ВИНОГРАДОВ Александр Павлович [1895.9(21)8, Петербург – 1975.16.11, Москва] — геокимёгар ва биогеокимёгар олим, собиқ Иттифоқ ФАнинг акад. (1953), вице-президенти (1967 — 75). Илмий ишлари геокимё ва космос кимёсига бағишланган. Виноградов фанга биокимёвий провинция тушунчасини киритди, Ер пўсти вужудга келишининг универсал механизми гипотезасини таклиф қилди. Ер пусти жинсларидаги кимёвий элементларнинг ўртача миқдорини аниқлади (1957, 1962). Ер ва Ер тоифасидаги сайёраларнинг кимёвий эволюцияси назариясини ишлаб чиқди. Ойдан олиб келинган тоғ жинслари геокимёсини ўрганди. Виноградовнинг раҳбарлигида бир неча металлар синтез қилинган. Уран изотопларининг парчаланиш жараёнларини аниқлаган.