ҚАНҚА, Харашкат, Канка, Қанқатепа — мил. ав. 3-аср—мил. 12-аср бошига оид қадимий шаҳар харобаси. Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳудудида, Оҳангарон дарёсининг қадимий ўзани чап соҳилида. Шоҳрухия археологик ёдгорлигидан тахм. 8 км шим. шарқда қадимий карвон йўли устида жойлашган. қадимий Хитой ёзма манбаларида Битан (Битян), ўрта асрларда Харашкат номлари билан юритилган. Қанғ давлатининг пойтахти бўлган. Ўрта асрларда (9—11-асрлар) Харашкат шаҳри Чоч вилоятида Бинкат (Тошкент)дан кейин 2шаҳар ҳисобланган. Дастлаб, Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзоси Е. Т. Смирнов (1898), кейинчалик М. Е. Массон (1934 йил), сўнгра Моддиймаданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш жамияти (Қ. Абдуллаев; 1969—72), 1974 йилдан Ўзбекистон ФА Археология институти томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Қанқа тўғри тўртбурчак шаклида, умумий майд. 200 га бўлиб, бир неча қатор мудофаа девори ва хандақлар билан ўралган, арк 3 шаҳристон ва рабоддан иборат бўлган. Шаҳристон I нинг майд. 6,5 га, шим. қисмида арк (бал. 40 м) жойлашган. Унинг атрофи хандақ билан ўралган. Арк ва Шаҳристон I ни 3 томондан майд. 50 га дан ортиқроқ Шаҳристон II ўраб олган. Шаҳристонларга ташқаридан рабод (майд. 60 га) ёндошган. Мил. ав. 1 — мил. 1-асрларда шаҳар равнақ топган. Шаҳристонлар ва рабодда кўчакўйлар, майдонлар, ҳовуз ва оқар сув тармоқлари ҳамда пахса ва йирик хом ғиштлардан бино қилинган турар жой қолдиқлари сақланиб қолган. Қанқадан мил. 1—2-асрларда зарб этилган кумуш ва мис тангалар (жумладан, 4—11-асрларга оид тангалар хазинаси), олтин ва қимматбаҳо тошлардан ишланган тақинчоқлар, сопол ҳайкалчалар, остодон (оссуарий), сирланган ва сирсиз сопол идишлар, тош, суяк ва металлдан ишланган қурол ва асбоблар ҳамда деворий расм қолдиқлари топилган. Турли хилдаги бундай ашёвий топилмалар шубҳасиз, Қанқада оҳангарлик, кулолчилик, тикувчилик, суяк ўймакорлиги ривож топганидан далолат беради. 12-асрда Оҳангарон дарёси ўзанининг ўзгариши туфайли Қанқа сувсиз қолиб, харобага айланган.
Ад.: Массон М. Е., Ахенгеран: Археологотопографический очерк, Т., 1953; Абдуллаев К. А., Изистории городиша Канка (1969—1972), История материальной культурн Узбекистана, Вьш. 12, Т., 1975; Буряков Ю. Ф., Қосимов М. Р., Ростовцев О. М., Тошкент областининг археологик ёдгорликлари, Т., 1975.