ТРОПИК КАСАЛЛИКЛАР, иссиқ мамлакатлар касалликлари — асосан, тропик ва субтропик минтақаларда тарқалган ҳар хил касалликлар гуруҳи. Бу касалликларга инфекцион (юқумли) ва паразитар касалликлар (асосан, Трансмиссив касалликлар), вирусли (мас., сариқ иситма), бактерияли (мас., мелиоидоз), замбуруғли (мас., кокцидиомикоз), содда ҳайвонлар қўзғатадиган безгак, лейшманиоз, уйқу касаллиги ва б. ; гельминтозлар (шистосоматоз, филяриатоз) киради. Тропик касалликларга иссиқ иқлим таъсири (мас., дерматитлар), овқат таркибида оқсил ва витаминлар етишмаслигидан келиб чиқадиган касалликлар (мас., квашиоркор, берибери ва б.), шунингдек, заҳарли илонлар, баликлар, ўргимчаклардан заҳарланишлар киради.