ШЎЪБА КОРХОНА — ҳуқуқий жиҳатидан мустақил, лекин устав капиталида бошқа (асосий) хўжалик жамияти ёки ширкатнинг ҳиссаси юқори бўлган хўжалик жамияти. Шўъба корхона муассиси унинг уставини тасдиқлайди ва айрим бошқарув, шу жумладан назорат функцияларини ўзида сақлаб қолади. Шўъба корхона акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият бўлиши мумкин. Шўъба корхона ташкил этиш асосий корхона ўзининг тузилмавий бўлинмаси ёки мулкий мажмуаси негизида; асосий корхонани қайта ташкил этиш жараёнида ўз таркибидан ажратиб чиқариш; хўжалик жамияти ёки ширкат томонидан акциядорлик жамияти акциялари назорат пакетини ёки масъулияти чекланган жамият устав капиталидаги тегишли ҳиссани сотиб олиш шаклларида бўлиши мумкин. Шўъба корхонанинг асосий корхона билан ўзаро муносабатларининг муҳим хусусияти шундаки, Шўъба корхонанинг асосий корхонага ёки асосий корхонанинг Шўъба корхонага маблағларни қайтариб олмаслик билан ўтказиши солиққа тортилмайди.
Ъ, Ь Ъ — ўзбек кирилл алифбосининг йигирма еттинчи ҳарфи—махсус белги. Ҳоз. ўзбек ёзувида алоҳида товушни ифодаламайди, шунинг учун ҳам «ҳарф» деб эмас, «белги» («айириш белгиси») деб аталади. 1940 йилда кирилл графикаси асосидаги алифбога ўтиш вақтида, рус тилидаги ўзлашган сўзларни аслидагидай ёзиш зарурлиги ҳақидаги илмий асосланмаган имловий қоидани амалга ошириш мақсадида алифбога киритилган, айни пайтда ўзбек лотин алифбосидаги апостроф вазифасини ҳам бажара бошлаган. Фақат рус, араб ва форс тилларидан ўзлашган сўзлар таркибидагина учрайди. Араб тилидан ўзлашган сўзларда араб тилининг ўзигагина хос бўлган портловчи бўғиз ундоши (Ј. — айн) ўрнида қўлланади. Бу белги сўз ўртасида (разъезд, подъезд; аъло, маъно) ва баъзи арабча сўзлар охирида (мураббаъ, татаббуъ) келади; сўз бошида қўлланмайди. Ундош товушни ифодаловчи ҳарфдан кейин келганда, шу товушни кейинги бўғиндан ажратиб туришга хизмат қилганлиги учун «айириш белгиси» деб юритилади. Ўзбек халқи фойдаланган ёзувлардан фақат кирилл ёзувидагина айни шаклда учрайди.
Ь — ўзбек кирилл алифбосининг йигирма саккизинчи ҳарфи—махсус белги. Ҳоз. ўзбек ёзувида алоҳида товушни ифодаламайди, шунинг учун уни «белги» («юмшатиш белгиси») деб атаганлар. Фақат рус тилидан ўзлашган сўзлар ўртасида ва охирида қўлланади. Бу белгининг алифбога киритилиши ҳам ъ (айириш белгиси)нинг қабул қилиниши каби бўлган ва у ўзбек тилида ҳеч қандай вазифа бажармайди; ўзидан олдинги ундошнинг юмшоқ талаффуз қилинишини таъминлайди, лекин қоида фақат рус тили учун тўғридир. Охирида ушбу белги бўлган сўзларга қўшимча қўшилганда, ь ёзилмайди: апрелдан, гантелда. Ўзбек халқи фойдаланган ёзувлардан фақат кирилл ёзувидагина айни шаклда учрайди.