ҚОФИЯ (араб. — эргашиш, изидан бориш) — шеърий мисраларнинг муайян ўрнида оҳангдош сўз ёки сўз бирикмаларининг изчил такрорланиб келиши. Қофия шеърнинг мазмуни, жанри, шакли ва композициясида муҳим ўрин эгаллайди. Қофия ҳосил қилувчи сўзларнинг оҳангдошлиги ўзак билан ўзак ёки қўшимча билан қўшимча ўртасидаги уйғунлик туфайли юзага келади.
Қофия шеър ритми ва мусиқийлигини таъминлайди. У ритмиклик ва оҳангдошликдан ташқари, яна бир нечта вазифани бажаради. Ана шу вазифалардан бири Қофиянинг шеър ғоявий мазмуни билан боғлиқлигидир. Шу боис у шеър мазмунини гўзал ва таъсирчан ифодалашга хизмат қилади. Қофияда одатда шеър ғоясини ташувчи сўзларни мисранинг шеърхон диққатини ўзига тортадиган ўрнига (кўпинча охирига) жойлаштириш тақозо этилади. Шу билан бирга Қофия бадиий такт вазифасини ҳам бажаради. Бадиий такт эса шеър ғоясининг таъсирчан ва жозибали ифодаланишига кўмак беради. Қофиянинг яна бир вазифаси шеър қурилишида компо-зицион уюштирувчиликдан иборат, чунки у мисраларни уйғунлик, оҳанг-дорлик билан бирбирига улайди, боғлайди, байт ёки банд каби шеърий бирликларни ташкил этади. Қофиянинг вазифаларидан яна бири шундаки, у шеър интонациясини (оҳангдорлигини) юзага келтиради. Шеърнинг поэтик мазмуни, ундаги сўзлар оҳанг-дорлиги, ритми, вазни, банд тузилиши билан узвий боғлиқликда ўзининг интонацион вазифасини бажаради. Қофия ритмик вазифа ҳам бажаради. Бундай Қофиялар шеърда радиф бўлмаган ҳолларда мисралар сўнги (чегараси)ни таъкидлаб, изчил ритмик қаторларни ташкил этишда етакчи вазифани адо этади.
Туркий халқлар оғзаки ижодида Қофиянинг оддий сўз такроридан тортиб мукаммал мустақил турларигача бўлган шакллари учрайди. Умуман, ўзбек оғзаки ва ёзма адабиётида Қофиянинг вужудга келишида сажъ муҳим ўрин тутади. Бунга туркий халқларнинг кўплаб оғзаки ижод турларида, урхун-енисей ёдномаларида, 11-а. да Маҳмуд Кошғарий томонидан яратилган «Девону луғотит турк» асарида учровчи шеърий парчалардаги Қофиялар мисол бўла олади.
Араблар истилосидан кейин туркий халқлар шеъриятига ҳам аруз шеърий тизими кириб келади. 9—10-а. ларда эса араб, форс ва б. халқлар шеъриятида мумтоз Қофия назарияси яратилади. Бу назария монорим (французча топопте — ягона қофия) қ. ёки товушлар уйғунлигига асосланади. Ушбу назарияга кўра, Қофия ягона товуш (ҳарф) такрорига асосланади ва бу ҳарф равий (араб. — қофиядаги ундош товуш) деб аталади. Равий сўз ўзаги, ясама сўзларда негиз охиридаги ундош, чўзиқ унли, баъзан эса қисқа унлиларнинг айнан такрорланиши туфайли юзага келади. Мас, «гул-бул-бул» сўзларидаги «л», «тортар-ортар» сўзларидаги охирги «р», «вафо-жафо» сўзларидаги «о», «баҳона-замона» сўзларидаги охирги «а» товуш-ҳарфлари равий ҳисобланади. Мазкур назария талабларига кўра, равийсиз Қофия вужудга келмайди.
Мумтоз қ. назариясида Қофия ланувчи сўзлар таркибига қараб равийдан олдин ва равийдан кейин 4 тадан Қофия унсури иштирок этиши мумкин. Равийдан оддин келувчи унсурлар: қайд — равийдан олдин келган ҳаракатсиз ундош товуш («баландқанд» сўзларидаги «н» товуши); ридф — ундош равийдан олдин келган чўзиқ унли («ша-ҳар-саҳар» сўзларида «р» равийдан олдинги «а» унлиси); таъсис — равийдан олдин келган бир ҳаракатли ундошдан илгари келувчи чўзиқ унли («ҳомил-қотил» сўзларидаги «о» товуши); дахил — равий билан таъсис орасида келувчи ҳаракатли ундош («зойил-қойил» сўзларидаги «й» ундоши). Равийдан кейин келувчи Қофия унсурлари ҳам 4 та: васл — равийга воситали ёки воситасиз тиркалган товушлар («улфатим-суҳбатим» сўзларидаги «м» ундоши ва «булоғи-қулоғи» сўзларидаги «и» унлиси); хуруж — васлдан сўнг такрорланувчи ҳаракатсиз ундош ёки чўзиқ унли; мазид — хуруждан кейин келувчи ундош ёки чўзиқ унли; ноира — мазиддан сўнг келган ундош ва чўзиқ унлилар.
20-а. бошларидан ўзбек шеъриятида бармоқ тизими етакчилик қила бошлади. Натижада Қофия таркибини нозик ҳамда асосли таҳлил қилишга имкон берувчи мумтоз Қофия назариясига муро-жаат этиш аста-секин камайди. Бу ҳолат Қофия ҳақида янги — полирифма назариясини келтириб чиқарди. Ушбу назарияга кўра, қ. тиргак товушга асосланади. Тиргак товуш эса равий сингари инжиқ эмас. Қофия ланувчи сўзлар таркибидаги талаффуз усули ва ўрни жиҳатдан бир-бирига яқин барча товушлар тиргак товуш бўла олади. полирифма назариясига кўра, Қофиянинг тўлиқ (тўқ), нотўлиқ (оч), содда, мураккаб, очиқ, ёпиқ, тахминий каби шакллари мавжуд.
Қофия ланувчи сўзларнинг уйғунлиги, миқдори, мазмуни, ўрни ва фонетик таркибига қараб, Қофиянинг зулқофиятайн (қўш Қ. лилик), тарсеъли (байтнинг ҳар 2 мисрасидаги барча сўзларнинг ўзаро оҳангдош, вазндош бўлиб келиши), тасвирий, киноявий, контраст, мета-форик, тажнислн каби турлари фарқланади ва уларнинг ҳар бири ўзбек шеъриятида ҳам муҳим эвфоник, семантик вазифа бажаради. Шеърий мисранинг бошланиши ёки ўртасида, охи-рида келишига қараб эса Қофиянинг анафорик, ички ва эпифорик турлари фарқланади.
Умуман, Қофия одатда шеърий мис-ралар охирида келиб, уларни оҳангдошлик, уйғунлик ва мазмуний ях-литлик асосида бирлаштиради. бугунги кунда ўзбек шеъриятида сар-баст тизимининг ҳам кўпроқ мавқе эгаллаб бораётганлиги бу хилдаги поэтик асарларда Қофиянинг тутган ўрни, табиати ва ғоявий-бадиий вазифаларини алоҳида ўрганишни тақозо этмоқда.
Ас..Иззат Султон, Адабиёт назарияси, Т., 1939 (сўнгги нашри — 2005); самойлов Д. С., Книга о русской рифме, М., 1973; Адабиёт назарияси [2 ж. ли], 2-ж., Т., 1979.
Баҳодир Саримсоқов.