ТОШКЕНТ ҲАЙВОНОТ БОҒИ — маърифий ва и. т. ишлари олиб борадиган муассаса. 1924 й. да 3 га майдонда Ўрта Осиё унти биолог олимлари ташаббуси билан собиқ подшо генералгубернаторининг шаҳар чеккасидаги дала ҳовлисидаги кичик ҳайвонот бурчаги негизида ташкил этилган. 40-й. лар охирида 200 турдан ортиқ ҳайвонлар жамланган ҳайвонот боғига айланди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарорига кўра, 1994—97 й. ларда Тошкент ҳайвонот боғи учун барча замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган янги ҳайвонот боғи қурилди. Ботаника боғи яқинида жойлашган мазкур ҳайвонот боғига 1997 й. 1 сент. да Тошкент ҳайвонот боғи кўчиб ўтди. Умумий майд. 22,7 га. 349 турдаги 3000 дан ортиқ жониворлар, шу жумладан, сут эмизувчиларнинг 58 тури, қушларнинг 74 тури, рептилиялар ва амфибияларнинг 26 тури, баликларнинг 191 тури (2141 дона) сакланади (2004). Аквариум бўлимида денгиз аквасистемаси барпо этилган бўлиб, унда денгиз жониворлари, акула ва баликлар, полиплар ва б. яшаш учун шароитлар яратилган. Ҳайвонот боғи йиртқич қушларни кўпайтиришга ихтисослашган (қорақуш, калхат, болтаютар, кондор ва б.). Ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар турларини кўпайтириш бўйича илмий ишлар олиб борилади. Чет эллардаги 86 музей билан ҳайвонлар ва илмий ахборотлар алмашиш бўйича ҳамкорлик қилади. 1998 й. дан Европа—Осиё зоопарклар ва аквариумлар минтақавий уюшмасига аъзо. Тошкент ҳайвонот боғи Ашхобод, Термиз, Душанба, Олмаота ҳайвонот боғларини ташкил топишида бевосита иштирок этган.