ВИККЕРС УСУЛИ — металлургияда материалларнинг қаттиқлигини аниқлаш усулларидан бири. Бу усулда материал сиртига тўрт қиррали пирамида шаклидаги олмос учлик ботирилади, таъсир эттирилган кучнинг сиртда пирамида қолдирган изи юзига нисбати намунанинг Виккерс бўйича қаттиқлиги бўлади ва HV билан белгиланади. Ботириш кучи синалаётган буюмнинг қаттиқлиги ёки қалинлигига қараб танланади (50, 100, 200, 300, 500, 1000 Н). В. у. бўйича қаттиқлик, қаттиқлик ўлчагич билан аниқланади. У синашни стационар шароитда ўтказишга ва ботириш изининг ҳар икки диагоналини 1 мкм хатоликкача (ўлчаш микроскопи б-н) ўлчашга имкон беради. Виккерс усули металл ва қотишмаларнинг юпқа юза қатламлари, юпқа листлар қаттиқлигини аниқлаш учун жуда қулай ҳисобланади.