СЎЗНИНГ ЛЕКСИК МАЪНОСИ — сўзнинг материал қисми — лексема билдирадиган маъно: муайян товушлар мажмуини маълум объектив воқеликка боғлаш билан киши онгида юзага келадиган мазмунмундарижа; луғавий маъно. Мас, «Болаларни ўйнатдик» гапидаги биринчи сўз ҳали ёш, вояга етмаган одамни, гўдакни, иккинчи сўз эса ҳаракатни (бола билан боғланган ҳаракатни) биддиради. Демак, «бола» ва «ўйна» сўзларидан ифодаланадиган мазкур конкрет маънолар шу сўзларнинг лексик маъноларидир. Сўзнинг лексик маъноси муайян сўзнинг аниқ мазмунини (нарса, белги, ҳаракат тушунчаларини ифодалаш, эмоцияларни билдириш) ташкил этади. Сўзнинг лексик маъноси ўзакнегизнинг ўзи билан ифодаланади; ясовчи аффикслар ҳам сўздаги материал қисмнинг ичига киради. Шу жумладан лексик маъно суз ясалиши ва лексикология билан боғлиқдир. Сўзнинг лексик маъноси шу сўзнинг ўзигагина тегишли хусусий маъно бўлиши билан бир қанча ўхшаш сўзлар учун умумий ҳисобланадиган, умумийлик характерига эга бўлган грамматик маъно дан фарқ қилади.