ҚОВУНЧИ МАДАНИЯТИ

ҚОВУНЧИ МАДАНИЯТИ — мил. ав 2-а. — мил. 6-а. га оид археологик маданият. Ўрганилган жой дастлаб қовунчитепа харобаси бўлгани учун номи шундан. Қовунчи маданияти Тошкент воҳаси, Сирдарёнинг ўрта оқими ва Фарғонанинг шим.-ғарбий қисмида тарқалган. археолог Г. В. Григорьев 1934—37 й. ларда Қовунчи маданияти мажмуаларида қазиш ишлари олиб борган. Шоштепани ўрганиш натижасида 1-марта маданий қатламларнинг аниқ стратиграфияси белгиланди. Бу эса Қовунчи маданиятининг аниқ даврини (Қовунчи I мил. ав. 2—1-а. лар: Қовунчи II 2 босқичга бўлиниб, унинг 1-босқичи мил. 1—4-а. лар, 2-босқичи 5—6-а. лар) белгилашга асос бўлган. Қовунчи маданияти Тошкент воҳасидаги қад. деҳқончилик билан шуғулланган туб аҳоли маданияти (қ. Бурганли маданияти) асосида «халқларнинг буюк кўчиши» даврида Тошкент воҳасига кириб келган сарматлар. ҳунлар ва б. халқларнинг этник маданияти таъсирида ривожланган. Тошкент воҳаси Қ. м. шаклланишининг асосий маркази бўлган. Мажмуаларда меъморлик мактабининг маҳаллий анъаналарига асосланган, юксак мудофаа иншоотларига эга бўлган шаҳарсозлик, сопол идишлар ва ҳайкалчалар шаклининг ўзига хос хусусиятлари таркиб топган. Қовунчи маданияти воҳада шаҳар маданияти пайдо бўлиши ҳамда ирригация тизимининг такомиллашиши асосида деҳқончиликнинг янада ривожланиш даврида тарқалган. Қовунчи мажмуалари асосида Тошкент ш. маданияти пайдо бўлган ва ривожлана бошлаган. Ўша даврдаги арк ва унинг атрофида 1 ёки 2 қишлоқдан иборат аҳоли пунктлари бўлиб, уларнинг айримлари мудофаа деворлари билан ўралган. Шаҳарлар ҳунармандчиликнинг ва савдо-сотиқнинг асосий таянч пункти ҳисобланган. Металлга ишлов бериш (темирчилик, жез асбоблар қуй-иш) анча ривожланган. Кулолчиликда сопол идишлар ясаш асосий ўрин эгаллаган, уларнинг тури, шакли кўпайган. Сопол идишларнинг таги текис бўлган. Қовунчи I да кўвача, товоқ, қизғиш ёки бўғиқ қўнғир ранг берилган сопол идишлар, Қовунчи II да қулоқли хурмачалар, бандлари ҳайвон шаклидаги турли идишлар ва хурмачалар учрайди. Қовунчи маданиятига хос идиш қопқоқлари, кўралар, диний маросим буюмлари, 2 бошли қўчқор ёки шохли ҳўкиз бошлари шаклида ясалган ўчоқ пойтагликлари топилган, улардан тутатқи солинадиган ва қурбонлик қилинадиган идиш сифатида ҳам фойдаланилган. Қовунчиликлар деҳқончилик ва яйлов чорвачилиги билан шуғулланишган. Улар деҳқончилик маъбудалари, олов ва аждодларга сиғинишган. Милоднинг дастлабки асрларида Қовунчи маданияти жанубга томон тарқалиб, Суғд, Қашқадарё ҳудудидаги маҳаллий маданий мажмуаларга таъсир эта бошлаган. 6-а. га келиб, Ўрта Осиёнинг марказидаги воҳалар билан иқтисодий ва савдо алоқаларининг кучайиши ҳамда умумсуғд маданияти таъсирида Тошкент воҳасида Қовунчи маданияти ўзига хос аломатларини йўқотган, секин-аста бутун Мовароуннаҳрга хос ягона маданият вужудга кела бошлаган.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.


Кирилл алифбосида мақола: ҚОВУНЧИ МАДАНИЯТИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ЎЗБЕКЛАР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЕР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты