ВАКЦИНАЛАР (лот. vaccina — сигирга оид) , эмлашда ишлатиладиган моддалар — инфекцион касалликларнинг олдини олиш ёки даволаш мақсадида қўлланиладиган препаратлар. Микроорганизмлар, шунингдек уларнинг зарарсизлантирилган токсинларидан тайёрланади, организмга юборилганда тегишли юқумли касалликларга нисбатан сунъий орттирилган фаол иммунитет вужудга келади. Тирик, ўлдирилган, кимёвий Вакциналар ва анатоксинлар фарқ қилинади. Тирик Вакциналар (чечак, полиомиелит, қизамиқ, грипр, тоун, туляремия, силга қарши В.) касаллик қўзғатиш хусусиятини йўқотган, бироқ иммуноген хоссаларга эга бўлган, қўзғатувчига қарши ҳимоя антителолар ҳосил қиладиган махсус кучсизлантирилган микроорганизмлардан тайёрланади. Бунда микроорганизмлар сунъий озуқа муҳитида ёки ҳайвон организмида узоқ ундирилади. Тирик Вакциналар қўлланилганда иммунитет барқарор бўлиб, узоқ сақланади.
Ўлдирилган Вакциналар бактериялар ва вирусларга юқори т-ра, ультрабинафша нурлар, ультратовуш, формалин, спирт ёки б. моддалар таъсир эттириб тайёрланади (ич терлама, кўкйўтал ва б. касалликларга қарши Вакциналар). Кимёвий Вакциналар (ич терлама, тошмали терлама, паратифлар, вабо, дифтерия, қоқшол ва б. касалликларга карши Вакциналар), микроорганизмлар ёки уларнинг маҳ-сулотларидан махсус ажратиб олинган фаол компонентлардир.
Анатоксинлар бактериал экзотоксинлардан (қ. Токсинлар) уларнинг заҳарли хоссаларини формалинда зарарсизлантириш йўли билан олинади. Тиббиёт амалиётида битга (моновакцина), иккита (дивакцина) ёки ундан кўп (поливакцина) микроорганизм компонентларидан иборат Вакциналардан фойдаланилади. Микробларнинг бир неча типидан тайёрланиб битта юқумли касалликка қарши қўлланиладиган вакцина поливалент вакцина дейилади. Вакциналар турли йўллар билан юборилади; мускул орасига (қизамиқ), тери остита (ич терлама, тошмали терлама, паратифлар, дизентерия, вабо, ўлат ва б.), тери юзасига (чечак, сил, туляремия, куйдирги), бурунга (грипп) ёки оғиз орқали (полиомиелит). Айрим юқумли касалликлар (чечак, сил, дифтерия ва б.)нинг олдини олиш учун Вакциналар режа асосида, бошқа ҳолларда эса эпидемик кўрсаткичлар бўйича юборилади. Вакциналарни кенг қўллаш туфайли бактериал ва вирусли инфекциялар-нинг олдини олишга муваффақ бўлинди. Ветеринария амалиётида вирусли (қутириш, Ауески касаллиги, парранда чечаги, ўрдаклар вирусли гепатити ва б.) ҳамда бактерияли (куйдирги, бруцеллёз, лептоспироз, браузет ва б.) касалликларнинг олдини олиш ва даволашда тирик, ўлдирилган Вакциналардан кенг фойдаланилади. Саиджалол Ьаҳромов, Ҳошим Нурмамашов.