ТОЖИКИСТОН ҚЎЙ ЗОТИ — ярим дағал жун берадиган думбали қўй зоти. 1947—64 й. лар давомида Тожикистон қишлоқ хўжалиги и. т. интининг Даганакийик экспериментал хўжалигида акад. Ғ. А. Алиев раҳбарлигида ва қатор чорвадорлар иштирокида ҳисори совликларини саражи қўчқорлари билан чатиштириш ва олинган саражиҳисори дурагайи қўчқорлари билан линкольнҳисори дурагайи совликларини чатиштириб чиқарилган. Ҳисори қўйига хос йириклик, мустаҳкам конституция, эрта етилувчанлик, юқори гўштдорликёғдорлик каби қимматли хўжалик белгиларини сақлаб қолиш билан биргаликда, қўйларда жун маҳсулотини ошириш ва сифатини яхшилаш каби қўшимча кўрсаткичлар ҳам ўз ифодасини топтан. Қўчқорларининг тирик вазни 90—100 (баъзан 140), совлиқлари 70—75 кг. Қўчқорларидан 3,5—4,0, совликларидан 2,5—2,7 кг жун олинади. Жуни кокилсимон тузилишга эга, сал тўлқинсимон, ялтироқ, пишиқлиги, қайишқоқлиги ва эластиклиги билан ажралиб туради. Кокилларининг узунлиги қўчқорларида 18 — 21, совлиқларида 15—16 см. 65— 72% тоза жун чиқади. Серпуштлиги 100 она қўйдан 100—110 қўзи олинади.
Бу зот қўйлари, асосан, Тожикистонда ва қисман Ўзбекистонда кўпайтириб боқилади. Ўзбекистонда мазкур зотдан дағал жунли думбали жайдари қўй зотларини яхшилаш учун фойдаланилади.
Ад.: Воробьев П. А., и др., Овцеводство, козоводство и технология производства шерсти и мяса, М., 1989; Васильев Н. А. и др., Овцеводство и технология производства шерсти и баранины, М., 1990.
Абдусаттор Амиров.