ТРОП (юн. tropos — нутқнинг ўзгариши, бошқача туе олиши) — нутқнинг ифодавийлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида сўз ва ибораларнинг кўчма маънода қўлланишидан иборат поэтика ва стилистика тушунчаси; шундай маънода қўлланган сўз ва ибораларнинг умумий номи. Бунда одатий тарзда маълум бир предмет (ҳодиса, жараён, хусусият ва б.) номини атовчи сўз, сўз бирикмаси муайян нутқ вазиятида бошқа предмет (воқеа, жараён ва б.) ни билдириш учун қўлланади; ҳосила сўз, яъни кўчма маънодаги сўз ўзининг келиб чиқишига асос бўлган сўз (сўз бирикмаси) билан ўхшашлик ёки алоқадорлик жиҳатдан боғлиқ бўлади. Улар орасида маълум даражада миқдорий ёки сифатий тафовутлар бўлиши мумкин. Mac, «бургут» сўзи қушнинг номи бўлиш билан бирга, шу қушнинг одатий сифатлари, хусусиятлари (шиддаткорлик, кўзи ўткирлик, қўрқмаслик)га эга бўлган кишининг тавсифи сифатида ҳам қўлланади. «Стадион ғолибларни олқишлади», «тирноққа зор бўлмоқ» ибораларидаги «стадион» ва «тирноқ» сўзлари ҳам асл маъносидан бошқача маънода қўлланган. Тропнинг кўп тарқалган турлари: истиора (метафора), метонимия, синекдоха, мажоз (аллегория), киноя, сифатлаш (васф, эпитет), кичрайтириш (литота), муболаға (гипербола), жонлантириш (ташхис, интоқ), перифраза ва б. «Троп» термини дастлаб юнон файласуфи Аристотель томонидан айрим Тропларни, хусусан, метафорани ўрганиш жараёнида силлогизм шаклини ифодалаш мақсадида қўлланган (мил. ав. 4-а.). Структуравий тилшунослик, матн лингвистикаси каби тилшунослик тармоқларининг юзага келиши Тропга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди. Натижада Троп семантик транспозиция (маъновий кўчиш) нинг ҳосиласи тарзида ўрганиладиган бўлди. Ўзбек тилшунослигида Тропнинг мазкур кўринишлари алоҳидаалоҳида тадқиқотларнинг манбаи бўлиб, бадиий матнлар асосида атрофлича ўрганилган.
Ад.: Лингвистика и поэтика, М., 1979; Ўзбек тили стилистикаси, Троп, 1983.
Ибодулла Мирзаев.