ТУЗКОН МАДАНИЯТИ — неолит даврида балиқ овлаш, овчилик ва теримчилик билан шуғулланган қабилалар маданияти (мил. ав. 4—3минг йиллик). Тузкон манзилгоҳлари Моҳондарё археология экспедицияси аъзоси Ў. И. Исломов томонидан топиб ўрганилган (1960—61). Моҳондарё Зарафшон дарёсининг қад. ўзани бўлиб у Бухоронинг Қоракўл тумани орқали Қизилқумдан ўтиб Амударёга қуйилган. У ўз йўлида бир қанча кўллар ҳосил қилган. Неолит одамлари шу кўллар атрофида манзилгоҳлар қуришиб шу ерда ҳаёт кечиришган. Бу ердан 36 та манзилгоҳ топилиб, шундан 2 тасида маданий қатламлар ва чайла қолдиқдари топилган. Кейинги жез даврига келиб Моҳондарё сувлари камайиб, ҳосил қилинган кўллар тузконларга айланган. Ҳозир бу жойлар Кичик Тузкон ва Катта Тузкон маконлари номлари билан юритилади (қ. Калтаминор маданияти, Дарвозақирликлар чайласи).