ҚЎШАЛОҚ ЮЛДУЗЛАР — тортишиш кучлари таъсирида компонентлари массаларининг умумий маркази атрофида эллиптик орбита бўйлаб ҳаракатланувчи, бир-бирига яқин жойлашган 2 та юлдуз; компонентлари динамик боғлиқ бўлган физик систе-мани ташкил этади. Қўшалоқ юлдузларнинг визу-ал, спектрал, тўсилувчан ва б. турлари мавжуд. Визуал Қўшалоқ юлдузлар телескоп орқали кузатилганда компонентларини бир-биридан ажратиш мумкин ва уларнинг ёрқинликларида унчалик катта фарқ сезилмайди.
Спектрал Қўшалоқ юлдузларнинг компонентлари яқин бўлгани учун телескоплар орқали бир-биридан ажратиб бўлмайди. Уларнинг қўшалоқлигини спект-ридаги даврий ўзгаришларидан (даврий силжишлари ёки спектр чизиқларининг даврий иккига ажрали-шидан) билиш мумкин. Агар иккала компонент бир хил ёрқинликка эга ва, айниқса, иккаласи бир спектрал синфга мансуб бўлса, унда чизиқларнинг даврий ажралиши ва қўшилиши аниқ билинади. Агар фақат битта компонентнинг чизиқлари кўринса, унда улар даврий равишда қандайдир бир ўртача вазият атрофида тебраниб туради. Доп-лер қонуни чизиқларнинг силжиши ва иккига ажралиши компонентлари массаларининг умумий маркази атрофида орбитал ҳаракатидан келиб чиқади деб тушунтиради. Спектрдаги чизиқларнинг силжишини ўлчашдан компонентларнинг нур тезликлари ўзгаришини аниқлаш мумкин.
Тўсилувчан Қўшалоқ юлдузларда унинг орбита текислиги кузатувчига қулай бўлган ён томондан кўринганда юлдузлардан бири иккинчисини маълум вақтга тўсиб қўяди. Уларнинг даврлари бир неча соатдан бир неча йилгача боради. Ёрқинликларининг камайиш даражаси ва нисбийлиги юлдузларнинг ўлчамларига, уларнинг орасидаги масофага, ёрқинликларининг фарқига ва орбиталарининг қияли-гига боғлиқ.
Айрим ҳолда физик қўшалоқларнинг компонентлари бир-биридан анча олисда жойлашган, лекин уларнинг хусусий ҳаракатлари, параллакслари ва нур тезликлари яқин бўлади. Бундай юлдузлар кенг жуфтларни ташкил этади. Фазода уларнинг компо-нентларини минглаб, ҳатто ўн минг-лаб астрономик бирликлар ажратиб туради. Агар уларнинг компонентлари бир-бирининг атрофида ҳаракатланаётган бўлса, айланиш даврлари миллионлаб йилларга тенг бўлади. Шунингдек, компонентлари бир-би-рига жуда яқин жойлашган зич қўшалоқ системалар мавжуд. Уларнинг ажралган, ярим ажралган ва контактли турлари кузатилади.