ТОКСОПЛАЗМОЗ — ички аъзо ва системалар функциясини издан чиқарадиган паразитар касаллик; бир ҳужайрали содда ҳайвон — токсоплазмалар қўзғатади. Одам, ҳайвон (чўчқа, қуён, қорамол, қўй, кийик, тулки, олмахон, юмронқозиқ) ва паррандалар (товуқ, ўрдак, каптар)да учрайди. Касаллик манбаи, асосан, итлар, мушуклар ва Токсоплазмоз билан оғриган бемор ҳисобланади; улар ўзларининг сўлаги, сийдиги, нажаси, сути, бурун шилимшиғи орқали ташқи муҳитга кўплаб касаллик қўзғатувчисини тарқатади. Токсоплазмалар одамга овқат маҳсулотлари (хом гўшт, пиширилмаган сут, хом тухум) орқали, шунингдек, бевосита касал ҳайвонлар билан мулоқотда бўлганда (чорвачилик хўжаликлари ва гўшт кти ходимлари ёки терига ишлов берувчилар) юқиши мумкин. Уй шароитида, айниқса, аёллар қийма таъмини тотиб кўрганида ҳам токсоплазма юқади. Токсоплазма шиллиқ пардалар (оғиз, бурун, кўз шиллиқ пардаси) ёки чақаланган терига тушиши, шунингдек, трансмиссив ва б. йўллар билан юқиши мумкин. Одам организмига тушган токсоплазма қон томирлар орқали турли аъзолар (мия, кўз, жигар, талоқ, юрак ва лимфа безлари)га тарқалади ва шу аъзоларнинг зарарланишига сабаб бўлади.
Туғма ва орттирилган Токсоплазмоз фарқ қилинади. Туғма Токсоплазмозда касаллик она организмидан қон орқали ҳомилага ўтади. Токсоплазмоз ҳомилага дастлабки ойларда юқса, бола тушади ёки улик, ёхуд мажруҳ бўлиб туғилади. Орттирилган Токсоплазмоз ўткир ва сурункали кечади. Ўткир Токсоплазмозда бемор иситмалайди, боши, мускуллари оғрийди; лимфа безлари, кўз, тери, мия қобиклари ва ички аъзоларига путур етади. Сурункали Токсоплазмоз йиллаб чўзилиши мумкин. Бунда беморнинг траси юқори бўлади, боши оғрийди; қувватсизлик, асабийлашиш кузатилади; кўриш, хотира ва иш қобилияти пасаяди; жигар, талоқ ва лимфа безлари шишади; гепатит, миокардит, зотилжам юзага келиши мумкин.
Касалликнинг олдини олиш учун касал уй ҳайвонларини аниқлаш ва уларни ажратиб қўйиш; болаларни ит, мушук билан ўйнашларига йўл қўймаслик лозим. Истеъмол қилинадиган гўшт, сут маҳсулотларини албатта яхшилаб пишириш ёки қайнатиш керак.