ЎЗБЎЙ (Узбўй, Ғарбий Ўзбўй) — Туркманистоннинг шим. ғарбидаги чўлда жойлашган қадимий дарё водийси. Сариқамиш чўкмасининг жан. чеккасидан бошланиб Каспий денгизининг Болхон қўлтиғигача чўзилган. Унда шўрхок, ботиқ ва кўллар кўп. Водийнинг тубида шаклланган эски ўзан меандрлар ҳосил қилган. Шим. ғарбда Қорақум чўлига туташган. Ўзбўйнинг уз. 550 км, барча тирсаклари билан 775 км. Эни ҳар ерда ҳар хил. Баъзи жойларининг эни 4—6 км, чуқ. 20—30 м. Айрим жойларда водий 100— 200 м гача торайиб, ён бағирлари тик тушган дара кўринишида. Бундай жойларда унинг чуқ. 40—50 м. Ў. нинг чап қирғоқ томони қадимий (плиоцен ва қуйи тўртламчи давр) Амударёнинг қумгилли ётқизиқлари устида шаклланган Пастқам Қорақумга тўғри келади. Ўнг қирғоқ томони эса бу жиҳатдан мураккаброқ тузилган. Бу ерда оқим бўйлаб, ўзининг геологик ва рельеф тузилиши билан фарқланадиган Қоплонқир, Учтаганқум, Чилўнгқир, Такажик, Чилмамедқум каби ҳудудлар бор. Улардан жан. ғарбда Ў. Катта Болхон ва Кичик Болхон тизмалари оралиғидаги Болхон йўлагидан ўтади ва Келкор шўрхогига келиб туташади. Бу шўрхоклик Оқтом қуруқ ўзани орқали Каспий денгизининг Болхон қўлтиғи ўрнида ҳосил бўлган шўрхоклар билан қўшилиб кетади. Водийнинг ўзани Сариқамиш ботиғидан Каспий денгизи томон 75 м га пасаяди. Ўзбўй қадимда дарё ўзани бўлиб, унда Амударё сувининг бир қисми оқиб турган. Ўзанда поғоналар — эски шаршараларнинг қолдиқлари бор; ўзан бўйлаб терраса (қўҳна қайир) лар чўзилган. Ўзбўйда саксовул, кўллар яқинида юлғун, қамиш ўсади. Ясхан кўли атрофида йирик чучук ер ости суви ҳавзаси топилган, ундан Болхонобод (аввалги Небитдоғ) га сув қувури ўтказилган.
Антик давр (Геродот) ва ўрта аср муаллифлари (Муқаддасий, Ҳамдаллаҳ Қазвиний, Ҳофизи Абру, Абулғозий) Ўзбўйни Амударёнинг Каспий денгизига қуйиладиган тармоғи деб ҳисоблаганлар. 19-аср охири — 20-аср бошлари ва 2-ярмида Ўзбўйнинг пайдо бўлиши масаласи билан географ, геолог ва тарихчилар шуғулланганлар (В. В. Бартольд, А. С. Кесь, С. П. Толстов ва бошқалар). 1947, 1950 — 54, 56 йил ларда Ўзбўйнинг археологияси ўрганилган. Мил. ав. 4-минг йилликдан 1-минг йилликнинг 1-ярмигача Ўзбўй бўйлаб Сариқамиш кўли орқали Каспий денгизига сув оққанлиги аниқланган. Археологик текширишлар натижасида Ўзбўй қирғоқларидан кўплаб неолит манзилгоҳлари, бронза даврига хос сопол идишлар, шунингдек, мил. ав. 7—5-аср ларга оид манзилгоҳлар топилган.
Мил. ав. 1-минг йилликнинг ўрталарида Ўзбўй бўйлаб сув оқмай қўйган. Археологик ва тарихий маълумотлар ўрта асрларда ҳам Ўзбўйда 2—3 марта, гарчи қисқа муддатли бўлса ҳам, сув оққанлигидан дарак беради. 10—13-аср ларда Ўзбўйда Хоразмдан Хуросонга ўтган карвон йўли ва кўп карвонсаройлар, сардобалар бўлган. Ўрта Осиёнинг чўлли ҳудудларида фақатгина қисқа давр мобайнида сув оққан ёки умуман сув оқими тўхтаган қуруқ ўзанлар ҳам Ўзбўй деб аталади.
ЛЛ:Толстов С. П., По древним дельтам Окса ваЯксарта, М., 1962; Кесь А. С., Русло Узбой и его генезис («Тр. Инта географии АН СССР», М. Л., 1939, т.30).
Шуҳрат Зокиров.