ТРИХОФИТИЯ (юн. trichos — қил, соч ва phyton — ўсимлик) , қирма темиратки (мойхўрак) — замбуруғлар қўзғатадиган юқумли касаллик. Т. ни паразит замбуруғларнинг бир неча тури қўзғатади. Улардан айримлари фақат одамда паразитлик қилиб, Трихофитиянинг юзаки шаклини келтириб чиқаради. Бошқалари, асосан, ҳайвонлар (сичқон, каламуш, сигир, от, қўй ва б.)да паразитлик қилади; Т. билан зарарланган одамларда унинг чуқур шакли пайдо бўлади.
Юзаки Трихофития билан, асосан, болалар, айрим ҳолларда катталар, айниқса, аёллар касалланади. Бунда тери ва бошнинг сочли қисми, камроқ соқол ва мўйлов касалланади. Касаллик соғлом одамга бемордан ёки унинг буюмлари (бош кийим, тароқ ва б.)дан ўтади. Замбуруғ тушган терида 5—7 кундан сўнг думалоқ қизил яллиғланган доғ пайдо бўлиб, тезда катталашади ва қипикланади. Бошнинг сочли қисмидаги замбуруғлар теридан тезда сочга ўтади. Соч толаларининг туси ўзгаради, мўртлашади, зарарланган жойдаги толалар тўкилиб кетади, тирноқлар ҳам зарарланади.
Чуқур Трихофитияда одам баданида ва бошнинг сочли қисмида, соқол, мўйловларда йирингли яра (қ. Абсцесс) пайдо бўлади. Улар оғриб, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади, баъзан траси кўтарилади. Агар вактида даволанмаса, соч тўкилиб кетади. Трихофитиянинг чуқур шакли кўпинча сут соғувчилар ва чўпонларда кузатилади. Ҳоз. жинсий йўл билан юқадиган қов соҳа Трихофитияси ҳам аникланган. Трихофития билан оғриган бемор касалхонада даволанади. Тери Трихофитияси қисқа вақт ичида тузалиб кетади. Соч ва тирноқ Т. си узоқ даволанишни тақозо этади.
Чуқур Трихофитиянинг олдини олиш учун сичқон ва каламушларга қарши кураш олиб борилади.