ТУНИС

ТУНИС, Тунис Республикаси (АлЖумхурия атТунисия) — Шим. Африкада жойлашган давлат. Майд. 164,2 минг км2. Аҳолиси 9,8 млн. киши (2002). Пойтахти — Тунис ш. Маъмурий жиҳатдан 25 вилоятга булинади.

Давлат тузуми. Тунис — республика. Амалдаги конституцияси 1959 й. 1 июнда қабул қилинган, унга кейинчалик тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (1987 й. дан Зайн алОбидин бин Али), у умумий тўғри ва яшириш овоз бериш йули билан 5 й. муддатга сайланади ва яна 2 муддатга кайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Депутатлар палатаси (бир палатали парламент), ижрочи ҳокимиятни президент билан ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Ер юзасининг аксари қисми текислик, айрим жойларда қирлар учрайди. Шим. ва шим. ғарбий қисмини Атлас тоғларинннг шарқий тармоклари (ТелАтлас, Тунис тизмалари ва б.) эгаллайди. Тунис тизмасининг ғарбий қисмида мамлакатдаги энг баланд нукга — Шамби чўққиси (1544 м) бор. Тоғлар оралиғида платолар, шим. да Тунис паеттекислиги ва жан. ғарбда Тунис соҳили, Туниснинг марказий қисмида Шотт деб аталган шурхок ботиқ жойлашган. Фойдали казилмалардан фосфорит, темир, қўрғошин, марганец ва рух рудалари, симоб, магний ва калий туз конлари бор. Сахрои Кабирда нефть ва газ захиралари аникланган. Иклими Ўрта денгиз атрофига хос субтропик икдим, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши нисбатан салқин, нам; чекка жан. да тропик чўл иқлими, Саҳрои Кабирдан гармсел (сирокко шамоли) эсиб туради. Ўртача тра янв. да 10°, июлда 26°, жан. да янв. да 21°, июлда 33°. Йиллик ўртача ёғин 400—1500 мм, Тунис тизмасидан жан. да 100 — 200 мм. Даре кам, йирик дарёси — Мажарда (уз. 460 км). Тупроқ ва ўсимликлари, асосан, Ўрта денгиз атрофига хос. Тоғлардаги қўнғир ўрмон тупроқларида аралаш ўрмонлар, қолган ҳудуддаги кулранг ва жигарранг тупроқларда чўл ва чала чўлга хос ўсимликлар ўсади. Ҳайвонот дунёси: шим. да қоплон, тўнғиз, алқор, чала чўлларда қорақулок,, гепард, чиябўри, сиртлон, тулки, ёввойи мушук бор; қушлар, судралиб юрувчилар кўп. Ҳашаротлардан, айниқса чигиртка қишлоқ хўжалиги. экинларига зарар етказади. Ўрта денгиздан балиқ овланади. Ашкёл, ЖабельБуХедма ва б. миллий боглари, қўриқхона ва резерватлар ташкил этилган.

Аҳолисининг 97% дан кўпроғи тунислик араблар, 1%дан ортиғи барбарлар, озроқ европалик (француз, итальян ва б.) лар. Расмий тил — араб тили. Француз тили ҳам тарқалган. Диндорлари — сунний мусулмонлар. Шаҳар аҳолиси 61%.

Йирик шаҳарлари: Тунис, Сфакс, Сус, Бизерта, Қайрувон.

Тарихи. Тунис ҳудудида илк палеолит давридан одам яшаб келади. Мил. ав. 4—2минг йилликларда деҳқончилик ва чорвачилик тараққий этиб, истеҳкомли манзилгоҳлар вужудга келган. Мил. ав. 12-а. да Тунисга юнонлар, кейинроқ финикияликлар кириб келди. Финикияликлар томонидан Тунисда асос солинган шаҳарлар ичида Карфаген йирик шахардавлатга айланган. Мил ав. 264—146 йлардаги Пуни уруиўари натижасида Карфаген давлати барҳам топган. Тунис Рим империясининг Африкадаги мулкига айланган. 439 й. барбарлар ва қўзғолончи деҳқонлар кўмагида Карфагенни вандамар босиб олган. 534 й. Т. Византияга тобе бўлган. Тунис туб аҳолисининг озодлик курашига 647 й. Т. ҳудудига кириб келган мусулмон араб қўшини ёрдам берган. 670 й. араблар Қайрувон ш. га асос солдилар (кейинчалик бу шаҳар Шим. Африкага ислом динини ёйиш маркази бўлиб қолди), 698 й. улар Карфагенни, 703 й. эса Тунисни бутунлай эгалладилар. 800 йил Т. Аббосиплар халифалигидан ажралиб чиқиб, Ағлабишшр сулоласи ҳукмронлигидаги мустақил давлатга айланди. 909 й. барбар қабилаларининг қўзғолони натижасида Тунисда исмоилийларнинг Фотимийлар давлати барпо этилди.

1535 йил Тунисни Испания босиб олди, 1574 й. турклар испанларни қувиб чиқариб, Тунисни Усмонли турк империяси таркибига қўшиб олди. Бироқ турк султонлари Тунисни номигагина идора қилар эди. 1591 й. дан Тунисни Тунис дейлари, кейинчалик Муродийлар сулоласи (1612—1702) бейлари бошқарди. 1705 й. Ҳусайнийлар сулоласи бейлари мустақил Тунис давлатини барпо этдилар. 1861 й. Тунис либерал ислоҳотчиси Хайриддин атТунисий ташаббуси билан дастлабки конституция (Дустур) қабул қилинди. 1881 й. француз қўшинлари Тунисни босиб олди. 1934 й. Ҳабиб Бурғиба ватанпарвар кучларни бирлаштириб, Янги дустур — сўл миллатпарвар партиясини тузди, шу партия миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилди. 2-жаҳон уруши йиллари (1939—45) ва ундан кейин Тунис даги миллий озодлик харакати кучайди. 1952—54 й. ларда шаҳарлардаги умумий иш ташлаш шароитида Тунис озодлик армияси (1952 й. Янги дустур партияси томонидан тузилган) ҳаракат бошлади. 1954 й. 31 июлда Франция Т. га ички мухторият беришга мажбур бўлди. 1955 й. 3 июнда имзоланган конвенцияга биноан Тунисни идора қилиш миллий ҳукумат қўлига ўтди. 1956 й. 20 мартда Франция Тунис мустақиллигини тан олди. 1957 й. монархия тугатилди ва республика эълон қилинди. Ҳ. Бурғиба президент этиб сайланди. Тунис — 1956 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1991 й. 26 дек. да тан олган ва 1992 й. 26 нояб. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 20 март — Мустақиллик куни (1956).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Янгиланиш ҳаракати партияси, 1939 й. тузилган, 1993 й. гача Тунис коммунистик партияси деб аталган; Демократик конституциявий бирлашма партияси, 1934 й. Дустур партиясининг парчаланиши натижасида тузилган, 1964 й. гача Янги дустур, 1988 й. гача Социалистик дустур партияси деб аталган; Халқ бирлиги партияси, 1973 й. ташкил этилган; Демократ социалистлар партияси, 1977—78 й. ларда асос солинган; Демократик бирлашув иттифоқи, 1988 й. тузилган; Социаллиберал партия, 1988 й. ташкил этилган. Тунис умумий меҳнат бирлашмаси касаба уюшма маркази, 1946 й. асос солинган.

Хўжалиги. Тунис — кончилик ва кайта ишлаш саноати ривожланган аграр мамлакат. Табиий ресурс захиралари оз бўлишига қарамай, Африкадаги энг ривожланган мамлакатлар қаторига киради. Ялпи ички махсулотда қишлоқ хўжалиги. ва балиқ овлашнинг улуши 11,7%, кон саноатининг улуши 4%, ишлаб чиқариш. саноатининг улуши 18,5%.

Қишлоқ хўжалигида аҳолининг 60% банд. Қ. х. га яроқли ерлар 8 млн. гектарга яқин. 3,2 млн. гектари экинзор, 2,6 млн. гектари яйлов, 150 минг га ер суғорилади. Ғалла етиштириш ва яйлов чорвачилиги муҳим аҳамиятга эга. Асосий экинзорлари мамлакатнинг шим. ва шим. шарқида жойлашган. Буғдой, арпа, цитрус мевалар, зайтун, хурмо, сабзавот, узум, бодом, қанд лавлаги, тамаки етиштирилади. Чорвачиликда қўй, эчки, қорамол, эшак, хачир, туя боқилади. Паррандачилик саноат асосида ташкил этилган. Тел тоғларида ўрмон маҳсулотлари, айниқса, пўкакли дарахт пўстлоғи, жан. да қоғоз саноатида ишлатиладиган альфа ўти йиғилади. Ҳаммомот ва Қобис қўлтиқларида, Карқанна о. лари соҳилида балиқ овланади.

Саноатида кон, электротехника, тикувчилик, тўқимачилик, чармпойабзал тармоклари ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланган. Озиқ-овқат, металлургия, нефтни қайта ишлаш, кимё корхоналари бор. Кон саноатида нефть, фосфорит, темир, рух рудаси қазиб чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Ишлаб чиқариш. саноати корхоналарининг аксарияти мамлакатнинг шим. шарқий Фемида барпо этилган. Чекка рнларда цемент ишлаб чиқариш. йўлга қўйилган. Йилига ўртача 6,7 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Ҳунармандчилик (гилам ва сават тўқиш, кулолчилик, мис ва жездан безак буюмларни ясаш) ривожланган. Тунис узунлиги 2,2 минг км, автомобиль йўллари уз. 22,5 минг км. Асосий денгиз портлари: Тунис, Сфакс, Бизерта, Қобис, Сехира. Тунис ш. яқинида халқаро аэропорт бор. Тунис четга нефть ва нефть маҳсулотлари, газмол, зайтун ёғи, вино, фосфорит чиқаради. Четдан машина ва ускуна, озиқ-овқат ва кенг истеъмол моллари олади. Франция, АҚШ, Германия, Италия, Испания билан савдо қилади. Пул бирлиги — тунис динори.

Тиббий хизмати. Давлатга қарашли даволаш муассасалари билан бир каторда хусусий шифохоналар ҳам бор. Аҳолининг 90% бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Врачлар 3 олий тиббиёт ўқув юртида тайёрланади. Тиббий ҳамшира, доя, лаборант ва б. тиббий ходимлар тайёрлаш учун махсус мактаблар очилган. Миллий онкология инти (1969), Пастер инти (1906), Оилани режалаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази, Тунис унти ҳузуридаги Миллий кардиология инти тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар билан шуғулланади.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Таълим тизими французча услубда ташкил этилган. Кейинги йилларда уни араблаштиришга ҳаракат қилина бошлади. Бошланғич мактаб 6 й. лик (6—12 ёшли болалар учун мажбурий), умумий ўрта таълим мактаби 7 й. лик бўлиб, у 3 й. лик қуйи ва 4 й. лик юқори ўрта мактабдан иборат. Бошланғич мактаб негизида 4 й. лик ҳунартехника таълими ташкил этилган. Мамлакатда 50 га яқин фт ва олий ўқув юртлари бор. Энг йириклари: Пойтахтдаги Тунис унти (1960), Миллий маъмурий мактаб (1949), Миллий мусиқа, рақс ва халқ санъати консерваторияси, Санъат, меъморлик ва шахдрсозлик техника инти, Миллий агрономия инти. Илмий муассасаларнинг аксарияти пойтахтда жойлашган. Тунис унти таркибида иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази, Илмий ва техник тадқиқотлар инти (1969), Ядро тадқиқотлари маркази (1966), Миллий техника инти (1969), Миллий онкология инти (1969), Миллий лед. тадқиқотлари инти (1971) бор. Бундан ташқари, Миллий археология ва санъат инти (1957), Миллий агрономия тадқиқотлари инти (1914), Миллий ветеринария тадқиқотлари инти, Миллий океанография ва балиқчилик инти (1924), Денгиз сувларидан фойдаланиш ва ирригация маркази (1963), Миллий ўрмончилик инти ва б. илмий муассасалар мавжуд. Кутубхоналари: Миллий кутубхона (1883), Оммавий кутубхона (1965). Музейлар: Бардо миллий музейи (1888), Карфаген миллий музейи (1964), Ислом санъати музейи ва б.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Тунисда кўпгина газ. ва журнали лар нашр этилади. Йириклари: «АсСабоҳ» («Тонг», араб тилида чиқадиган кундалик газ., 1951 й. дан), «АрРайи» («Фикр», араб тилида чиқадиган ҳафталик ижтимоийсиёсий газ., 1977 й. дан), «Ренуво» («Янгиланиш», француз тилида чиқадиган кундалик газ., 1932 й. дан), «АтТариқ алЖадид» («Янги йўл», араб тилида чиқадиган ҳафталик газ., 1981 й. дан), «АлВахда» («Бирлик», араб тилида чиқадиган ҳафталик газ., 1981 й. дан), «АлҲуррия» («Озодлик», араб тилида чиқадиган кундалик газ., 1934 й. дан), «Диалог» («Мулоқот», француз тилида чиқадиган ижтимоийсиёсий ҳафтанома, 1974 й. дан), «АлФикр» («Тафаккур», араб тилида чиқадиган ойлик адабий журнали, 1955 й. дан), «АлМараа» («Аёл», араб ва француз тилларида ойига 2 марта чиқадиган журнали, 1961 й. дан). Тунис Африк Пресс (ТАП) ахборот агентлиги, Тунис даги етакчи газ. лар, радио ва телевидениенинг акдиядорлик жамияти, 1961 й. асос солинган. Радиоэшиттириш 1936 й. дан, телекўрсатув 1966 й. дан олиб борилади. Уларни Тунис радиоэшиттириш ва телевидение давлат маҳкамаси назорат қилади.

Адабиёти Тунис ҳудудида мил. ав. 1минг й. ликда пуни, сўнг лотин тилида ривожланган. Апулей, Августин каби машҳур адиблар Шим. Африкадан чиққан бўлсада, Туниснинг ўз адабиёти фақат мусулмон араб ҳукмронлиги даврида араб тилида вужудга келди. 10—11-а. ларда Ибн Хани алАндалусий ва Али атТунисий Иброҳим алХусрий, Иброқим арРакик ва Абдулазиз алТаърифий каби шоир ва ёзувчилар, 14 — 15-а. бошларида атокли мутафаккир Ибн Хаддун ижод киддилар. 15-а. дасуфийлар адабиёти вужудга келди. 15—16-а. ларда араб тилининг Тунис шевасида назм жанри устун бўлган халқ адабиёти шаклланди. 19-а. адабиётида миллий озодлик кураши руҳи сезила бошлади. Муҳаммад ашШодли Хазнадар ижодида бу руҳ, айниқса, яққол намоён бўлди. 20-а. бошларида Тунис адабиётида дастлабки романлар (Салоҳ Сувисийнинг «АлХайра ва Сирож алЛайла» романи) пайдо булди. 20—30-й. ларда ҳоз. замон Т. адабиётининг асосчиси шоир Абулқосим ашШоббий, ҳикоянавис АлиадДуъажий, шоир ва публицист Тоҳир Ҳаддад асарлари машҳур бўлди. Маҳмуд алМесадий, Муҳаммад алЛаруси алМутвий, Муҳаммад алМарзукий каби ёзувчи ва драматурглар адабиёт ривожига баракали ҳисса қўшдилар. Тунис мустақилликка эришгач, шоир, ёзувчи ва драматург Мустафо алФорсий ижоди камол топди. 1960-й. ларда Тунис адабиётига араб ва француз тилларида ижод қилувчи ёзувчи ва драматурглар кириб келди. 20-а. охирларида Ҳасан Наср («Ёмғирли тунлар» ҳикоялар тўплами), Иззеддин Меданий («Ноль инсон» романи, «Ғаройиб ҳодисалар» ҳикоялар тўплами), Маҳмуд Тунсий (ҳикоя ва лирик шеърлар), Муҳаммад Салоҳ алЖабрий («Замира ҳаётидан бир кун» қиссаси), Абдураҳмон Амар («Севги ва инқилоб» қиссаси, «Беш қахрамон» пьесаси) ва б. ёзувчи ҳамда драматурглар ижоди диққатга сазовор. Меъморлиги ва тасвирий санъати. Тунис ҳудудидан капса маданияти санъат ёдгорликлари (қоятошларга ишланган жонивор ва одам тасвирлари, ов манзаралари, сопол идишлар) топилган. Финикийлар давридан ибодатхона, дахма ва биноларнинг, римликлар давридан шаҳар харобалари (Дугга, ТубурбоМайус ва б.) сакланиб қолган. Уларда театр, амфитеатр, ҳаммом, цирк, турар жой, оромгохлар бўлганлиги сезилади. Ўрта асрларда мусулмон меъморлиги (масжид, минора ва сарой бинокорлиги) шаклланди. Қайрувон, Сфакс, Сус, Монастир, Тунисда минорали масжидлар, шоҳ саройлари қурилди, истеҳкомлар, шаршаралар, сув омборлари барпо этилди (Қайрувондаги Сиди Оқба масжиди, 9-а., Тунисдаги Баб алЖадид, Баб алМинора тош дарвозалари, 13-а.). 11 — 15-а. ларда меъморлик испанмағриб, 16—19-а. ларда турк санъати оқимида ривожланди. 20-а. да шаҳарсозликка француз меъморлари бошчилик қилди, улар маҳаллий бинокорлик анъаналарини Европа рационализми тамойиллари билан уйғунлаштиришга интилди. Мустақиллик йилларида етишиб чиққан O. K. Какуб, X. Амара ва б. тунислик меъморлар замонавии конструкция ва материаллар (темирбетон, шиша, металл, пластмасса ва ёғоч)дан фойдаланиб уйжой ва жамоат биноларининг лойиҳаларини туза бошладилар. Тунис ш. даги янги турар жой бинолари, «Дю Лак», «Африка» меҳмонхоналари, Монастир ш. даги «Пальма» меҳмонхонаси, айниқса, муваффақиятли чиққан.

Тунис замонавии тасвирий санъатига 12-а. нинг 90-й. ларида асос солинди. 20-а. нинг 20—30-й. ларида Яхё Туркий, Ҳоди Ҳаёший, Амар Фарҳод каби мусаввирлар шаклан мукаммал, мазмунан миллий санъат асарлари яратдилар. Ҳоз. замон тасвирий санъатида реалистик ва модернистик оқимлар мавжуд. Реализм йўналишидаги рассомлардан Али бин Салим, Ҳоди Туркий, Ҳотам Меккий, графиками Иброҳим адДахак, модернизм оқимидаги ҳайкалтарош Ҳоди Селмий, рангтасвирчи ва график Зубайр Туркий ва б. машҳур. Тунис замонавии амалий безак санъатининг асосий турлари гилам тўқиш, каштачилик, тўр тўқиш, кулолчилик, заргарлик ва кандакорликдан иборат.

Мусиқаси узоқ йиллар давомида финикий, юнон, рим, айниқса, араб ва турк маданияти таъсирида ривожланиб келди. Тунис мусиқаси Мағриб мамлакатлари маданиятида алоҳида аҳамиятга эга. Бадавийлар анъаналари негизида маросим ва меҳнат қўшиқлари, шоирбахшилар ижоди ривож топди. Мумтоз мусиқаси Андалусия (Зирёб) мактаби таъсирида қарор топган. Туркумли жанр нуьба муайян мақам (лад)ларга асосланиб, чолғу бадиҳавий муқаддима (истифтах), маълум усулларда ижро этилаётган вокал (авъят, бтайхи, баруэль, таушийя, дардж ва б.) ҳамда чолгу (мсаддар, дхоул каби) қисмлардан иборат. 24 мумтоз нуьбадан ҳозирда Тунисда 13 таси сакланган. Қасида, мувашшах, шунингдек, диний мусика шакллари — зажал, зикр, турк маданияти таъсирида башраф (чолгу куй) лар кенг ўрин олган. Миллий созлари: уд, торликамонли рабаб, қонун, найсимон касба, зурна (сурнай тури), доирасимон тар ва бендир, тўртбурчак даф, дарбука, тбала (барабан турлари). Мустақилликка эришилганидан сўнг мусиқа маданиятига эътибор кучайди. 60-й. ларда симфоник оркестр, миллий ансамбллар ташкил этилди. Тунис фольклор ансамбли, Бизерта мумтоз мусиқа ансамбли, «Рашидия» жамияти оркестри (ҳоз. радио оркестри) ишлай бошлади. Анъанавий мусиқа билан бирга мусиқа маданиятининг европалашган шакллари ёйила борди. Мусиқа кадрлари олий ва ўрта мусиқа ўқув юртлари, жумладан, Тунисдаги Миллий мусиқа, рақс ва халқ санъати консерваторияси, Сфаксдаги консерваторияда тайёрланади. Бастакор, ижрочи ва мусиқашунос Салоҳ алМаҳдий, бастакор ва удчи М. алЖамусий, хонандалар У. Карим, Ш. Алавий, Абдулҳақ Тариалар машҳур. Ҳар йили ўтказиладиган Карфаген мусика фестивали фольклор санъатининг жаҳон марказига айланди.

Театри. Халқ ўйинлари ва байрамларида, сайёр қизиқчиларнинг санъатида театр унсурлари бўлган. 13-а. дан соя ва қўғирчоқ театрлари ёйилди. 1826 й. Италиядан келган труппа тунислик томошабинларни Европа театри билан таништирди. 1860—75 й. ларда дастлабки театр бинолари қурилди. 1893 й. ливанлик драматург Шукри Ғанимнинг «Антара» спектакли саҳналаштиридди. 1908 и. Сулаймон алКардахий биринчи Тунис театрига асос солди, 1913 й. у «АшШахама алАрабия» ва «Аладаб» жамоаларига бўлиниб кетди. 1921—22 йларда мисрлик реж. Жорж Абяд «Араб театри»ни ташкил этди. 1955 й. иш бошлаган Муниципал театри доимий труппа ва катта репертуарга эга эди. Мустақилликка эришилгач (1956), 1959 й. ташкил этилган театр мактаби (раҳбари Ҳасан Эмерли) тез орада Драма маркази (раҳбари Муҳаммад Азиза)га, 1982 й. Драма санъати интига айлантирилди. 1960—70 й. лардан Сус, Сфакс, Бизерта, АлҚоф, Қайрувон, Қафса ш. ларида театрлар ишлай бошлади. 1960 й. дан Монастир ш. да Мағрибдаги барча театрларнинг фестиваллари, Ҳаммомотдаги театр марказида (1964 й. ташкил этилган) ва кўҳна Карфаген харобаларида Халкаро театр фестиваллари ўтказилади.

Киноси. 1897 й. Ш. Шикли дастлабки киносеансларни ташкил этди. 1907 й. доимий кинотеатр очилди. 1922 й. Ш. Шикли қисқа метражли «Зуҳра», 1924 й. эса тўлиқ метражли «Оҳу кўзлари» фильмларини суратга олди. Мустамлакачилик даврида ғаройибсаргузашт фильмлар — «Этикдўз Маъруф» (1921, реж. Р. Дессор), «Ясмина» (1926, реж. А. Югон), «Кайрувонлик телба» (1939, реж. Ж. А. Крези, араб тилидаги биринчи фильм), «Бим» (1949, реж. А. Ламорис) ва б. яратилди. 1946—54 й. ларда Тунисда «Африка» киностудияси ишлади. Мустақиллик кўлга киритилганидан кейин Тунис фильмлар ишлаб чиқариш. ва прокат қилиш акциядорлик жамияти тузилди (1957), қисқа метражли хроника фильмлари билан бир қаторда миллий озодлик курашига ва ижтимоий масалаларга багишланган «Тонг» (1966), «Қўзғолончи» (1967), «Фаллоҳлар» (1970) каби бадиий фильмлар яратилди. 70—80-й. ларда яратилган фильмлар орасида ишчилар ҳаёти ва курашини тасвирловчи «Сежнан» (реж. А. Бин Аммар), Франциядаги араб муҳожирлари такдирига оид «Элчилар» (реж. Н. Хтарий), кичик қишлоқ ҳаётининг ўзгариши тўғрисидаги «Сиртлон қуёши» (реж. Р. Бахий), тунислик аёллар ҳаётидан олинган «Азиза» (реж. А. Бин Аммар), шунингдек, «Кечув» (реж. М. Б. Маҳмуд), «Фаришталар» (реж. Р. Бахий) каби фильмлар бор.


Кирилл алифбосида мақола: ТУНИС ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: T ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
РОССИЯ
ФРАНЦИЯ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты