ВЕРТИКАЛ ПЕЧЬ — металлдан ясалган узун буюмлар ва вертикал вазиятда пастга ёки юқорига ҳаракатланадиган металл полосаларга термик ишлов (иссиқлик ишлови) бериш учун мўлжалланган вертикал қурилма. Металлургия ва машинасозликда қўлланилади. Вертикал печьнинг узлукли ва узлуксиз ишлайдиган хиллари бор. Узлукли ишлайдиган печлар (шахтасимон печлар) да ҳарбий қуролларнинг стволлари, валлар, турбиналарнинг роторлари ва б. узун буюмлар тобланади ва бўшатилади. Бунда буюмлар газ ёки электр токи билан қиздирилади. Бундам печларнинг баландлиги 30 м га, иш бўшлиғининг диаметри 4 м гаетади.
Узлуксиз ишлайдиган печларнинг бир ўтишли ва икки ўтишли турлари бор. Иссиқлик ишлови бериладиган полоса печь орқали ўтказилади. Бундай Вертикал печьда совуқлайин прокатланган полосалар (тунука, трансформатор темири, зангламас металл ва б.)га иссиқлик ишлови берилади. Печнинг бал. 30 м га, унда ишлов бериладиган полосанинг уз. 800 м га етади. Печда газ ёқилади. Бундай печь қора металлургияда, совуқлайин прокатланган полосалар ва ленталар и. ч. да қўлланилади, печдаги жараёнлар бошқарувчи ҳисоблаш машиналари ёрдамида автоматлаштирилган (к.. Печь).