ТИШСИЗ КИТЛАР, мўйловли китлар (Mysticeti) — китлар кенжа туркуми. Тишлари туғилмасдан олдин йўқолиб кетади (номи ҳам шундан). Улар ўрнида юқориги жағларда «кит мўйлови» деб аталган узун (20—450 см ли) шохеимон пластинкалар (360 — 800 та) ривожланади. Пластинкалардаги қиллар ўзаро туташиб, сиздирувчи тўр аппарат (элак) ҳосил қилади. Озиқ (майда умуртқасизлар, планктон организмлар, майда балиқлар ва б.) шу тўрдан сизилиб ўтади. Тумшуғи устида бурун тешиги жойлашган. Боши симметрик тузилган, узун тумшуқ (рострум) ҳосил қилади. Пастки жағлар бош қутисидан узунроқ, ён томонлари букилиб, юқори жағларни ўраб олади. Тишсиз китлар ҳозирги сут эмизувчиларнинг йириги (мас., кўк китнинг уз. 33 м, оғирлиги 160 т гача). Тишсиз китлар 3 оила (силлиқ китлар, йўлйўл китлар, бўз китлар) 10—11 турга ажратилади. Океанларда кенг тарқалган, тропик океанларда, одатда, учрамайди. Мунтазам миграция қилиб туради. Кўпчилик Тишсиз китлар 3—5 та ҳайвонлардан иборат кичик туда бўлиб яшайди. Тишсиз китларга гренландия кити, жануб кити, бўз кит, букри кит, финвал, сейвал, кўк кит ва б. киради. Кўплаб овлаш натижасида (ёғи, мўйлови саноатда ишлатилади) Шим. Атлантикада Тишсиз китлар деярли қолмаган. Ҳоз. Тинч океан ва Жан. ярим шардаги денгизларда учрайди. 1957 й. дан Гренландия кити, жануб кити ва бўз китлар, 1967 й. дан эса кўк китни овлаш ман этилган. 5 тури Табиатни муҳрфаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил китобига киритилган.