СУРИЯ

СУРИЯ, Сурия Араб Республикаси (Ал-Жумҳурия ал-Арабия ас-Сурия) — Жан. Ғарбий Осиёдаги давлат. Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган. Майд. 185,2 минг км2. Аҳолиси 17,2 млн. киши (2002). Пойтахти — Дамашқ ш. Маъмурий жиҳатдан 14 вилоят (муҳофаза)га бўлинади.

Давлат тузуми. Сурия — республика. Амалдаги конституцияси 1973 й. 12 мартда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (2000 й. дан Башар Асад), у миллий референдумда 7 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Халқ кенгаши (парламент), ижрочи ҳокимиятни президент ва Вазирлар Кенгаши амалга оширади.

Табиати. Денгиз соҳилининг аксари қисми тепалик ва тошлоқли ясситоғликдан, озроғи пасттекислик (эни 20—30 км)дан иборат. Ғарб ва жан. да Антиливан тоғ тизмаси ва баландлиги 2814 м гача бўлган АшШайх тоғи жойлашган. Сурия ҳудудининг катта қисмини ғарбдан шарққа томон пасайиб борувчи плато эгаллаган. Ғарбда Ансория ва АзЗавия тоғ тизмалари, жан. ғарбда АдДруз (энг баланд жойи 1803 м) вулкан массиви жойлашган. Сурия ҳудудининг жан. шарқини Сурия чўлининг бир қисми, шим. шарқини Жазира платоси ташкил қилади. Нефть, темир, мис, марганец, хромит, олтингугурт ва б. конлар бор. Иклими Ўрта денгизга хос субтропик иқлим. Қиш ва баҳорда ёғингарчилик кўп, ёзи қуруқ. Ўртача тра январда 12°, авг. да 27°; йиллик ёғин 700 мм дан кам. Мамлакат шарқида қуруқ континентал иқлим. Фурот дарёсининг Сурия ҳудудидаги уз. 675 км, унинг асосий ирмоклари — Хобур ва Белих. Шим. шарқий чегара бўйлаб Дажла дарёси ўтади, шим. ғарбда Ўрта денгиз ҳавзасига мансуб бўлган АлАси (Оронт) дарёси ва шим. да Ҳимс кўли бор. Платода бўз тупроқли қумлоққумоқ чўллар, жан. да тошлоқшағалли ҳамада анчагина майдонни эгаллаган. Пасттекисликларда шўрхок ерлар учрайди. Шарқий Тавр тоғ олди бўз жигар ранг ва жигар ранг тупроқдан иборат, денгиз бўйида сариқ тупроқ, баландлашган сари тог жигар ранг ва тоғўрмон тупроқли ерлар бошланади. Ансория тоғининг шарқий ён бағрида тоғ даштлари учрайди. Соҳил ва тоғ ён бағирларидаги ўрмонларда эман, қарағай, сарв дарахтлари ўсади, лавр бутазорлари бор. Ҳайвонот дунёси сиртлон, бўри, чиябўри, қорақулоқ, жайран, ёввойи эшак (онагр), кемирувчи ва судралувчилар, тоғларда сурия айиғи, тўнғиз, ўрмон мушуги ва б. дан иборат.

Аҳолисининг 90% араблар ((сурияликлар); улардан ташқари курд, арман, туркман, турк, черкас, фаластинликлар ҳам яшайди. Расмий тил — араб тили. Аҳолининг аксарияти сунний мусулмонлар, шунингдек шиалар, алавийлар, христианлар, маронийлар ҳам бор. Шаҳар аҳолиси 52,4%. Йирик шаҳарлари: Дамашқ, Ҳалаб, Ҳимс, Латакия.

Тарихи. Сурия ҳудудида одам палеолит давридан яшаб келади. Мил. ав. 2минг йилликнинг 1-ярмида майда шаҳардавлатлар вужудга келган. Мил. ав. 15-а. да Суриянинг кўп қисмини Миср, 14-а. да Хетт подшохлиги эгаллаб олган, 12-а. бошларида Сурия озодликка эришсада, 8-а. охирида Оссурията, 7-а. охирида эса Янги Бобил подшохлиги, 6-а. ўрталарида Ахоманийларга қарам бўлди. Мил. ав. 333 й. Искандар Мақцуний (Александр) давлати таркибига кирди, бу давлат барбод бўлгач, салавкийлар давлатининг вилоятига айланди. Мил. ав. 1-а. да Арманистон подшоси Тигран II С. ни босиб олди, 64 й. Рим, мил. 4-а. охиридан Византия вилоятига айланди. Мил. 633—40 й. ларда Араб халифалиги, 1516 й. да Усмонли турк империяси забт этди ва Сурия 1818 й. гача Туркия таркибида бўлди. 1832—40 й. ларда Миср қўшинлари томонидан босиб олинди. 1840 й. С. да Яна турклар ҳукмронлиги тикланди. 1918 й. окт. да Сурияни инглиз қўшинлари босиб олди. 1919 й. АнглияФранция келишувига биноан инглизларнинг ўрнини французлар эгаллади. 20й. ларда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1928 й. Таъсис мажлисига сайлов ўтказилди, 1930 й. майда Сурия республика деб эълон қилинди, аммо Франция мандати сақланиб крлди, бу мандат 1943 й. дек. да бекор қилинди. 1946 й. 17 апр. дагина тўла мустақилликка эришди. 1958 й. С. Миср билан ягона давлат — Бирлашган Араб Республикаси (БАР)га бирлашди, аммо 1961 й. 28 сент. да унинг таркибидан ажралиб чиқди ва ўзини Сурия Араб Республикаси (САР) деб эълон қилди. 1963 й. 8 мартда давлат тўнтариши бўлиб, С. Араб социалистик уйғониш партияси (Баас) ҳокимиятни қўлга олди, 1971 й. 12 мартдан Ҳафиз Асад президент бўлди.

1967 й. июнда Сурияга Исроил ҳужум қилиб, мамлакат ҳудудининг бир кисмини (Ғулон тепаликларини) босиб олди. 1973 й. окт. да Сурия бошка араб давлатлари қатори ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб, Исроил томонидан босиб олиган ерларнинг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлди. С — 1945 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1991 й. 28 дек. да тан олган ва 1992 й. 24 апр. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 17 апр, — Чет эл кўшинлари чикариб юборилган кун (1946).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Араб социалистик уйғониш партияси (Баас), 1947 й. апр. да Араб уйгониш партияси сифатида ташкил этилган, 1954 й. дан хоз. номда; С. коммунистик партияси, 1924 й. тузилган; САР Тараққийпарвар миллий фронта, 1972 й. асос солинган, 8 ташкилотни бирлаштиради. Сурия ишчи касаба уюшмалари умумий федерацияси, 1938 й. тузилган.

Хўжалиги. Сурия — аграриндустриал мамлакат. Ялпи ички мақсулотда қишлоқ хўжалиги. нинг улуши 26%, саноатнинг улуши 21%, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 53%.

Қишлоқ хўжалигида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50%га яқини шуғулланади. 3,7 млн. гектар ерда деҳқончилик қилинади, шундан 500 минг га суғорилади. Асосий қишлоқ хўжалиги. экинлари: буғдой, арпа, пахта, тамаки, қанд лавлаги; шоли, ер ёнғоқ, сабзавот, полиз экинлари ҳам етиштирилади. Воҳаларда боғдорчилик ривожланган, ток, цитрус, хурмо ва б. субтропик мевали ўсимликлар ўстирилади, зайтун етиштирилади. Қорамол, қўй, эчки, туя, от, хачир боқилади. Соҳилда балиқ овланади.

Саноатида кончилик устун: нефть, фосфорит, тоштуз, табиий асфальт, олтингугурт қазиб олинади. Электр стяларнинг аксарияти нефть асосида ишлайди (йилига ўртача 14,8 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади). Нефть Баниёс ва Ҳимсдаги з-дларда қайта ишланади. Киме (минерал ўғит ишлаб чиқариш.), тўқимачилик (жумладан, ип газлама) ва озиқовкат (ун, ёғ, вино, қандшакар, тамаки ва б.), электр техника саноати ривожланган. Трактор йиғув, электр мотор, пўлат прокати, бетон шпал з-ди, кўнчилик, пойабзал, бинокорлик материаллари ва б. корхоналар бор. Ҳунармандчилик (олтин, кумуш, мисдан турли буюмлар тайёрлаш) ривожланган. Асосий саноат марказлари — Дамашқ, Ҳалаб, Ҳимс, Латакия, Тартус. Т. й. узунлиги — 1,8 минг км, автомобиль йўллари —39,2 минг км, нефть қувурлари — 805 км. Асосий денгиз портлари — Латакия, Тартус, Баниёс Дамашқда халқаро аэропорт бор. Ироқ ва Саудия Арабистонидан Ўрта денгиз соҳилига тортиб келинган кўпгина нефть қувурлари Сурия ҳудудидан ўтади. Сурия четга нефть ва нефть маҳсулотлари, фосфорит, пахта, қишлоқ хўжалиги. маҳсулотлари, тери, жун ва б. чиқаради, четдан машина ва ускуна, транспорт воситалари, озиқовқат, кимё маҳсулотлари ва б. келтиради. Германия, Франция, Италия, Россия, Ливан, Греция билан савдо қилади. Суриянинг ЎзР билан 2002 й. даги товар айланмаси 1,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Пул бирлиги — сурия фунти.

Тиббий хизмати. Сурияда тиббий хизмат пулли. Врачлар тайёрлайдиган 3 та мактаб, стоматолог ва фармацевтлар мактаби, ўрта малакали тиббиёт ходимлари тайёрлайдиган 5 та мактаб бор. Ҳалабдаги унтда ветеринария фти очилган.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун бошланғич таълим мажбурий. Мактаб диндан ажратилган, аммо диний мактаблар ҳам бор. Бир неча хусусий ўқув юрти мавжуд. Дарслар араб тилида олиб борилади. Сурияда 4 унт ва бир қанча давлат олий ўқув юртлари [Дамашқ ун-ти (1923), Ҳалабдаги ун-т (1960), Ҳимсдаги ун-т (1979), Латакиядаги ун-т (1971), Дамашқ олий технология ин-ти ва б. ] ишлайди, уларда пул тўлаб ўқилади. Араб академияси (1919), Дамашқ академияси (1919), қишлоқ хўжалиги. илмий марказлари бор. Дамашкда ун-т кутубхонаси ва Миллий кутубхона (1880), Ҳалабда Миллий кутубхона (1924), Латакияда Миллий кутубхона (1944), Дамашкда Миллий музей (1919) ва Араб тамаддуни музейи (1976—77), Ҳалабда Археология музейи (1960), Пальмира музейи (1961), Ҳимс, Тартус, Бусрода музейлар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Асосий газ. ва журналилари: «АсСаура» («Инкилоб», араб тилида чикадиган кундалик газ., 1963 й. дан), «АлБаас» («Уйгониш», араб тилида чикадиган кундалик газ., 1962 й. дан), «АлЖамахир алАрабия» («Араблар оммаси», араб тилида чикадиган кундалик газ.), «Нидал ашШааб» («Халқ кураши», араб тилида чиқадиган газ., 1934 й. дан), «Сирия тайме» («Сурия вақти», инглиз тилида чикадиган кундалик газ., 1981 й. дан), «АлФидо» (араб тилида чикадиган кундалик газ.), «АлМуҳандис алАраби» («Араб муҳандиси» араб тилида 2 ойда 1 марта чиқадиган журнали, 1961 й. дан), «Нидал алФеллаҳин» («Деҳқонлар кураши», араб тилида чиқадиган ҳафтанома, 1965 й. дан). Сурия араб ахборот агентлиги (САНА), ҳукумат ахборот маҳкамаси, 1965 й. асос солинган. Радиоэшиттириш ва телекўрсатув бош дирекцияси, ҳукумат хизмати, 1946 й. тузилган.

Адабиёти. Сурия халқининг оғзаки ижодида мил. ав. 8—7-а. лар воқеаларини эслатувчи ривоятлар учрайди. Мил. 2—14а. лар га оид сурия (сурёний) ёзувлари топилган. 8-а. дан араб тили раем бўла бошлади ва 14-а. га келиб дунёвий адабиетдан сурия тилини суриб чиқарди. Ўрта асрларда Абу Таммом, АлБуҳтурий, АлМутанаббий, Абу Фирас шеърлари ва Абул Аъло алМаарийнинг фалсафий асарлари дунёга келди. 19-а. га кадар Сурия адабиёти араб мумтоз адабиёти анъаналарини давом эттирди. 19-а. ўрталаридан Ливан билан Фаластинни ўз ичига олган Сурия араб маданий уйғониш маконларидан бири бўлди Франсис Марраш, Ризқалла Хассун, Абдураҳмон алКавокибий ва Адиб Исхоқ бу ҳаракатга бош бўлдилар. 1-жаҳон урушидан кейин ватанпарварлик кайфиятидаги адабий кучлар (Муҳаммад Курд Али, Халил Мардомбек, Салим алЖундий ва б.) Дамашкдаги Араб академиясига бирлашиб, араб адабий меросини батафеил ўрганиш ва оммалаштиришга кириҳдилар. 20й. ларда реалистик наср (Субҳи Али Ғаним, Сами алКиёли, Фуад ашШаиб, Шакиб алЖабри) юзага келди. Ҳайриддин азЗирекли, Муҳаммад алБизм, Муҳаммад Сулаймон алАҳмад каби шоирлар мустамлакачиликка қарши, мустакиллик учун кураш руҳида шеърлар ёзиҳди. 1951 й. С. ёзувчилар уюшмаси тузилди.

2-жаҳон урушидан кейинги давр адабиётида миллий руҳни қарор топтириш ҳаракати кучайди. 60й. лардаги айрим адиблар аксарият эзилган ва умидсизликка тушган кимсалар ҳаёти ва қисматини тасвирлашга берилдилар. Сўнгги йилларда Исроилнинг араб мамлакатларига босқинини лаънатловчи шеърлар (Аҳмад Сулаймон Аҳмад, Али Жундий) ва насрий асарлар (Мутаа Сафади, Закарийи Тамира) яратилди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Суриянинг қад. санъат ёдгорликлари неолит даврига мансуб (ДамирКапу қоятош расмлари, СакчеГёзю сополи, тош ва лойдан ясалган ҳайкалчалар). Мил. ав. 2минг й. ликнинг 1-ярмида шаҳардавлатлар (Мари, Угарит, Ямхада — ҳоз. Ҳалаб) равнақ топиши билан бирга меъморлик юксак даражага кўтарилди: мураккаб тархли саройлар, ҳовлили ибодатхоналар қурилди. Мил. ав. 16—14-а. лардаги санъат асарларида Қад. Миср ва Эгей маданиятининг таъсири сезилади. Мил. ав. 9-а. да Оссурия, мил. ав. 4-а. дан мил. 4-а. гача юнон меъморлиги анъаналари руҳида иншоотлар яратилди (Пальмирадаги маҳобатли колонналар ва ибодатхоналар).

5—6-а. ларда Сурияда маҳаллий илк Византия бадиий мактаби шаклланди (Антиохия, Апамея, Шахба қадама наққошлиги). Тош ва суяк ўймакорлиги, пол мозаикаси, китоб миниатюраси ривожланди. 7—8-а. ларда Сурия араб маданиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди, наққошлик, ҳайкалтарошликнинг янги услублари яратилди. Ўша даврда ўрта аср шаҳарларининг қиёфаси шаклланди, маежид, Мадраса, тим, касалхона, карвонсарой, ҳаммом ва б. барпо этилди (Пальмира яқинидаги Қаср алХайр алҒарби, 8-а., Дамашкдаги тоқиравоқли жоме масжид, 705—715 й. лар). Салибчилар томонидан роман услубида қурилган қасрларнинг харобалари сақланган (Ҳимс ш. яқинидаги Кларк деШевалье қўрғони, 12-а.). 13—15-а. ларда меъморликда безакка кўп эътибор берилди, ранг-баранг кошинлардан, тошлардан, нақшдан кенг фойдаланилди, ёғоч ўймакорлиги ривожланди. Китоб миниатюраси санъати юқори босқичга кўтарилди.

Усмонли турк империяси таркибида бўлган йиллар (1516—1918) да турк меъморлигига хос ҳашам ортди. Тасвирий санъатда накшни аслига яқинлаштириш авж олди. 20-а. нинг 60—90й. ларида Ваҳби алХаририй, Бурҳон Тайёр, Маҳмуд Нофал, ТамималКисравий, Жозеф Абдухдцид каби меъморларнинг лойиҳалари асосида замонавий бинокорлик конструкцияларидан фойдаланиб, миллий шаклдаги иморатлар қурила бошлади (Дамашқдаги Касаба уюшмалари биноси, Дамашқ ва Ҳалабдаги ун-т корпуслари, Латакиядаги муниципалитет биноси ва б.). Тасвирий санъатда модернизм унсурлари сезила бошласада, кўпгина рассомлар маҳаллий бадиий анъаналарни давом эттирдилар (Афиф Бахнасси, Нозим Жаъфарий, Махмуд Жалол, Жак Варде, Муҳаммад Фатҳий ва б.). Халқ амалий санъатида каштачилик, кандакорлик, бадиий тўқувчилик ривожланган.

Мусиқаси. Сурия халқ ва анъанавий мусиқасида ривожланган лад тизими — мақомлар кўп. Чолғу асбоблари жўрлигида қўшиқ айтиш етакчи мусиқий жанрдир. Уд, рубоб, ғижжак, қонун ва б. чолғу асбоблари кўп тарқалган. Замонавий халқ оркестри таркибига европача скрипка, виолончел, контрабас каби чолғу асбоблари ҳам киритила бошлади. 1870 й. бастакор Мустафо алБашнак ташаббуси билан Ҳалабда мусиқа мактаби очилди. Миллий бастакорлик мактабини Солҳи Уадци, Дик Суккари кабилар ривожлантирдилар. Халқ қўшиклари ижрочиларидан Шокир Брехан, Мутиа Мафи, Сабоҳ Фахрини кўрсатиш мумкин. Мусиқанинг оммалашувида радио ва телевидениенинг хизмати катта. Миллий мусиқа кадрлари Дамашқ (1962 и. ташкил этилган) ва Ҳалаб (1963) консерваторияларида тайёрланади.

Театри. Сурия театр санъатининг куртаклари миллий маросим ва байрамлардан бошланган. Профессионал театр 19-а. ўрталарида Дамашқда Абу Халил алҚаббоний театр труппасини ташкил этиш билан вужудга келди. 1930й. лар охиригача мамлакатга келиб турган Миср труппалари Сурия профессионал театрининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди. 40й. ларда Дамашкда Абдуллатиф Фатҳий раҳбарлигида театр ходимлари жамоаси ташкил этилиб, биринчи марта сурия лаҳжасида спектакллар қўйилди (1945— 46). 1952 й. Саёдиддин Бахдунис ташкил қилган труппа Дамашқ ва Ҳалабда 1957 й. гача томоша кўрсатди. 1956 й. Дамашкда ярим профессионал Эркин театр, Ҳалабда Халқ театри ишлай бошлади. 1957 й. пантомима халқ труппаси тузидди. Дамашкда араб миллий драма театрининг очилиши Сурия маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Мамлакатнинг энг истеъдодли актёрлари Али Акля Арсан, Асад Фиддо, А. Кинни шу театрда ишлай бошлади. Театр репертуаридан хорижий мумтоз ва маҳаллий драматургия асарлари ўрин одди. Бундан ташқари Дамашқда «Ашшавқ» («Тиканак») сатира театри, Ҳарбий театр, Дуред Ляхам номидаги сатира ва комедия театри, Қўғирчоқ театри ҳам ишлайди.

Киноси. Сурияда биринчи кино сеанси 1906 й. да бўлган. Биринчи тўла метражли «Айбсиз судланувчи» (реж. Айюб Бадри) бадиий фильми 1928 й. яратилди. 30й. ларда «Дамашқ осмони остида» (реж. И. Анзур, 1932), «Бурч амри билан» ва «Қаҳвахона ашулачиси» (иккала фильм реж. А. Бадри, 1938, 1939) каби фильмлар яратилди. Шундан кейинги салкам 30 й. мобайнида мустамлакачилар ҳукмронлиги даврида кинофильмлар яратиш билан ҳаваскорларгина шуғулландилар. 60й. ларнинг 2-ярми ва 70й. ларда ижтимоий-сиёсий мавзудаги «Юк машина ҳайдовчиси» (реж. Б. Вучинич, 1967, Тошкент 1 кинофестивалида фахрий диплом олган), «Алданганлар» (реж. Т. Салоҳ), «Қоплон» (реж. Н. Малех, 1972, КарловиВари, Локарно ва Дамашқ кинофестивалларида мукофот олган) ва б. фильмлар яратилди. Шундан сўнг Яқин Шарқ можаросига бағишланган «Тескари йўл» (реж. Ҳаддад, 1975), «Қаҳрамонлар икки марта туғилади» (реж. С. Духни) ва «Қизил, оқ, қора» (реж. Б. Сафий, 1977) фильмлари дунёга келди. Мерван Ҳаддаднинг «Ширин муҳаббатим» ва Вади Юсуфнинг «Қопқон» (1980), Н. Малехнинг «Эски суратлар» (1981) фильмлари Сурия кинематографиясининг сўнгги йиллардаги муваффиқиятидир.


Кирилл алифбосида мақола: СУРИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: С ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ФРАНЦИЯ
РОССИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты