ҚИЁСИЙ-ТАРИХИЙ ТИЛШУНОСЛИК

ҚИЁСИЙ-ТАРИХИЙ ТИЛШУНОСЛИК, қиёсий тилшунослик, компаративистика — тилшуносликнинг қариндош тилларни, яъни генетик жиҳатдан ўзаро боғлиқ тилларни ўрганувчи, улар ўртасидаги муносабатларни аниқловчи ҳамда уларнинг замон ва макон бўйича тадрижий тараққиётини тавсифловчи соҳаси; тил оилаларининг, шу тизимлардаги айрим тиллар ва элементларнинг келиб чиқишини аниқлаш, жумладан, тиллар ўртасидаги генетик қариндошликни — уларнинг ягона бир манба (бобо тил)дан келиб чиққанлигини аниқлаш (тилларнинг генеалогик таснифи) ҳам Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг мақсадлари доирасига киради. Қиёсий-тарихий тилшунослик тиллар тарихини қайта тиклаш (реконструкция қилиш) да асосий тадқиқот воситаси сифатида киёсийтарихий методдаи фойдаланади; тадқиқотнинг энг умумий шакли — (энг аввало фонетикани қамраб оладиган) қиёсий-тарихий грамматикалар ва (лексикани намоён этувчи) этимологик луғатлар тузишдан иборат. Қиёсий-тарихий тилшунослик тавсифий ёки синхроник тилшунослик, меъёрий ва умумий тилшуносликка қарши туриб, уларни инкор этади; шу билан бирга, у бир қанча масалаларда тавсифий тилшунослик билан ҳам, умумий тилшунослик билан ҳам ўзаро алоқада, боғлиқлиқда бўлади.

Қиёсий-тарихий тилшуносликда қўлланувчи қиёсийтарихий методнинг асосий тадқиқот усуллари қуйидагилардир:

1) ташқи (қиёсий) реконструкция (тор маънодаги қиёсийтарихий метод) — қариндош тиллардаги генетик жиҳатдан тенг, ўхшаш сўз ва морфемаларни қидириб топиш ва бобо тилдаги изчил товуш ўзгаришларининг қариндош тиллардаги натижаларини аниқлаш; бобо тилнинг тахминийфаразий моделини яратиш ва кейинчалик ундан келиб чиққан авлод тилларнинг аниқ морфемаларини тиклаш қоидаларини тузиш; таққосланаётган тиллар ўртасидаги мосликлар тизимини (фонетика, морфология, синтаксис, лексика, фразеологияда) аниқлаш ва шу асосда тилларнинг қариндошлигини белгилаш ваб. ;2)ички реконструкция — айрим олинган бир тил тизимида ушбу тил тарихининг анча илк босқичларида баъзи бир элементларнинг мавжуд бўлганлиги ҳақида аниқ гувоҳлик берувчи ҳодисалар ва ўзаро муносабатларни аниқлаш; айрим бир тилдаги энг қадимий шакллар билан энг янги шаклларни ўзаро таққослаш; 3) ўзлашма (реконструкция қилинаётган тилларга ўзлашган ёки шу тиллардан бошқа тилларга ўзлаштирилган) сўзлар таҳлилидан маълумотлар чиқариб олиш; 4) топонимика материалларидан маълумотлар чиқариб олиш ва бошқалар Амалга оширилган реконструкциялар тил тизимининг барча томонларини: фонология, морфонология, морфология, лексика, қисман синтаксисни қамраб олади. Бироқ ушбу реконструкцияларни тарихан аниқ бир бобо тил билан бевосита тенглаштириб бўлмайди, улар тарихий ҳақиқат бўлмиш бобо тил ҳақидаги мавжуд маълумотларни моделлаштиради, холос; ушбу маълумотлар баъзи объектив сабабларга кўра барча авлод тилларда йўқолиб кетган морфемалар ҳамда фонемавий зиддиятларни аниқ реконструкция қилиш имконияти йўқлигидан, муқаррар равишда тўлиқ, мукаммал бўла олмайди; бир қатор реконструкциялар тахминийфаразий ҳолатда бўлади.

Тилларни тарихий тараққиётсиз қиёслаш, тарихий қиёслашдан фарқли равишда, қариндош ва ноқариндош тилларни чоғиштириш деб аталиб, у аввалдан Европанинг антик даврида (юнон ва лотин тилларини чоғиштириш), қадимий Ҳиндистонда (санкрит билан пракритларни — ўрта ҳинд тилларни чоғиштириш), 11—12-асрлар Шарқ тилшунослигида (М. Кошғарий ва М. Замахшарий луғатларида қариндош ва ноқариндош тиллар луғавий бирликларнинг чоғиштирилиши) мавжуд бўлган. Чоғиштирма тилшунослик 17—18-асрларда Европадаги ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги турлитуман қариндош тиллар бўйича тадқиқот материалларининг тўплана бориши билан янада ривожланади ва Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг пайдо бўлишига замин ҳозирлайди.

Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг, энг аввало, унинг мағзи бўлмиш қиёсийтарихий грамматиканинг пайдо бўлишини одатда 18-аср охирида европалик тилшуносларнинг санскрит билан танишувларига боғлиқ деб ҳисоблайдилар [мас, немис олими Ф. Шлегелнинг «Ҳиндларнинг тили ва донолиги» (1808) асари, инглиз олими У. Жоунзнинг санскрит билан «классик тиллар» (юнон ва лотин) орасида қариндошлик борлиги ҳақидаги фикрлари ва бошқалар]. Лекин Қиёсий-тарихий тилшуносликка асос солувчи асарлар 19-асрнинг 1-чорагида майдонга келди. Немис тилшуноси Ф. Боппнинг «Санскрит тилининг тусланиш тизими ҳақида ва уни юнон, лотин, форс ва герман тилларидаги тусланиш тизимига қиёслаш» (1816) ва 3 жилдли «Санскрит, занд (авесто), арман, юнонлотин, литва, эски славян, гот ва немис тилларининг қиёсий грамматикаси» (1833—52) асарлари ҳамда даниялик олим Р. К. Раскнинг «Қад. шимол тили соҳасидаги тадқиқот ёки исланд тилининг келиб чиқиши» (1818) асари қиёсий тилшунослик соҳасидаги дастлабки жиддий тадқиқотлардир. Шуни айтиш керакки, Ф. Бопп ва Р. К. Раск бирбирларининг тадқиқотларидан бехабар ҳолда, мустақил равишда қиёсий тилшуносликка асос соладилар. Немис тилшуноси Я. Гримм эса ўзининг 4 жилдли «Немис грамматикаси» (1819—37) ва 2 жилдли «Немис тили тарихи» (1848) асарлари билан Қиёсий-тарихий тилшуносликка маълум ҳисса қўшиб, тилшунослик методологиясига тарихийлик тушунчасини киритади. Рус тилшуноси А. Х. Востоков ўзининг «Славян тили ҳақида мулоҳазалар» (1820), 2 жилдли «Черковславян тили луғати» (1858—61) билан, чех тилшуноси йилДобровский эса «Қад. славян тили грамматикаси» (1822) ва бошқалар асарлари билан Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг славяншунослик тармоғини асослаб, уни ривожлантирдилар. Шундай қилиб, Ф. Бопп, Р. К . Раск, Я. Гримм, А. Х. Востоковлар Қиёсий-тарихий тилшунослик ва бу тилшуносликнинг илмий текшириш методи бўлган қиёсийтарихий методп. асос солдилар. Гримм ва немис олими А. Потт эса Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг асоси бўлган қиёсийтарихий фонетикани фан сифатида амалиётга киритдилар. Бобо тилни реконструкция қилиш йўлидаги дастлабки жиддий уринишлар 19-аср ўрталарида немис олими АШлейхер томонидан амалга оширилган. Тилларнинг ёзувгача бўлган тарихи материалларини, энг аввало фонемаларни, далиллар асосида реконструкция қилишнинг аниқ методикаси (даниялик К. Вернернинг, немис олими К. Бругман бошчилигидаги «ёш грамматикачилар»нинг, Ф. де Соссюр ва бошқаларларнинг асарларида) 19-асрнинг сўнгги чорагида ишлаб чиқилган; ушбу методика ҳозирги Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг хдм асоси ҳисобланади. Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг янги босқичи А. Мейе, француз олими А. Бенвенист, даниялик Х. Педерсен, поляк олими Е. Курилович, италиялик В. Пизани, рус олимлари А. В. Белецкий, А. В. Десницкая, В. М. ИлличСвитич ва бошқаларнинг номлари билан боғлиқ. Қиёсий-тарихий тилшунослик фани Ҳиндистондан Европагача бўлган ўзаро қариндош тилларни қиёслаш ва энг қадимий шаклларни тиклашга уриниш асосида яратилганлиги учун баъзан ҳиндевропа тилшунослиги деб ҳам аталган.

Ҳиндевропа тиллари қариндошлигини ўрганиш ва герман тилларини тадқиқ қилишдан ташқари 19-асрнинг 2-ярмидан бошлаб славяншунослик, болтиқшунослик, романшунослик (романистика), эроншунослик, кельтшунослик, ҳиндшунослик, сомшунослик (семитология) ҳам Қиёсий-тарихий тилшуносликнинг кенг ривожланган соҳалари ҳисобланади. 20-асрнинг 1-ярмида мазкур соҳалар билан бир қаторда ҳиндевропа тилларининг бошқа гуруҳларини қиёсийтарихий ўрганиш, урал тилшунослиги (айниқса финугоршунослик), туркийшунослик, мўғулшунослик ҳам кенг ривожланди. Қиёсийтарихий жиҳатдан мувофиқлиги ўрганилаётган тиллар доираси кенгайиб бормоқда (тунгусманжур, дравид, картвел, хитойтибет, австронез тиллари, Африкадаги сомҳом тиллари, банту тиллари, индейс тилларининг бир қанча гуруҳлари ва бошқалар). Узоқ қариндош тилларни (ностратик тиллар, Америка, Африка, Океаниядаги тилларнинг макрооилаларини) ўрганиш ривожланмоқда. Қиёсий-тарихий тилшунослик бўйича тадқиқотларнинг натижалари тилларнинг генеалогик таснифига асос бўлиб, этимология ва лингвистик палеонтологиянинг илмий пойдевори ҳисобланади; тарихчилар учун эса халкдар этногенези, уларнинг ёзувга қадар бўлган тарихи, қадимий халклар маданияти ва ўзаро алоқалари ҳақидаги лингвистик маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.

Қиёсий-тарихий тилшунослик 19-аср — 20-аср бошларида, асосан, Германия, АвстроВенгрия ва Скандинавия мамлакатларида ривожланган бўлса, кейинги пайтларда бу тилшунослик Россия (СССР), АҚШ, Ғарбий Европа, Финляндия, Швеция, Венгрия, Япония, Ҳиндистон ва бошқалар мамлакатларда ҳам тараққий этмоқда. Туркийзабон давлатларда ҳам Қиёсий-тарихий тилшуносликка қизиқиш кучайиб бормоқда, қариндош ва ноқариндош тилларни ўзаро қиёсий ўрганишга, луғавий, морфологик бирликларнинг тарихий шаклларини аниқлашга эътибор берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ўзбекқорақалпоқ, ўзбектуркман, ўзбекқозоқ, ўзбектожик, ўзбекрус тилларини, Қозоғистонда қозоқўзбек, қозоқмўғул тилларини қиёсий ўрганиш бўйича муайян изланишлар олиб борилган.

Ад.: Томсен В., История язмкознания до конца XIX века, М., 1938; Мейе А., Введение в сравнительное изучение индоевропейских язнков, 3 изд., пер. с франн., М. — Л., 1938; Десницкая А. В., Вопросм изучения родства индоевропейских язцков, М. — Л., 1955; Вопросн методики сравнительноисторического изучения индоевропейских язьжов, М., 1956; Георгиев В. И., Исследования по сравнительноисторическому язнкознанию, М., 1958,. Пауль Г., Принципн истории язмка, пер. с нем., М., 1960; Лоя Я. В., История лингвистических учений, М., 1968; Усмонов С, Умумий тилшунослик, Т., 1972; ИлличСвитнч В. М., Опнт сравнения ностратических язнков, т. 1 — 3, М., 197184; Семереньи О., Введение в сравнительное язнкознание, пер. с нем., М., 1980; Сравнительноисторическое изучение язьжов разннх семей. Современное состояние и проблемн, М., 1981.

Абдуваҳоб Мадвалиев, Гавҳар Тўхлиева.


Кирилл алифбосида мақола: ҚИЁСИЙ-ТАРИХИЙ ТИЛШУНОСЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ҚИЁСИЙ-ТАРИХИЙ МЕТОД
ҲИНД-ЕВРОПА ТИЛЛАРИ
ИБН СИНО


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты