СЎФИ ОЛЛОЁР МАСЖИДИ — Денов (Сурхондарё)даги меъморий ёдгорлик (1713). Сўфи Оллоёр номи билан боғлиқ. Умумий тарҳи (14,0×16,2 м), хонақоҳ (11,1×9,7 м), икки томонлама айвон ҳамда қўшимча хоналардан иборат. Девори синчли пахсадан, томи тўсинли. Шим. шарқий тарзига меҳробсимон равоклар, тобадонига ганчкори панжаралар ишланган. Хонақохдаги меҳроб равоғи анча чуқур, 2 томонидаги 4 равоққа бўртма чизиклар қилинган. Бундай безаклар жан. ғарбий айвон деворларида ҳам бор. Айвондаги 7 устун, хонақоҳдаги 6 устун (Л. И. Ремпель устунлардан бирида қурилган йили қайд этилганини аниқлаган) ўйма ва рангли нақшлар билан безатилган. Устун ва дераза панжаралари қайта таъмирланган. 1977 й. З. А. Аршавская томонидан ўрганилган.