ТУЗ ТЕКТОНИКАСИ — Ер пусти чўкинди қатлами деформацияларининг бурмаланган типи бўлиб, уларнинг асосида ёки кесимнинг ўрта қисмида етарли даражадаги йирик (100 м ва ундан кўп) туз ётқизиқлари (тош тузи, калийли тузлар) мавжуд. Туз қатламларини қоплаб ётган тоғ жинслари нотекис (ҳар хил қалинликда) бўлганлиги сабабли, нотекис босим остида туз қатламлари эгилиши, чўзилиши ва бир жойдан иккинчи жойга силжиши мумкин. Тоғ ҳосил бўлиш жараёнида, улар орасида туз қатламлари ҳам ўзига хос гумбазсимон букилмалар ҳосил қилади. Катта қалинликдаги туз қатламини қоплаб ётган қатламнинг нотекис босим остида сиқилиши натижасида у пластик ҳолатга ўтади ва босим кўп томондан кам томонга сурила бориб, ҳажми бир неча км3 га етади, цилиндр шаклида юқорига қараб бир неча км га кўтарилиб боради. Туз тектоникаси ривожланишининг биринчи босқичида туз горизонтал йўналишда ҳаракат қилади ва гумбазсимон шаклни олади. Бу шакл «туз ёстиғи» дейилади. Туз ҳаракати давом этиб, «туз ёстиғи», уни қоплаб турган тоғ жинсларининг чўзилиши натижасида синади ва турли ёстиқчалар пайдо бўлади. Булар туз ҳаракатини енгиллаштиради ва туз горизонтал йўналиш ўрнига шу ёриқлар орқали юқорига қараб ҳаракат қилади. Бу жараёнда тоғ жинсларини ҳам ўзи билан кўтариб юборади ватуз гумбазларини ҳосил қилади. Тузнинг пластик ҳолда чўзилиб юқорига кўтарилиши натижасида туз остидаги тоғ жинслари эгилиб, конседиментацион бўшлиқлар ҳосил қилади. Туз тектоникасининг мукаммал областларига Каспий ёни ботиғи ғамда Мексика қўлтиғи ва соҳиллари ботиғи киради. Туз тектоникаси намоёнлари турли даврлар: кечки токембрий (Жан. Австралия) — неоген (Тожикистон депрессияси) ётқизиқларида кузатилади. Ўзбекистон жан. да жуда катта (1500 м гача) қалинликдаги туз қатламларининг устки рельефи сойлик ва тепаликлар бўлгани учун Туз тектоникаси бу жойларда жуда яхши ривожланган. Туз тектоникасини ўрганиш туз остида яшириниб ётган газ ва нефть конларини қидириб топишда муҳим аҳамият касб этади.