ҚОБУЛОВА

ҚОБУЛОВА Саодат (1925.15.12, Марғилон) — ашулачи, опера хонандаси (лирик-колоратурали сопрано). Ўзбекистон халқ артисти (1957). 1959 й. СССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Москвадаги Ўзбек опера студияси (1954) ҳамда Тошкент консерваториясини (1969) тугатган. Қобулова миллий хонандалик санъати ва мусиқа мероси намуналарини, асосан, Ж. Султоиов, Т. Жалилов, X. Тўхтасинов, Э. Бараевлардан ўзлаштирган.

Қобулова гўзал тембрли, ёрқин ва ширадор, жилодор ва таъсирчан овозга эга; ўзбек хонадалик санъатида янги давр бошлаб берганлардан — унинг ижро услубида Европа хонандалик хусусиятлари миллий ашулачилик йўллари билан уйғунлашиб кетган. Қобулова санъатдаги фаолиятини Марғилон к-з—с-з театридан бошлаган (1939). Муқимий театрида (1941—48) Қамар, Моҳим, Нурхон (С. Абдулла; Т. Жалилов мусиқаси, «Тоҳир ва Зуҳра»; К. Яшин, «Нурхон») ролларини ижро этган; асосан, концерт ижрочилиги билан шуғулланган. 2-жаҳон уруши йилларида ҳарбий қисмлар, госпиталларда маданий хизмат қилган. 1954—86 й. ларда Навоий. театри яккахон хонандаси. Қобулова ижоди кўпроқ ўзбек операларида яратган Жамила, Лайли (Т. Содиқов, Р. Глиэр, «Лайли ва Мажнун»), Зуҳра (Т. Жалилов, Б. Бровцин, «Тоҳир ва Зуҳра»), Асал (Т. Содиқов, Р. Глиэр, «Гулсара»), Ҳури (Т. Содиқов, Б. Зейдман, Ю. Ражабий, Д. Зокиров, «Зайнаб ва Омон»), Дилором (М. Ашрафий, «Дилором»), Ойхон (С. Юдаков, «Майсаранинг иши»), Санобар (С. Бобоев, «Ҳамза»), Гулнор (Р. Ҳамроев, «Зулматдан зиё») каби образларида намоён бўлди. Булар ичида Ҳури, Ойхон, айниқса, Дилором партиялари қ. ижодининг чўққиси бўлиб, ҳам саҳнавий, ҳам вокал ижроси жиҳатидан мукаммаллиги билан ажралиб туради. У ўзбек опера хонандаларидан биринчилар қатори чет эл мумтоз операларида Лейла (Ж. Бизе, «Марварид изловчилар»; ўзбек ва рус тилида), Виолетта, Жильда (Ж. Верди, «Травиата», «Риго-летто»), Мадам Баттерфляй (Ж. Пуччини, «ЧиоЧио-сан»), Розина (Ж. Россини, «Севилья сартароши»), Мими (Ж. Пуччини, «Богема») ва б. партияларнинг моҳир ижрочиси сифатида ҳам танилган.

Концерт ижрочилиги Қобулова ижодий фаолиятининг ажралмас қисмини ташкил қилади. Унинг репертуаридан халқ ашулалари, ўзбек мумтоз мусиқа намуналари («Галдир», «Наврўз», «Баёт-1, 2, 3, 4, 5», «Сарахбори Оромижон», «Талқини Баёт», «Самарқанд Ушшоғи», «Бухоро Ироғи», «Дугоҳ»), ўзбек композиторларининг асарлари («Дугоналар», «Давра қўшиғи», С. Юдаков; «Баҳор», Т. Содиқов; «Келса ногоҳ», М. Бурҳонов; «Кашмирда», М. Ашрафий ва б.) асосий ўрин олган. қ. Д. Зокировнинг «Кўрмадим», «Эй сабо», «Булбул», Х. Тўхтасиновнинг «Қора кўзлар», «Айлагач», Ғ. Тошматовнинг «Карвон келди» ва б. асарларнинг биринчи ижрочиси. У, шунингдек, чет эл классик композиторларининг романслари, Европа ва Осиё халқлари (рус, украин, чех, тожик, озарбайжон, арман, мўғул, тай, ҳинд ва б.) нинг қўшиқларини ҳам ижро этган. Қобулова 1972 й. дан ҳоз. Ўзбекистон давлат консерваториясида вокал синфи педагоги, проф. (1986), кафедра мудири (1988 — 97) сифатида кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Жаҳон ёшлари фестивали (Москва)нинг лауреати (1957). Ижролари 2 грампластинка, ўзбек радиоси фонотекасига ёзилган, «Ўзбектелефильм» студияси томонидан Қобулова ижодига бағишланган 2 фильм ишланган («Саодат», «Саодат Қобулова куйлайди», 1991). Осиё, Европа, Америка мамлакатларида гастролда бўлган. «Дўстлик» (1998), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган.


Кирилл алифбосида мақола: ҚОБУЛОВА ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ФРАНЦИЯ
МУСИҚА
ҲИНДИСТОН
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты