УХАНЬ — Хитойнинг шарқий қисмидаги шаҳар, Ханьшуй дарёсининг Янцзи дарёсига қуйилиш ерида. Хубэй провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 7,3 млн. киши (1998, шаҳар атрофи бн). Транспорт йўлларининг муҳим чорраҳаси. Дарё порти (денгиз кемалари ҳам кира олади). Мамлакатнинг йирик саноат маркази. Саноатининг етакчи тармоғи — қора металлургия. Станоксозлик, энергетика, транспорт, радиоэлектроника ва б. саноат корхоналари фаолият кўрсатади. Хитой ФА филиали, университет, и. т. институтлари бор. Шаҳар 1953 й. да Ханькоу, Ханьян ва Учан ш. ларининг бирлашувидан вужудга келган. Ҳозирги Ухань ўрнидаги қишлоқлар мил. ав. 1-минг йилликдан мавжуд бўлган. Меъморий ёдгорликлардан 7 ярусли Баота пагодаси (13а.) сақланган. Дарёлар четига Уханьни сув тошқинидан ҳимоя қилиш мақсадида дамбалар қурилган.