ЎҒУЗЛАР (араб. ва форс. ғузлар, гузлар) — туркийзабон қабилаларнинг 2 гуруҳи.
1) Тўққуз Ўғузлар қабила иттифоқи; 8-аср урхуненисей ёзувларида қайд этилган. 7-аср бошида Турк хоқонлиги таркибида пайдо бўлган. 744—45 йилларда Турк хоқонлиги тормор этилгач, ҳоз. МХР ҳудудида ўз давлатларини тузган уйғурлар қабила иттифоқида етакчи мавқега эга бўлишган. 840—866 йилларда қирғизлар томонидан сиқиб чиқарилган тўққуз Ўғузлар ҳоз. Синьцзян ва Ганьсу вилоятига кўчиб ўтишган, Ганьчжоу давлати ва Турфон давлатини (850—1250) барпо этганлар; бу ерда тўққиз Ўғузлар номи уйғур этноними билан алмашган.
2) 9—11-асрларда Орол ва Каспий денгизи бўйларидаги кўчманчи ва ярим ўтроқ қабилалар иттифоқи (ғузлар); Янгикент Ў. ябғуси қароргоҳи бўлган. 11-асрнинг 50—60-й. ларида Ўғузларнинг бир қисми Ярослав Мудрийнинг ўғиллари томонидан тормор қилиниб, Киев князларининг вассаллари сифатида Рось дарёси бўйларига жойлашганлар; Сирдарё Ў. ининг бошқа қисми 10—11-асрбошида Бухоро ва Хуросон ерлари томон силжиганлар. 1040 йилдан сўнг салжуқийлар бош бўлган Ўғузлар Ғарбий Осиё мамлакатларини босиб олганлар. 11 — 13-асрларда Ўғузлар этноними Ўрта Осиё ва Эронда туркман, Яқин Шарқда эса турк этноними билан алмашган. Ўғузлар туркман, озарбайжон, турк ҳамда гагауз ва қорақалпоқлар этногенезида муҳим роль ўйнаган. Ўғузларнинг эпик асарлари («Китоби дадам Қўрқут», «Ўғузнома») сақланиб қолган.