ТИБ ҚОНУНЛАРИ

«ТИБ ҚОНУНЛАРИ» (асл номи «Китоб алҚонун фиттиб») — Абу Али ибн Синонинг тиббиётга оид асари. «Тиб қонунлари» ўз давридаги табобатнинг муфассал энциклопедияси бўлиб, унда инсон соғлиги ва касалликларига оид бўлган барча масалалар мантиқий тартибда тўла баён этилган. Олдинлари табобат, асосан, ҳунар ҳисобланар ва у билан шуғулланувчилар назарий масалаларга унчалик аҳамият бермай уни амалда қўллаш билан чекланар эдилар. Ибн Сино эса табобатни илм даражасига кўтарди ва юнон, рим, ҳинд, Яқин ва Урта Шарқ табибларининг тажриба ва фикрларига таяниб «Тиб қонунлари»да унинг ҳам назарий, ҳам амалий масалаларини чуқур ишлаб чиқди.

Ибн Сино «Тиб қонунлари»нинг к1итобини Гўргонда, қолганларини эса Рай ва Ҳамадонда яшаган вақтида ёзган (1015 — 1024).

Ибн Сино «Тиб қонунлари»ни ёзишда юнон табибларидан Гиппократ, Диоскорид, Гален, Орибазий, Павел, Ҳиндистон табибларидан Чарака асарларининг араб тилига таржимасидан; Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларидан етишиб чиққан Абу Журайж, Масиҳ адДимашқий, Ибн Мосаввайҳ, Собур ибн Саҳл, Саҳорбухт, Абу Бакр ар Розий, Абу Саҳл алМасиҳий каби олимларнинг тиббий асарларидан манба сифатида фойдаланган. «Тиб қонунлари»нинг ҳар бир китоби, ўз навбатида, қисмларга (фан), бўлимларга (жумла), мақолаларга (мақола) ва параграфларга (фасл) бўлинган.

1китобда табобатнинг назарий асослари ҳамда амалий табобатнинг умумий масалалари, табобат илмининг таърифи, унинг вазифалари, хилт ва мизож ҳақидаги таълимот баён қилинади. Кейин одам танасининг «оддий» аъзолари — суяк, тоғай, асаб, артерия, вена, пай, боғлам ва мускуллар ҳақида қисқа анатомик очерк келтирилади. Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, кўринишлари, турлари ҳамда уларни даволашнинг умумий усуллари келтирилади. Овқатланиш, ҳаёт тарзи ва ҳаётнинг ҳамма босқичларида соғлиқни сақлаш ҳақидаги таълимот ёритилади. Сурги қилиш, қайт қилдириш ва қон олиш масалаларига айрим боблар ажратилган.

2китобда ўша даврда ўсимлик, ҳайвон ва маъданлардан олинадиган 800 дан ортиқ доридармонлар таърифи, уларнинг даволи хусусиятлари ва қўлланиш усуллари баён қилинган. Муаллиф Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Ўрта Шарқ мамлакатларидан чиқадиган доридармонлардан ташқари Ҳиндистон, Хитой, Юнонистон, Африка, Ўрта денгиз атрофи ва б. жойлардан келтириладиган кўплаб дори ва моддаларни ҳам кўрсатиб ўтади. Ибн Сино тавсия қилган кўпгина дорилар фармакопеяда ҳоз. ҳам қўлланади.

3китобда одам гавдасининг бошидан товонигача бўлган аъзоларида юз берадиган «хусусий» ёки «маҳаллий» касалликлар ҳақида маълумот берилади. Бошқача қилиб айтганда, бу китоб хусусий патология ва терапияга бағишланган. Унда бош мия (шу жумладан, асаб касалликлари ва руҳий касалликлар), кўз, қулоқ, бурун, оғиз бўшлиғи, тил, милк, лаб, томоқ, ўпка, юрак, кўкрак, қизилўнгач ва меъда касалликлари, сўнгра жигар, ўт пуфаги, талоқ, ичак, орқа чиқарув йўли, буйрак, қовуқ, эркак ва аёлларнинг жинсий аъзолари касалликлари ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

4китоб киши аъзоларидан биронтасига хос бўлмаган «умумий» касалликларга бағишланган. Бундай касалликларга турли иситмалар (касаллик давридаги буҳронлар), шишлар (шу жумладан, рак), тошмалар, ярачақалар, куйиш, суяк синиши ва чиқиши, асабларнинг жароҳатланиши, бош суяги, кўкрак қафаси, умуртқа ва қўлоёқларнинг шикастланиши киритилган. Шунингдек, мазкур асарда узоқ чўзиладиган ва ўта юқумли касалликлар: чечак, қизамиқ, мохов, вабо ва қутуриш ҳақида сўз боради; заҳарлар ва заҳарланиш ҳақидаги таълимот (токсикология)нинг асосий масалалари ҳам баён қилинади. Китобнинг махсус бўлими инсон ҳусни ва чиройини сақлашга ва пардозандоз воситаларига бағишланган. Жумладан, Ибн Сино сочни тўкилишдан саклайдиган ҳамда ҳаддан ташқари семириб ёки озиб кетишнинг олдини оладиган воситаларни ҳам тавсия қилади.

5китоб фармакопея бўлиб, унда мураккаб таркибли доридармонларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш усуллари ёритилган. Унинг биринчи ҳемила турли тарёклар (зиддизаҳарлар), маъжунлар, ҳабдори, кулча дори (таблетка), элаки дори, шарбатлар, қайнатмалар, шароб, марҳам ва ҳ. к. тавсифи берилса, иккинчи қисмда муайян аъзолар — бош, кўз, қулоқ, тиш, томоқ, кўкрак қафаси ва қорин бушлиги аъзолари, бўгимлар ва турли тери касалликларини даволаш учун ишлатиладиган ҳамда синалган доридармонлар келтирилади.

11-а. нинг бошларида ёзиб тугатилган «Тиб қонунлари»нинг кўп сонли қўлёзма нусхалари тарқалиб, тиб илми бўйича энг мукаммал асарга айланади. У Шаркда нақадар машҳур эканлигини жаҳоннинг турли кутубхоналарида сакланаётган қўлёзмаларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади. Эрон олими Яҳё Махдавийнинг «Фиҳристи нусхаҳои мусаннафоти Ибн Сино» номли китобининг ўзида «Тиб қонунлари»нинг 130 нусхаси келтирилган. Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик интида ҳам «Тиб қонунлари»нинг 3 қўлёзмаси сакданади. Шулардан энг қадимийси 1308 й. да кўчирилган тўлиқ нусхадир.

Шаркда кўп олимлар, хусусан, Муҳаммад Илоқий Фаҳриддин Розий, Муҳаммад Нахчивоний, Ибн анНафис, Қутбиддин Шерозий, Маҳмуд Чағминий, Абдуллоҳ Оқсароий, Садидиддин Козаруний, Абдураҳмон Мисрий, Ҳаким Али Жилоний, Исҳоқхон ибн Исмоилхон, Ҳаким Шифоийхон ва б. «Тиб қонунлари»га шархлар ёздилар, уни қисқартириб «Қонунча» номи билан кичик қўлланмалар туздилар.

«Тиб қонунлари»нинг арабча матни биринчи марта 1593 й. Римда, кейинчалик Қоҳира (1873, 1877, 1879), Теҳрон (1889), Лакнав (1906) ва Лоҳурда (1905) қам чоп этилди, «Қонун» кўп ўтмай Ғарб мамлакатларида ҳам шуҳрат топди. 1130 й. таржимонлар гуруҳи ташкил қилинади ва кремоналик Герард (1114—1187 й.) «Тиб қонунлари»ни араб тилидан лотин тилига таржима қилишга киришади, бироқ бу ишни кейин 13-а. да яшаган Герард охирига етказади. Умуман «Тиб қонунлари» лотин тилида 40 мартадан ортиқ тўла ҳолда нашр этилган. Айрим қисмларининг нашри эса сонсаноқсиздир.

19-а. га келиб Европада «Тиб қонунлари»га бўлган қизиқиш орта бошлади ва унинг айрим қисмлари немис, француз, инглиз тилларига таржима қилинди.

Асарни ҳоз. замон тилларига таржима қилишни Ўзбекистон шарқшунослари ўз зиммаларига олдилар, улар «Тиб қонунлари» нинг 5 китобини арабчадан ўзбек ва рус тилларига таржима қилиб, 1954 — 61 й. лари Тошкентда шифокорлар билан ҳамкорликда нашр этдилар.

«Тиб қонунлари»ни арабчадан ўзбек тилига таржима қилишда шарқшунос олимлардан А. Расулев, С. Мирзаев, У. Каримов, А. Муродов, А. Қаюмов, А. Уринбоев ва Қ. Муниров қатнашган.

Русча таржимасида М. А. Салье, У. Каримов, Ю. Н. Завадовский, П. Г. Булгаков, С. Мирзаев ва А. Расулевлар иштирок этганлар.

1980 й. да Ибн Сино таваллудининг шамсий ҳисобда 1000 йиллиги муносабати билан «Тиб қонунлари к,.»нинг қайта ишланган ўзбек ва рус тилларидаги У. Каримов томонидан тайёрланган тўлиқ нашри 1979—1983 й. ларда чоп этидди. Шундан сўнг «Тиб қонунлари.» ўзбек ва рус тилларида мухтасар шаклда (3 жилдли ва 1 жилдли) яна 4 марта, рус тилида тўлиқ стереотип шаклда яна 2 марта (10-жилдли) нашр бўлди.

Бу таржималар асосида замонавий тиббиёт ва доришуносликнинг турли соҳаларига оид илмий макала ва китоблар нашр этиш ҳозир ҳам давом этмоқда.

«Тиб қонунлари» китоби кўп аерлар давомида тиббиётдан асосий дастур бўлиб келган, ҳозир ҳам бир қанча дорилфунунларда урганилади.

Сурайё Каримова.


Кирилл алифбосида мақола: ТИБ ҚОНУНЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: T ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ИБН СИНО
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТИББИЁТ
ҲИНДИСТОН
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты