ЎТКИР РЕСПИРАТОР КАСАЛЛИКЛАР

ЎТКИР РЕСПИРАТОР КАСАЛЛИКЛАР — вируслар қўзғатадиган, келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш ўткир инфекцион касалликларнинг умумий номи. Нафас йўллари (бурун, ҳиқилдоқ, кекирдак, бронхлар) шиллиқ пардалари, кўз шиллиқ пардаси — конъюнктивага зарар етиши билан кечади. Ўткир респиратор касалликларнинг қўзғатувчиларига аденовируслар, парагрипп вируслари, риновируслар ва бошқалар киради. Ўткир респиратор касалликларнинг айрим (спорадик) гуруҳлари кўпроқ кузатилади, лекин улар аҳолининг бутун бир гуруҳини ҳам қамраб олиши мумкин (қ. Эпидемия). Ҳар қандай вирусли инфекция бемордан ҳавотомчи (гаплашганда, аксирганда, йўталганда) йўли орқали юқади. Касаллик қўзғатувчи вируслар юқори нафас йўлларига (бурун, ҳиқилдоққа) тушади, шиллиқ парда (эпителий)нинг ташқи қаватидаги ҳужайраларга кириб, уларни емиради, бунда қўзғатувчиларнинг бир қисми нобуд бўлиб, заҳарли модда (эндотоксин) ажратади ва организмни заҳарлайди (интоксикация). Вирус сақловчи пўрсилдоқ ҳужайралар кўчиб тушади ва бемор гаплашганда, йўталганда, акса урганда тупук, бурун шиллиғи ва балғам билан ҳавога тушиб, атрофдагиларга юқади. Касаллик уй анжомлари (идиштовоқ, сочиқ, ўйинчоқлар ва ҳ. к.)дан ҳам юқиши мумкин. Ўткир респиратор касалликларни шартли равишда мавсумий касалликлар деб аташ мумкин, чунки бу гуруҳ касалликлар кеч куз ва қишда кўпроқ кузатилади.

Аденовирус касалликларга аденовируслар сабаб бўлиб, улар антибиотиклар таъсирига чидамли, паст трада узоқ сақланади. Ультрабинафша нурлар, формалин ва фенолнинг 5% ли эритмаси таъсирида нобуд бўлади. Организмга кирган аденовируслар 3 — 14 кун давомида (ўртача 5—7 кун) касаллик белгиларини пайдо қилмайди (қ. Инкубацион давр). Одатда, у аста-секин бошланади, беморнинг аҳволи ёмонлашади, интоксикация белгилари пайдо бўлади, иситма кўтарилади, дармонсизлик, бўшашиш, бош оғриғи, кўнгил айниши, баъзан қусиш аломатлари рўй беради. Касаллик гриппга ўхшаб бирдан бошланиши ҳам мумкин. Қатор ҳолларда иситма кўтарилиши билан бирга, одатда, узоқ муддатли тумов пайдо бўлади, қовоқлар қизаради, кўздан ёш оқади, ютинганда томоқда оғриқ сезилади. Бошқа ҳолларда азоб берадиган қуруқ йўтал, товушнинг бўғилиб қолиши, ҳаво етишмаслиги қузатилади (қ. Бўғма). Баъзан меъдаичак фаолияти бузилади (тез-тез сувдек ич кетади). Беморни уйда бошқалардан ажратиб қўйилади. Албатта врач чақириш ва унинг буюрганларини қатъий бажариш лозим.

Парагрипп касалликларни парагрипп вируслари қўзғатади, улар 1—3 кундан кейин хона ҳароратида ўз фаоллигини йўқотади, лекин 4° трада яхши сақланади. Касалликнинг инкубацион даври 1—6 кун. Касаллик дармонсизлик, бир оз тумов ва йўтал билан бошланади: гавда т-раси сал кўтарилади, товуш бўғилиб қолади, томоқ ачишиб, бемор қувқув йўталади. 1—3 яшар болаларда шиллиқ парда шишиши сабабли ҳиқилдоқ тораяди (стеноз), бунда нафас олиш тўсатдан қийинлашади. Бемор уй шароитида врач назоратида даволанади. Чақалоқларда ва бир яшар болаларда ўпканинг яллиғланиши (зотилжам), ўрта қулоқнинг яллиғланиши (қ. Отит) кузатилиши мумкин. Бундай ҳолларда болалар касалхонада даволанади.

Риновирус касалликларни риновируслар (бурун вируслари) қўзғатади. Касалликлар камданкам ҳолларда йил бўйи учраб туради, эпидемиялар бўлмайди. Инкубацион даври 2—3 кун. Дармонсизлик, гавда трасининг бир оз кўтарилиши, бош оғриши, бурундан йиринг аралаш шилимшиқ (сариқяшил рангли) келиши, тумов, йўтал кузатилади. Чақалоқ ва гўдаклар бу касалликка берилувчан бўлади, касаллик уларда оғир ўтади ва турли асоратлар қолиши мумкин.

Респиратор — синцитиал вирусли касалликни синцитиал вирус келтириб чиқаради, у хона ҳароратида тез ҳалок бўлади. Гавда т-раси 38 — 39° гача кўтарилади, йўтал, тумов пайдо бўлади. Бронхит бўлиши мумкин. 1 ёшгача бўлган болаларда кўпинча оғир зотилжам кузатилади, бунда болалар касалхонада даволанади.

Ўткир респиратор касалликлар билан оғриган беморни уйда даволаганда алоҳида хонага ётқизилади. Беморни парвариш қилаётган оила аъзолари оғизбурнига дока ниқоб тақиб юришлари керак. Касал ётган хонани тез-тез шамоллатиб, кўрпаёстиқ жилди, чойшабни мунтазам алмаштириб туриш зарур. Беморнинг ҳарорати кўтарилгудек бўлса, уни яхшилаб ўрабчирмаб, лимон, малина солинган иссиқ чой бериш, иложи борича кўпроқ суюқлик (чой, морс, компот, шарбат ва ҳ. к.) ичириш лозим. Овқат енгил ҳазм бўладиган ва оқсилга бой (бульонлар, гўштли ва балиқдан қилинган котлетлар, творог, сабзавотлар, ҳўл мевалар) бўлиши зарур. Бемор учун алоҳида идиштовоқ тутиш лозим. У ётган хонани ва мебелни кунига икки маҳал нам латта билан артиб турилади. Ўткир респиратор касалликларнинг олдини олиш тўғрисида қ. Грипп.


Кирилл алифбосида мақола: ЎТКИР РЕСПИРАТОР КАСАЛЛИКЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Сплин - Вирус
Сплин - Вирус
ИНФЕКЦИОН КАСАЛЛИКЛАР
ИБН СИНО


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты