ТИЛЛАТЕПА — Шим. Афғонистондаги Шибирғон ш. дан 5 км шим. да жойлашган манзилгоҳ (мил. ав. 10—9-а. лар) ва қабристон (мил. ав. 1-а.). В. И. Сарианиди раҳбарлигидаги археологик экспедиция томонидан 20-а. нинг 70-й. ларида топилган ва тадқиқ этилган.
Тиллатепа айлана тарҳли (диаметри 100 м), бал. 4 м бўлиб, археологик қазишмалар натижасида ундан мил. ав. 9—7-а. ларга оид улкан бино; қизил, қора бўёклар билан ўзига хос нақш солинган сопол идишлар, тош ёрғучоқ (ёрматош)лар ва уларнинг даста ‘ лар ҳамда 6 та қабр топилган. Шундан 5 таси аёллар қабри (мил. ав. 1-а. — мил. 1-а. гаоид) бўлиб, қабрлардан, асосан, олтиндан ишланган 20 мингта буюм чиққан. Мархумлар ёғоч тобутга ётқизилиб, тобут устига тилла ва кумуш безаклар билан қадама қилиб ишланган ёпинчиқ ёпиб қўйилган. Мархумларга юзлаб майда тилла қадама безаклар, тақинчоклар кадаб безатилган қимматбаҳо зардўзи либослар кийдирилган. Топилмалар ичида 2 шохли аждарҳонинг оёғидан ушлаб турган маъбуда тасвири туширилган тақинчоқ (шокила), отга ҳужум қилаётган бўрилар акс эттирилган қоплама, қанотли маъбуда ҳайкалчаси, шер устида ўтирган маъбуда тасвири бор, феруза тошлар билан безатилган тилла тўқа, дельфинда савлат тўкиб ўтирган «амурлар» тасвирланган тугмалар, Арес (юнонларнинг уруш худоси) сурати акс этган тақинчоқ, узуклар ва билагузуклар, ҳар хил қайкалчалар, идишлар, ханжарлар, Парфия ва Рим подшохлари (Митридат II, Фраат IV, Рим императори Тиберий ауреуси)нинг мил. ав. 16—21й. лар давомида Лугдунумда зарб қилинган тангалар диқкатга сазовордир. Буюмлар таркибининг тахлили эллинизм дунёсининг кучли таъсири сакпарфия ва ҳиндпарфия, шунингдек, Бақтрия, маданияти элементлари уйгунлашиб кетганлигини кўрсатади.
Эдвард Ртвеладзе.