ВИЛЬЯМС, Бон Кретьян Вильяме, Бертлет — серҳосил ўртапишар нок нави. 1796 й. да Англияда тасодифий топилган кўчатдан чиқарилган. Ўрта Осиё, Россиянинг жан., Украина, Закавказье ва б. жойларда р-нлаштирилган. Дарахти ўртача катталикда (25—30 ёшида бал. 6,5 м, шох шабба кенглиги 6,5 м га етади), сербарг, новдалари йўғон, оч сариқ. Барглари йирик, гуллари ўртача. Меваси йирик, чўзиқроқ. Сирти ғадирбудир, пўсти юпқа, майда нуқталари бор, сарғиш-қизил товланади. Эти оқ, мазали, ширали, ҳушбўй, ширин, мулойим. Таркибида 10,4% қанд, 16,6% қуруқ модда, 0,33% кислота бор. Уруғлари майда. Кўчати экилганидан сўнг 4—5-йили ҳосилга киради. Кучли ўсадиган пайвандтагда яхши ривожланиб мўл ҳосил беради. Апр. бошида гуллайди, авг. иккинчи ярмида пишади. Ҳар йили ҳосил беради. Ҳосилдорлиги юқори, бир тупи 185 кг гача мева беради. Бу нок янгилигида истеъмол қилинади, қоқи солинади (қоқисининг сифати юқори). Ёзги нокларнинг жаҳон андозаси (стандарт нав) ҳисобланади ва б. навлар учун эталон бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида экиш учун (гармсел эсадиган минтақалардан ташқари) тавсия қилинган (яна қ. Нок).