ВЕНЕСУЭЛА

ВЕНЕСУЭЛА (Venezuela), Венесуэла Боливар Республикаси (La Republica Bolivariana de Venezuela) — Жан. Американинг шим. даги давлат. Шим. дан Кариб денгизи ва Атлантика океани билан ўралган. Майд. 912,1 минг км2. Аҳолиси 23 млн. киши (1999). Пойтахти — Каракас ш. Маъмурий жиҳатдан федерал (пойтахт) округ, 22 штат, 72 федерал ҳудудга бўлинган.

Давлат тузуми. Венесуэла — федератив республика. Амалдаги конституция 1999 й. 30 дек. дан кучга кирган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи — президент (1999 й. фев. дан Уго Рафаэль Чавес Фриас). У 6 й. га сайланади, кетма-кет иккинчи марта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент — Миллий ассамблея; у аҳоли томонидан умумий тўғри яширин овоз бериш йўли билан 5 й. га сайланади. Ижроия ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Венесуэла ҳудуди рельефига кўра 3 қисмдан иборат: шим.-ғарб ва шим. да Анд тоғларининг бир қисми — Сьерраде-Периха ва Кордильера-де Мерида тоғлари (Боливар чўққиси, 5007 м), марказида Ориноко текисликлари (Льянос Ориноко) — бал. 40—150 м гача бўлган аллювиал пасттекислик ва жан.-шарқда Гвиана ясситоғлиги — денудацион текислик (300—400 м) бор. В. нинг асосий қазилма бойлиги нефть (В. чекка букилмаси ва Маракайбо ботиғида) ва газ; темир рудасининг йирик конлари, марганец рудаси, олмос, олтин, никель ва вольфрам конлари ҳам бор.

Иқлими иссиқ субэкваториал бўлиб, езда ёғин кўп ёғади, қиши қуруқ, жан.ғарбда эса иқлими экваториал, нам. Ойлик ўртача т-ра 25° дан 29° гача, шим.ғарбда 280 мм, марказий қисмида 750— 1200 мм, жан.-шаркда 2000 мм гача ва жан.-ғарбда ҳамда Кордильера-де Мериданинг шим. ён бағирларида 2000—3000 мм гача ёғин ёғади. Дарёлари кўп, асосан Ориноко дарёси ҳавзасига киради; Ориноконинг юқори оқими ва унинг ўнг ирмоқлари (Вентуари, Каура, Карони ва б.) серостона, жуда кўп шаршаралар ҳосил қилади (дунёда энг баланд Анхель шаршараси — 1054 м В. ҳудудида), чап ирмоқларида кема қатнайди. Энг йирик кўли — Маракайбо кули. Қизил латерит (ферраллит ва феррит) тупроқлар кўпроқ учрайди, жан.-шарқий ва жан-. да подзоллашган латерит, Қуйи Льяноснинг шим. да ва Маракайбо пасттекислигининг жан. да ўтлоқи-ўрмон ва ботқоқ тупроқлар тарқалган. Венесуэла ҳудудининг ярмидан кўпи ўрмон, доимий яшил ўрмонларда қимматбаҳо дарахтлар ўсади, баланд тоғларда ўтлоқлар бор. Льяносда саванналар, пасттекисликларида мангра чакалакзорлари кўп. Миллий боғлари: Канайма, Серрания-ла-Неблина, Хауа-Сарисаринама ва б.

Ҳайвонот дунёси жуда бой. Бу ерда маймунлар, майда буғулар, ялқов чумолихўр, зирҳлилар ва б. ҳайвонлар яшайди. Қушлардан қора тумшуқли қўтон, катта шафтолихўр, тўти, колибрилар бор. Дарёларда кайман (тимсоҳ) ва электрик илонбалиқлар кўп. Аҳолиси. Асосан, венесуэллар (90%). В. нинг жан. да ярим кўчманчи индейс қабилалари, шарқца, Ориноко дельтасида варрау, ғарбда, Колумбия чегарасида чибча, кариб ва аравак қабилалари яшайди. Давлат тили — испан тили. Диндорлар асосан католиклар. Шаҳар аҳолиси 84%. Йирик шаҳарлари: Каракас, Маракайбо, Баркисимето, Валенсия ва б.

Тарихи. Кадим замонлардан Венесуэла ҳудудида аравак, кариб ва б. майда шеваларда гаплашадиган индейс қабилалари яшаган. Бу қабилалар ибтидоий-жамоа тузумининг турли босқичларида бўлиб, овчилик, балиқчилик ва деҳқончилик б-н шуғулланган. 1498 й. X. Колумб В. соҳилларига кириб келган. 1499 й. испанларнинг А. де Охеда экспедицияси Венесуэла қирғоқларини Маракайбо қўлтиғигача текширганида индейсларнинг сувда қозиқлар устига қурилган турар жойларини кўриб, бу диёрни Венесуэла (кичик Венеция) деб аташди. 16-а. бошларида испанлар В. ни босиб олди. 1810 й. В. да мустақиллик учун кураш бошланди. Бу курашга Ф. Мирандо, кейинчалик С. Боливар раҳбар бўлди. Натижада 1811 й. В. мустақилликка эришди. 1819 й. В. Буюк Колумбия Республикаси таркибига кирди. 1830 й. дан Венесуэла — мустақил давлат. 19-а. нинг 2-ярмидан мамлакатга чет эл капитали суқилиб кирди. 1913 й. да нефть конлари очилди. Нефть чиқаришнинг тез суръатлар билан ўсиши натижасида ишлаб бсрувчи саноатнинг бир қанча тармоқлари пайдо бўлди, бу эса мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётига ҳал қилувчи таъсир қилди. 1947 й. генерал Медина Ангарита ҳарбий режими ағдарилгач, атоқли ёзувчи Ромуло Гальегос мамлакат президенти бўлиб қолди. Гальегос ҳукумати чет эл нефть компаниялари даромадларидан давлат фойдасига олинадиган солиқни кўпайтирди, бу компанияларнинг фаолиятини чеклайдиган бир қанча тадбирлар кўрди, саноатда давлат секторини яратиш, аграр ислоҳот ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ана шу тадбирлар, шунингдек Венесуэланинг сиёсий мустақилликка эришиш йУлидаги ҳаракати чет эл монополияларининг норозилигига сабаб бўлди. 1948 й. нояб. да бир гуруҳ зобитлар чет эл монополиялари ёрдамида давлат тўнтариши ўтказди. Перес Хименес 1952 й. да мустабид диктатура режим и ўрнатди. П. Хименес ҳукумати даврида (1952—58) Венесуэла иқтисодий асоратга тушди. Бироқ мамлакатдаги барча сиёсий кучлар бирлашиб, диктатурага қарши қуролли қўзғолон кўтарди ва 1958 й. янв. да Хименес ҳукумати ағдарилди. Бу ғалаба натижасида мамлакатда демократик йўлдан бориш, меҳнаткашларнинг энг муҳим талабларини қондириш имконияти туғилди. Бироқ президент Р. Бетанкур ҳукумати миллий мустақилликни ҳимоя қилиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш керак десада, амалда реакцион кучларга ён бериш сиёсатини юритди. Р. Бетанкурнинг реакцион сиёсатидан мамлакатдаги барча сиёсий гуруҳлар норози эди. 1963 й. дек. да сайланган президент Р. Леони ҳукумати ана шуни ҳисобга олиб, ички ва ташқи сиёсатда жуда усталик б-н иш тута бошлади. Бироқ бу сиёсат ўз моҳиятига кўра, миллат манфаатига зид сиёсат бўлганидан мамлакатда илғор кучларнинг қаршилиги кучая борди. 1968 й. апр. да ҳукмрон «Демократик ҳаракат» партиясида парокандалик рўй берди ва у 1968 й. президент сайловида мағлубиятга учради. 1968 й. президент сайловида Социал-христиан партиясининг раҳбари Р. Кальдера ғалаба қозониб, 1969 — 74 й. лардаги муддатга давлат бошлиғи қилиб тайинланди. Шундан кейин ҳам Венесуэлада давлат президенти бир неча марта ўзгарди. Венесуэла 1945 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР б-н дипломатия муносабатларини 1996 й. 26 апр. да ўрнатган. Миллий байрами — 5 июль — Мустақиллик эълон қилинган кун (1811).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари: Демократик ҳаракат, 1941 й. да асос солинган; Халқ сайлов ҳаракати, 1967 й. да тузилган; Миллий конвергенция, 1993 й. да асос солинган; Республикачи демократик иттифоқ, 1946 й. да тузилган; Социал-христиан партия, 1946 йда тузилган; Социализм учун ҳаракат, 1971 й. тузилган; В. Коммунисток партияси, 1931 й. ташкил этилган; Радикал иш партияси; Бешинчи Республика ҳаракати, 1997 й. асос солинган; Сўл инқилобий ҳаракат, 1960 й. тузилган. Касаба уюшмалари: В. меҳнаткашлари ягона маркази, 1963 й. да тузилган; В. меҳнаткашлари конфедерацияси, 1936 й. да ташкил этилган.

Хўжалиги. Венесуэла — Лотин Америкасида иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлардан бири. Унинг хўжалиги нефть қазиб олиш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган. Бу соҳада Венесуэла дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Давлат нефть ва газ саноати, электр энергетика, темир руда қазиб чиқариш ва нефть кимёси тармокларини ўз ихтиёрига олган. Венесуэла ялпи маҳсулотида саноат 48% ни, хизмат кўрсатиш тармоғи 45 % ни, қ. х. 7% ни ташкил этади.

Саноати. Мамлакат валюта тушумларининг 90% дан кўпроғини нефть саноати таъминлайди. Нефтни қайта ишловчи 12 з-д йилига салкам 80 млн. тонна нефтни қайта ишлайди. Шунингдек табиий газ, юқори сифатли темир рудаси, боксит, марганец, никель, олтин, олмос, тошкўмир ҳам қазиб олинади. Йилига 61 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади (ярмидан кўпи ГЭС ларда). Кимё ва нефть кимёси саноати, автомобилсозлик, қора металлургия ривожланган. Озиқ-овқат, тўқимачилик, чармпойабзал, қоғоз, цемент саноати корхоналари бор. Асосий саноат марказлари: Каракас, Маракайбо, Валенсия, Маракай, Пуэрто-Кабельо, Ла-Гуайра.

Қишлоқ хўжалиги. Иқтисодий фаол аҳолининг 12 % га яқини шу соҳада банд. Йирик ер эгалиги устун. Ер майдонининг 2% га яқини ишланади. Яйлов ва ўтлоқлар 18%, бошқа ерлар 80%. К-х. маҳсулотлари қийматининг ярми деҳкончиликка тўғри келади. Aммo у мамлакатнинг озиқовқатга бўлган эҳтиёжини қондирмайди. Деҳқончилик асосан тоғ ён бағирларида ва денгиз соҳилларида ривожланган. Анд тоғларидаги ўрмонларни кесиш ва ёндириш йўли билан ҳам ер очиб деҳкончилик қиладилар. Асосий озиқ-овқат экинлари: маккажўхори, шоли, кофе, какао. Бундан ташқари картошка, дуккакли экинлар, шакаркамиш, суғориладиган ерларда пахта ҳам етиштирилади. Чорвачиликда қорамол, чўчқа, қўй ва эчки боқилади. Каракас, Маракайбо атрофларида йирик сутчилик фермалари бор. Аммо аҳолининг сутга бўлган эҳтиёжи фақат 50 % қондирилади. Денгиз ва дарёларда балиқ овланади.

Транспорти. Ички юк ташишнинг 90% га яқини автомобиль транспортига тўғри келади. Автомобиль йўлларининг уз. 101 минг км, т. й. ларнинг уз. 336 км. Денгиз савдо флоти мавжуд. Асосий портлари — Ла-Салина, Пуэрто-Кабельо, Маракайбо, Амуай, Пунта-Кардон. Четга чиқариладиган маҳсулотларнинг 9/10 қисмини нефть ва нефть маҳсулотлар ташкил этади; шунингдек алюминий, темир рудаси, прокат, кимёвий маҳсулотлар, минерал хом ашё, олтин ҳам чиқаради. Четдан машина ва асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, доридармон, транспорт воситалари, буғдой, маккажўхори, сут маҳсулотлари олади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: АҚШ, Бразилия, Германия, Канада, Италия, Япония ва б. Пул бирлиги — боливар.

Тиббий хизматга Венесуэла Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлик қилади. Давлат даволаш муассасаларида бепул тиббий хизмат кўрсатилади, хусусий шифокорлар ҳам бор. Мамлакатдаги касалхоналарда 40 мингга яқин ўрин бор. 15 минг шифокор хизмат кўрсатади. Шифокорларни ун-тларнинг 7 ф-ти тайёрлайди.

Маорифи, илмнй ва маданвй-маърифий муассасалари. Мамлакатда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга бепул мажбурий таълим берилади. Бошланғич мактабда 6 й., ўрта мактабда (лицейда) 5 й. ўқитилади. Хусусий мактаблар ҳам бор. Каракасда Марказий ун-т, Валенсия, Маракайбо, Мерида ш. ларида ун-тлар мавжуд. Миллий тил академияси (1882), тиббиёт академияси (1904), бОдан ортиқ и. т. муассасаси ва 60 илмий жамият, Каракасда Миллий кутубхона (1883), Тасвирий санъат, тарих ва С. Боливар музейлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттириш ва телекўрсатуви. Венесуэлада нашр этиладиган йирик газ. лар: «Насиональ» («Миллат», 1943 й. дан), «Универсаль» (1909 й. дан), «Ультимас нотисиас» («Сўнгги хабарлар», 1941 й. дан), «Мундо» («Жаҳон», 1958 й. дан). Йирик жур. лари: «Моменто» («Лаҳза», 1959 й. дан), «Элите» («Элита», 1925 й. дан). Венпрес ҳукумат ахборот агентлиги 1975 й. да тузилган; «Иннак» хусусий ахборот агентлиги 1958 й. дан бери ишлайди. Радиоэшиттириш 1930 й. дан (асосан испан тилида), телекўрсатувлар 1952 й. дан олиб борилади. Бир қанча радио ва телест-ялар бор. Радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни В. Миллий радиоси ва В. Миллий телевидениеси назорат қилади.

Адабиёти. Испанлар босиб олгунча бўлган индейсларнинг халқ оғзаки ижоди намуналари сақланиб қолмаган. Ёзма адабиёт асосан испан тилида ривожлана бошлади. 19-а. бошларида ҳажвчи В. Салиас, шоир X. А. Монтенегро, драматург X. Д. Диас, публицистлар Ф. Миранда ва С. Боливар асарларида маърифатпарварлик ғоялари акс этди. Венесуэла мустақилликка эришгандан кейинги янги адабиётнинг шаклланишида шоир ва олим Андреас Бельонинг маърифатпарварлик руҳида ёзилган «Поэзияга мурожаат», «Тропик деҳқончилик шарафига» поэмалари муҳим роль ўйнайди. 19-а. нинг 2-ярмидан Венесуэла адабиётида романтизм ҳукмронлик қилди. Бу оқимнинг X. П. БоНальде, X. Р. Енес, X. Калькано каби намояндалари ижодида Европа ва Америка романтизми асарларига тақлид кучли. 19—20-а. лар чегарасида натурализм ва модернизм оқимлари пайдо бўлди. Демократик ва инқилобий ҳаракатлар таъсирида танқидий реализм ривожланди. Мамлакатдаги ижтимоий зиддиятлар, меҳнаткашларнинг қашшоқ ҳаёти Р. Гальегос («Салар оиласидан охирги киши», 1920; «Донья Барбара», 1929; «Қашшоқ негр», 1937), Р. Д. Санчес («Нефть», 1936), М. О. Сильва («Безгак», 1939,«Бўш қолган уйлар», 1957) каби ёзувчилар ижодида ўз ифодасини топди. Г. Л. Каррери «Менинг эътирозим» (1962) ҳикоялар тўпламида, Э. Суберо «Зулматда» (1963), Э. Коломбани «Бугун хитоб қиламан» (1963) китобларида халқ оммасининг норозилик кайфияти ва курашларини акс эттирдилар. Тараққийпарвар адиблар тинчлик, демократия йўлида баракали ижод этмоқдалар.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Пальма шоҳлари ёпилган кулбалар индейсларнинг турар жойлари бўлган. 16-а. дан бошлаб испанлар томонидан шаҳарлар бунёд этила бошланди. 18а. да Венесуэла шаҳарларида бинолар, асосан, шаҳар майдони атрофида (барокко услубида) қурилди. Ла-Гуайра, ПуэртоКабельо, Каракас ва б. шаҳарларда икки қаватли турар жой, савдо, маъмурий бинолар ҳамда ибодатхоналар қурилиши авж олди. 19—20-а. ларда Венесуэлада Европа усулида қурилган кўп қаватли ҳар хил меъморий иншоотлар қад кўтарди. Л. Урданета, Р. Гарема, Г. Бермудес каби меъморлар етишди. Қурилиш, асосан, Каракасда ривожланди. Лотин Америкасининг машҳур меъмори К. Р. Вильянуэва иштирокида Венесуэлада ун-т шаҳарчаси ва б. бинолар қурилди. Замонавий меъморлик темир-бетон конструкциялар асосида ривожланди.

Венесуэла ҳудудида испанлар босиб олгунга қадар индейслар кулолчилиги ва қоя рассомлиги ривожланган эди. 17—18-а. лар рассомлиги ва ҳайкалтарошлиги асосан диний характерда. 19-а. бошларида маҳаллий портрет санъати вужудга келди (X. Ловера). 19-а. ўрталарида озодлик ҳаракатининг таъсирида ватанпарварлик руҳидаги тарихий ҳайкалтарошлик (М. Гонсалес, Э. Паласиоси-Кавельо) ва рассомлик (М. Товари-Товар, А. Мичелена) ривожланди. 19-а. охири — 20-а. бошларида жанрчи А. Мичелена, романтик К. Рохас, манзарачи Ф. Брандт, импрессионизм вакиллари — Э. Боггио, Р. Монастериос каби рассомлар ижод қилдилар. Венесуэла санъатида реализм билан бир қаторда модернизм оқимлари ҳам тарқалган.

Театры. Каракасда 16-а. дан бошлаб театр томошалари ора-сира кўрсатила бошлади. 1853 й. Маракайбода биринчи миллий комедия («Виждонсиз, бахил ва дангаса», М. Фернандес) саҳналаштирилди. 19-а. нинг охири — 20-а. нинг биринчи ярмида Венесуэла драматургиясидаги жонланиш театр санъатида ҳам ўз аксини топди. 50-й. ларда бир неча театр мактаблари очилди. Каракасда Комедия театри, «Театр мунисипаль», «Театро насьональ», «Полиэдро», «Атенео» ва б. театрлар бор. Маракайбо, Баркисимето, Мерида каби шаҳарларда ҳам театрлар мавжуд. И. Грамко, С. Ренхифо, В. Франко, И. Чокрон ва б. нинг пьесалари қўйилади. А. де Паси-Матеос, К. Ортис, А. Лопес, Н. Куриель, X. Торрес ва б. театр арбоблари машҳур. 1959 й. дан Венесуэла театри фестивали ўтказиб турилади.

Киноси. В . да биринчи фильм («Каракасда карнавал») 1909 й. суратга олинган. Миллий кино санъати эса 20-а. нинг 30-й. ларида юзага келди. 1948 — 54 й. ларда Каракасда «Боливар фильм» киностудияси ишлади. Бир неча кинопрокат фирмаси бор. Венесуэлада йилига 2—3 тўла метражли фильм ишлаб чиқарилади. Венесуэлада тайёрланган «Морена Клара» кўп қисмли бадиий фильми Ўзбекистон телевидениеси орқали бир неча марта намойиш этилди. С. Энрикес, У. Петерсен, М. Лара, Р. Чальбауд, А. Рохас, Э. Фернани, Э. Монтехо Венесуэланинг машҳур кино арбобларидир.

Венесуэланинг ЎзРдан географик жиҳатдан олислиги сабабли улар ўртасидаги савдоиқтисодий алоқалар эндигина ривожлана бошлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 1997 й. да атиги 0,2 минг АҚШ долларини ташкил зтди.


Кирилл алифбосида мақола: ВЕНЕСУЭЛА ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: В ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
РОССИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты