ТУН ЯБҒУ — Ғарбий Турк хоқонлигининг ҳукмдори (618—630). У Шегуйхон вафотидан сўнг тахтга чиққан. Тун Ябғу қобилиятли саркарда ва давлат бошлиғи бўлиб, фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борган. Жан. Тохаристон (ҳоз. Афғонистон) ва қисман Гибин (ҳоз. Покистон) ерларини забт этди. Бу даврда Ғарбий Турк хоқонлиги таркибига деярли бутун Ўрта Осиё, Қозоғистоннинг катта қисми, қуйи Волга бўйлари, Шим. Кавказ ерлари кирган. Давлат пойтахти Суяб ш. (ҳоз. Тўқмоқ ш. яқинида) эди. Тун Ябғу марказий ҳокимиятни кучайтириш мақсадида давлатда маъмурий ислоҳот ўтказган. Вилоятларда назоратни кучайтириш учун ўз вакиллари — тудунларни юборган. Махаллий хукмдорларга туркий унвонлар инъом этган. Ўғли Тардушодни Тохаристонга ноиб қилиб тайинлаган. Тун Ябғу хоқон Эронга қарши Византия билан иттифоқ тузган. 627 й. ғарбий турклар тузилган шартномага асосан, Эронга карам бўлган Кавказорти худудига ҳужум қилган. 627 йили Чор (Дарбанд), 628 й. эса Тифлис (хоз. Тбилиси) забт этилган. 630 й. Т. Я. амакиси Кул Баҳодур томонидан ўлдирилган.
Ад.: Гумилёв Л. Н., Древние тюрки, М., 1967; История Востока, т. 2, М., 1995.