ТОШҚАЗГАН ГРАФИТ КОНИ — Навоий вилоятидаги кон. Марказий Қизилқумдаги Қулжуқтов тоғлари ғарбий қисмида жойлашган. 1928—29 й. ларда очилган. Кон геологиясини кейинроқ X М. Абдуллаев, И. Ҳ. Ҳамробоев ва б. ўрганган. Генезисига кўра, контакт метасоматик турга мансуб бўлиб, габброид интрузивлар билан девон даврига оид чўкинди метаморфик тоғ жинслари чегарасида ҳосил бўлган метасоматитларда жойлашган. Графит рудалари турли даражада ўзгарган ва графитлашган габбролардан иборат. Одатда, контактнинг бурмаланган жойларида ҳамда габброидларни қамраб турувчи оҳактош қатламлари оралиғидаги таналар билан боғлиқ ҳолда линзасимон, желваксимон, уячасимон шаклларда учрайди. Руда таналарининг уз. 20 — 90 м дан 500—600 м гача, қалинлиги 0,5—5 м дан 60—90 м гача. Графитнинг ўртача миқдори 11% бўлиб, у 30—40% гача ўзгариб туради. Руда таркибида Ni, Co ҳамда пирит, пентландит, бравоит каби сульфидли минераллар мавжуд. Сульфидлар таркибида Pt, Pd, Rh, Au, Ag, Си ва б. элементлар ғам бор. Т. г. к. да минерал таркиби ва ҳамда Ni ва Со нинг миқдори қайта ишлаш технологиясига караб рудалар икки (оксидланган ва кам ўзгарган) турга ажратилади. Уларнинг бойитиш ва қайта ишлаш технологиялари ғам анча фаркланади. Тошқазган графит кони Ўзбекистонда маълум бўлган бир неча графит конларидан энг каттаси бўлиб, рудалар юқори сифатли ва катта захирага эга.