СЎЗАК

СЎЗАК, гонорея, триппер — гонококклар қўзғатадиган юқумли венерик касаллик. Кўпинча, тасодифий жинсий алоқа қилиш оқибатида келиб чиқади. Касаллик, асосан, жинсий йўл билан юққанлиги учун аксарият сийдик чиқариш канали ва жинсий аъзолар зарарланади. Инфекция манбаи Сўзак билан оғриган эркак ёки аёл. Жинсий алоқада гонококклар жинсий аъзолар ва сийдик чиқариш каналининг шиллиқ қаватига тушиб, уни яллиғлантиради. Баъзан касаллик бемор ишлатган буюмлар (сочиқ, мочалка, курпа-тушак, кийим-кечак ва б.) дан фойдаланганда ҳам юқиши мумкин. Чунончи қизларга касаллик бемор онадан ўтади; бунга жинсий аъзолардан ташқари, кўз (қ. Бленнорея) ва оғиз шиллиқ пардаларининг Сўзак оқибатида яллиғланиши сабаб бўлиши мумкин.

Касаллик аломатлари, одатда, Сўзак юққанидан сўнг орадан 3—5 кун ўтгач пайдо бўлади. Сўзак билан касалланган эркакларда сийдик чиқариш каналининг олдинги қисми яллиғланади, ачишади, қизийди ва оғрийди, сийганда оғриқ зўраяди; сийдик чиқариш каналининг ташқи тешиги қизариб, шишади; торайиб қолади, йиринг ажралади, сийдик равон келмайди, кечалари оғрикли эрекция кузатилади. Беморнинг аҳволи айтарли ўзгармайди, баъзан иштаҳа пасайиши, дармонсизлик, бир оз тра кўтарилиши мумкин. Ташқи (баланопостит) ва ички (простатит, эпидидимит, оофорит, эндометрит) жинсий аъзолар, қовуқ (цистит), бўғимлар (артрит) ва б. яллиғланиши мумкин. Сўзак ўз вақтида даволанмаса, бошқа аъзоларга тарқалиши, йиллаб чўзилиши ва ниҳоят сурункали туе олиши мумкин. Жинсий алоқа, аччиқ, шўр овқатлар ейиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш оқибатида касаллик ботбот қўзиб туради. Сўзакнинг кўп учрайдиган асоратларидан простатит ва уруғ пуфакларининг яллиғланиши эркакни жинсий ҳаётга яроқсиз қилиб қўйиши, шунингдек, бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Бемор узоқ вақт даволаниши лозим, баъзан сийдик чиқариш канали торайганда операция қилинади.

С билан оғриган аёлларда касалликнинг ўткир даври эркаклардагига қараганда сезиларсиз ўтиши, бемор касалланганини узоқ вақтгача билмаслиги мумкин. Яллиғланиш жараёни кўпинча сийдиктаносил системасининг пастки ва юқори қисмида кузатилади.

Сўзак юқумли бўлгани учун касаллик белгилари пайдо бўлиши биланоқ венеролог врачга мурожаат этиш керак. Бемор тери ва венерик касалликлар диспансерида даволанади. Баъзан даво пайтида сийдик каналида оғриқ, ачишиш, йиринг камаяди. Бемор ўзини соғлом ҳис қилади ва жинсий алоқа қилаверади, лекин организмда ҳали гонококклар бўлиши мумкин. Тўлиқ даволанмай жинсий алоқа қиладиган беморлар атрофдагилар учун жуда хавфли бўлиб, касалликни бошқаларга юқтиради ва турли нохуш оқибатларга сабаб бўлади. Шунинг учун соғайган беморлар бир неча марта лаб. текширувидан ўтказилиб, касаллик аломати топилмагач соғлом ҳисобланади. С билан оғриган кишиларда иммунитет пайдо бўлмайди, бир киши Сўзак билан бир неча марта оғриши мумкин (реинфекция). Ўз вактида даво қилинса, бемор бутунлай соғайиб кетади.

Сўзакнинг олдини олишда тасодифий жинсий алоқадан сақланиш, шахсий гигиенага риоя қилиш, аҳоли ўртасида теританосил касалликларига оид суҳбатлар ўтказиш ҳамда тарбиявий ишлар олиб бориш зарур.


Кирилл алифбосида мақола: СЎЗАК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: С ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
КИЙИМ
Туш таъбири ўзбек тилида
ВЕНЕРИК КАСАЛЛИКЛАР
ТОШКЕНТ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты