ВЕТЕРИНАРИЯ АКУШЕРЛИГИ — клиник фан, жинсий жараённинг норма ва патология масалалари билан шуғулланиб (уруғлантириш, оталаниш, бўғоз бўлиш, туғиш ва туққандан сўнгги давр), шунингдек сут безлари ва янги туғилган ҳайвонлар касалликларини ўрганади. Ветеринария акушерлиги қишлоқхўжалиги ҳайвонларини сунъий қочириш назарияси ва амалиётини ишлаб чиқади, ҳайвонларнинг туғишига ёрдам бериш ва бош сонини кўпайтириш йўлларини ўргатади. Ветеринария акушерлиги ҳайвонлар морфологияси, физиологияси, биокимёси, микробиологияси, зоогигиенаси, хирургияси ва б. фанларга таяниб иш олиб боради. Ветеринария соҳасидаги олимлар ҳайвонларнинг қисир қолиши, бола ташлаши ва мастит касалликлари таснифини, бўғоз моллар диагностикасининг турли усулларини, жинсий аъзо ва туғруқ йўлларида содир бўладиган касалликларни даволаш йўлларини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этди. Акушерлик муаммоларининг илмий асослари б-н ЎзР Ветеринария, Чорвачилик и. т. ин-тлари, Самарқанд қишлоқ хўжалиги ин-ти, шунингдек ветеринария лаб. лари шуғулланади.