва келажакка бўлган ишончини йўқотмай, мустақиллик пойдеворини қийинчилик билан бўлсада, аста-секин қўйиб борди. Мустақилликка ишонч 1990 йил 20 июнда ЎзССР Олий Совети «Мустақиллик декларацияси»ни қабул қилганида яққол намоён бўлди. 1991 йил 31 авг. да «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида» қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон мустақилликка эришди.

Иқтисодий ва маданий ҳаёт. Ўзбекистоннинг совет даври тарихи муайян йўқотишлар ва фожиалар билан биргаликда катта қурилишлар ва саноат корхоналари бунёд этилган давр ҳамдир. Айнан шу даврда ўзбек халқи ўзининг фидокорона меҳнати билан ЎзССРни Шаркдаги замонавий қ. х. республикасига айлантирган эди. Бу йилларда иқтисодиёт, маданият, маориф, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот соҳаларида муайян ютукларга эришилди.

ЎзССРда 1925—26 йилларда ишчилар сони 11 900 кишига етди. Уларнинг 29,3% ни маҳаллий миллат вакиллари ташкил этарди. Ўзбекистон учун саноат қурилишини кенг суръатда жадаллаштириш ниҳоятда зарур эди. Чунки республика иқтисодиёти 20-асрнинг 30-й. лари бўсағасида ҳам аграр хусусиятга эгалигича қолаётган эди. 1927 йилда ЎзССР халқ хўжалигида қ. х. нинг салмоғи 62,6%, саноатнинг салмоғи 37,4% ни ташкил этар, шу билан бирга саноат ишлаб чиқаришнинг 90% қ. х. хом ашёсини қайта ишлашга асосланган эди. Иқтисодиёт хом ашё йўналишида бўлганлиги сабабли ЎзССР саноати фақат бир томонлама ихтисослаштирилаётган эди: унинг 2/3 қисмига яқини пахта тозалаш саноати ҳиссасига тўғри келарди, у бутунлай метрополия эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиларди, унинг бошқа тармоқлари ўз ҳолича ривожланиб, умуман, СССР иқтисодиёти билан заиф боғланган эди.

Биринчи 5 йиллик даври (1928 — 32) да ЎзССРда 289 та саноат корхонаси қурилди ва ишга туширилди, 79 та корхона қайта ташкил этилди, саноатнинг асосий ишлаб чиқариш фондлари 3 баравар, нефть қазиб чиқариш 2,5 баравар, металл ишлаш саноати маҳсулотлари 6 баравар, цемент ишлаб чиқариш 3,5 баравар ортди. Енгил саноатнинг кўнчилик, пойабзал ишлаб чиқариш, тикувчилик соҳалари ва ипгазлама ишлаб чиқариш суръатлари ошиб борди. Ана шу даврда Ўрта Осиёда пахтачилик машинасозлик саноатининг тўнғичи бўлган «Ташсельмаш» ва Қувасой цемент з-ди барпо этилди. «Чирчиққурилиш», Тошкент тўқимачилик комбинати қурилиши тез суръатлар билан олиб борилди. Фарғона тўқимачилик ф-каси ва ёғ з-ди, Бухоро, Тошкент ва бошқалар шаҳарларда тикувчилик фкалари ишга туширилди.

Саноатнинг ривожлантирилиши энергетика базасини кенгайтиришни талаб қиларди. Фарғона, Самарқанд, Тошкент ва бошқалар жойларда янги электр стялари қурилди. 1932 йилда барча электр ст-яларининг сони 1928 йилдаги 16 та ўрнига 49 тага етди, электр қуввати ишлаб чиқариш эса 7 баравардан зиёдроқ ошди.

Иккинчи 5 йиллик даври (1933 — 37) да ЎзССРда барпо қилинадиган саноат корхоналари маҳаллий шароит ва миллий манфаатларни эмас, балки марказ эҳтиёжларини ҳисобга олиб режалаштирилган эди. Мас, Чирчиқдаги азотли ўғитлар з-ди ва Тошкент тўқимачилик ктини барпо этишдан мақсад Ўрта Осиё минтақасида пахтачиликни ривожлантиришдан иборат бўлган. Умуман иккинчи 5 йиллик даврида 189 та турли саноат корхоналари ва электр ст-ялари барпо этилди. Улар орасида Фарғонадаги йигириштўқиш ф-каси, Хавдоғ ва Учқизил нефть конлари, Тошкент матбаа кти, Қўқон суперфосфат з-ди, Бухородаги иссиқлик электр ст-ялари, Қодирия ва Бўржар ст-ялари, Тошкент локбўёқ з-ди ва бошқалар бор бўлиб, улар, асосан, Иттифоқ эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилган.

Урушдан олдинги учинчи 5 йиллик даври (1938—42)да саноат ривожланишида силжиш кузатилди. Урушнинг бошланишига келиб, ЎзССРда 134 та саноат корхонаси қўшимча равишда ишга туширилди. Улар орасида Чирчиқ электркимё кти, Тошкент тўқимачилик ктининг 2 навбати, Мўйнокдаги йирик балиқконсерва з-ди бор эди. Чирчиқ ГЭС, Олмалиқ мис эритиш кти, Қувасой ГРЭСи, Товоқсой ва Самарқанд ГЭСларини қуриш, Ангрендаги кўмир конини ишга тушириш жадал суръатлар билан борди.

Уруш бошланиши вақтига келиб республиканинг саноат потенниали 1445 та йирик ва ўрта саноат корхоналарини ҳамда 19 мингта майда корхоналарни ўз ичига олган. И. ч. воситаларини ва истеъмол буюмларини ишлаб чиқарадиган тармоқлар ўртасидаги нисбат жиддий равишда ўзгарди. Йирик саноат салмоғи 1928 йилдаги 16,3%дан 1940 йилда 32,8% га кўтарилди.

Саноатни кадрлар билан таъминлаш жараёни зиддиятли хусусиятга эга бўлди. Умуман, шиддатли индустрлаштириш суръатлари ишчилар ва муҳандистехник кадрлар билан таъминлашнинг миқдор жиҳатидан ўсишига объектив шароит яратди. Мас, йирик саноатда ишчилар синфининг сони биринчи 5 йилликдаги 17,9 мингдан 62,4 минг кишига етди ёки деярли 3,5 баравар ортди. 1937 йилга келиб саноат ишчиларининг умумий миқдори 181 минг кишидан иборат бўлган. Лекин улар орасида маҳаллий миллат вакиллари озчиликни ташкил қилган.

Совет давлатининг сиёсий раҳбарияти, халқ хўжалигини бошқаришда ўзлари йўл қўйган хато ва камчиликлар натижасида юзага келган йўқотишлар ўрнини маъмурийбуйруқбозлик орқали мажбурлаш ва юқоридан ташкил қилинган «социалистик мусобақа», «зарбдорлик», «стахановчилик» ва бошқалар бир қатор ишчилар ҳаракатлари воситасида «омманинг инқилобий ғайратшижоати»ни авж олдириш билан қоплашга интилди.

ЎзССР Иттифоқ пахта хом ашёсини етказиб берувчи асосий республика ҳисобланган. Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг асосий қисми Россиянинг тўқимачилик фабрикаларига қайта ишлаш учун юборилган ва чет элларга экспорт қилинган. Ўзбекистон саноати, асосан, қ. х. эҳтиёжларига хизмат қилишга йўналтирилган эди. Саноатда қ. х. маҳсулотларига дастлабки тарзда ишлов берадиган тармоклар асосий ўринни эгаллайди. Республика хом ашёсининг пировард маҳсулоти Иттифоқ саноат марказларида ишлаб чиқарилар, бинобарин, фойданинг асосий қисми ҳам ўша ерда қоларди. Шунингдек, Бухоро — Урал ва дунёда энг узун Ўрта Осиё — Марказ газ қувурлари орқали Ўзбекистоннинг табиий гази РСФСР ва Шарқий Европа давлатларига жўнатилган. Лекин республикадаги шаҳар ва қишлоқларнинг аксарият қисми газлаштирилмаган эди. Ўзбекистонда қазиб олинган олтин, уран ва бошқалар нодир металларнинг экспортидан келган валюта марказнинг хазинасига тушган. Республикада ишлаб чиқарилган саноат ва қ. х. маҳсулотлари 42 та мамлакатга экспорт қилинган, лекин Ўз ССР чет эллар билан алоқа ўрнатиш, хорижий фирмалар ва компаниялар билан бевосита иқтисодий шартномалар тузиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Бундай ваколат фақат марказдаги Иттифоқ министрликлари ва идоралари зиммасида бўлган.

ЎзССРда большевиклар партияси томонидан 20-асрнинг 20-й. лар охири — 30йлар бошида амалга оширилган «маданий инқилоб» миллий маданиятга қаттиқ зарба берди. Марказ томонидан ўзбек халқининг минг йиллик урфодатлари ва асрий қадриятлари зарарли деб ҳисобланиб, улар ман этилди. 1929 йилда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти акс этган араб имлосига асосланган ўзбек ёзуви лотин, 1940 йилда эса кирилл имлосига алмаштирилди. Ислом дини ва унинг қадриятлари оёқости қилинди. Ўзбек тили 2даражали тилга, рус тили эса давлат ва асосий муомала тилига айлантирилди. Бироқ бундай ҳолатларга қарамасдан совет даврида маданият соҳасида муайян ютуқларга ҳам эришилди. Саводсизликни тугатиш ишлари олиб борилди, педагогик ва илмий кадрлар тайёрлаш мақсадида янги мактаблар, техникумлар ва интлар очидди. Мафкуравий тазйикларга қарамай, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир каби ёзувчи ва шоирлар, Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов, Яҳё Ғуломов каби олимлар, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалима Носирова, Тамарахоним каби санъаткорлар етишиб чиқци.

ЎзССР Халқ Комиссарлари Советининг раислари: Ф. Хўжаев (1925— 37), А. Каримов (1937), ССегизбоев (1937 — 38), А. Абдураҳмонов (1938—46 йилгача); ЎзССР Министрлар Советининг раислари: А. Абдураҳмонов (1946 — 50), А. Мавлонов (1950—51), Н. Муҳитдинов (195153; 195455), У. Юсупов (195354), С. Камолов (195557), М. Мирзааҳмедов (195759), О. Алимов (1959 — 61), Р. Қурбонов (196171), Н. Худойбердиев (197184), Ғ. Қодиров (198489), М. Мирқосимов (198990). ЎзССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг раиси: И. Каримов (1990 йил 1 нояб. дан).

Ўзбекистон Компартияси МКнинг 1котиблари: В. Иванов (1925 — 27), Н. Гикало (1929), А. Икромов (1929 — 37), У. Юсупов (193750), А. Ниёзов (195055), Н. Муҳитдинов (195557), С. Камолов (195759), Ш. Рашидов (195983), Н. Усмонхўжаев (198388), Р. Нишонов (1988—89), И. Каримов (198991).

ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси: йил Охунбобоев (1925—37 йилгача); ЎзССР^Олий Совети Президиуми раислари: йилОхунбобоев (1937—43), А. Мўминов (1943 — 47), А. Ниёзов (194750), Ш. Рашидов (195059), Ё. Насриддинова (1959—70), Н. Матчонов (1970—78), И. Усмонхўжаев (197883), О. Салимов (1983—86), Р. Нишонов (198688), П. Ҳабибуллаев (198889), М. Иброҳимов (1989—91), ЎзССР Олий Совети раиси: Ш. Йўлдошев (1991 йил 12 июндан).

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Азизхўжаев А., Мустақиллик: курашлар, изтироблар, қувончлар, Т., 2001; Алимова Д. А., Голованов А. А., Ўзбекистон мустабид совет тузуми даврида: сиёсий ва мафкуравий тазйиқ оқибатлари, Т., 2000; Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари, Т., 2001; Ўзбекистон тарихи (1917—1991 йил), Т., 2002; Шамсутдинов Р., Қишлоқ фожеаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун, Т., 2003.

Қаҳрамон Ражабов, Баҳодир Пасилов.


Кирилл алифбосида мақола: ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ
ЎЗБЕКЛАР
ЭРОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты