ОЛАМУШУК АДИРИ — Фарғона бо-тиғининг жан.-шарқий қисми (Андижон вилояти ҳудуди)да жойлашган адир. Жан. ва жан.-шаркда Ўш-Аравон адирорти ботиғи, ғарбда Аравон — Шаҳрихон ёй-илма конуслари орасида. Ғарбда Андижон адири билан туташган, шим. да Қорадарёга яқинлашади. Оламушук адири жан.ғарбдан шим.-шарққа 15 км масофага чўзилган, эни 300—700 м, энг баланд жойи 919 м. Атрофидаги текисликлардан 300—400 м га кўтарилган, жан.-шарқий ён багри тикроқ.. Ён бағирлари кўплаб қуруқсойлар ва жарликлар билан кесилган. Тектоник жиҳатдан брахиантиклиналь структура. Палеоген, неоген ва тўртламчи давр конгломерати, лойтош, қумтош, қумоқ жинслардан ташкил топган. Улар қуйи ерларда қалин лёссимон жинслар б-н қопланган, рельефи текисроқ. Адирнинг қуйи қисми тўртламчи даврда содир бўлган янги тектоник харакатлар натижасида кўтарилган. Иклими қурғоқчил, ёзи иссиқ, йиллик ёғин 20—300 мм. Тупроғи бўз тупроқ. Ранг, кўнғирбош, шайтонковуш каби ўсимликлар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қўшоёқ, бўрсиқ, жайра, тулки, каламуш, калтакесак, илонлар ва б. учрайди. Табиий бойликлардан нефть, табиий газ, олтингугурт бор. О. а. ерлари яйлов сифатида ҳам фойдаланилади.