ПЎЛАТОВА Наима Қудратовна (1939.4.6, Тошкент) — актриса, хонанда (сопрано). Ўзбекистон халқ артисти (1997). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1963). 1958 й. дан Муқимий театрида ишлайди. Пўлатова, асосан, лирик қаҳрамонлар ижрочиси бўлиб, севги санамларининг изтироблари, уларнинг ички кечинмаларини ҳам драматик, ҳам мусиқий талқинда томошабинга моҳирона етказиш, оналарга хос мушфиқу-меҳрибонлик, бардошлик, унинг психологик ва драматик ҳолатини ифодалашда ўзига хос ижроси билан ажралиб туради. Нурхон («Нурхон»), Алима («Момо ер»), Зулхумор («Равшан ва Зулхумор»), Ойпарча («Но-дира»), Ширин («Фарҳод ва Ширин»), Холисхон («Паранжи сирлари»), Гулруҳ («Навоий Астробод-да»), Обида («Мавлоно Муқимий»), Ҳаётхон («Фарғона тонг отгунча»), Амал («Гули сиёҳ»), Жамила («Девона»), она («Мангу машъал», «Тўйдан кейин томоша») каби роллари билан та-нилган. Хонанда сифатида «Муножот», «Айланай», «Ақли расо бўлсин», «Фи-ғонким», «Севги нидоси», «Қарши гуллари», «Отмагай тонг», «Абдураҳмонбеги» ва б. мумтоз ва замонавий қўшикларни ижро этган. Фильмлар («Келинлар қўзғолони», «Ўзганинг бахти», «Тўйлар муборак», «Карахтлик», «Меҳробдан чаён» каби)да ҳам суратга тушган.