ҚОНУНЧИЛИК — 1) давлатнинг ўз олдида турган вазифа ва функцияларини амалга ошириш усулларидан бири. Бу ваколатли давлат органлари (парламент) томонидан давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича қонунлар қабул қилиш фаолиятида ифодаланади (қ. Қонун чиқарувчи ҳокимият);
2) муайян давлатда амалда бўлган ёки ижтимоий муносабатларнинг барчасини ёҳуд маълум бир соҳасини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (мас, фуқаро қонунчилиги, жиноят қонунчилиги) йиғиндиси. Қонунчилик айни пайтда ҳуқуқ нормаларини ўзида ифодалаган норматив актларнинг оддий жамланмаси бўлмай, балки, уларни юридик кучи ва аҳамиятига қараб бир тизимга солинишидир. Қонунчилик тизими билан ҳуқуқ тизими ўзаро узвий боғлиқ. Ҳуқуқ тизими ҳуқуқнинг мазмунини, унинг ички тузилишини ифодаласа, Қонунчилик тизими ҳуқуқнинг ташқи шаклини, мавжуд ҳуқуқ нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритадиган, эскиларини бекор қиладиган актларни ҳам ичига олади.
Қонунчилик тизими горизонтал (тармоқ) ва вертикал (поғонавий) тузилишдан иборат. Қонунчилик тизимининг горизонтал тузилиши унинг қандай ижтимоий муносабатларни тартибга солаётганига боғлиқ ҳолда шаклланади, бунда қ. тармоғи билан ҳуқуқ тармоғи бир-бирига тўла мос келади. Мас, конституциявий ҳуқуқ — конституциявий Қ, меҳнат ҳуқуқи — меҳнат қонунчилиги, жиноят пропессуал ҳуқуқ — жиноят процессуал Қонунчилик Қонунчилик тизимининг вертикал тузилиши — норматив-ҳуқуқий актларнинг юридик кучига қараб поғонавий жойлашувини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси — Ўзбекистон Ҳукумати қарорлари, республика вазирликлари, давлат қўмиталари ва б. марказий идораларининг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги ҳужжатларидан иборат. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон қонунчилиги бутунлай янгидан шаклланди. Қонунчилик тизимида банклар ва банклар фаолиятига доир, хусусийлаштириш, банкротлик, солиқ, божхона, халқаро шартномаларга доир янги Қонунчилик тармоқлари ва йўналишлари вужудга келди. Қонунчиликда ижтимоий муносабатларнинг муайян бир соҳасини тартибга соладиган норматив актларни ўз ичига олган Қонунчилик тармоқлари билан бир қаторда, мажмуавий тусдаги Қонунчилик йўналишлари шаклланмоқда (мас, табиатни муҳофаза этиш, транспортга доир, хўжалик қонунчили-ги, аҳолининг алоҳида қатламлари, жумладан, аёллар, болаларга оид мажмуавий Қонунчилик тармоқлари). Қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида мамлакат ҳудудида амалда бўлган барча Қонунчилик актларининг Конституцияга мослигини таъминлаш ва шу мақсадда мавжуд Қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, эскирган, самарасиз норматив актларни бекор қилиш, янги қонунлар ишлаб чиқиш, қонун қабул қилишни такомиллаштириш, ҳажм жиҳатдан катталашиб кетган мажмуавий Қонунчилик тармоқларини мустақил тармоқчаларга ажратиш зарур (мас, фуқаролик қонунчилиги тармоғидан оила қонунчилигининг ажралиб, мустақил Қонунчилик тармоғига айланиши каби).
Мавлуда Аҳмадшоева.