ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ

ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ — маъмурийҳудудий бирлик. Россия империяси босиб олган Ғарбий Туркистон ҳудудида Россия императори Александр II фармони билан ташкил этилган (1867 й. 11 июль). Худди шу йили Туркистон ҳарбий округи ҳам тузилган. Туркистоннинг биринчи генералгубернатори этиб рус подшосининг яқин мулозими генераладъютант К. П. фон Кауфман тайинланди. У 14 йил мобайнида (1867 — 81) Туркистон ўлкасини қаттиққўллик билан бошқарган. Кавказ, Болтиқбўйи ўлкаларидаги озодлик ҳаракатларини бостиришда тажрибали маъмур ва уста сиёсатчи эканлигини кўрсатган фон Кауфманни «Туркистоннинг бунёдкори» деб улуғлашган. У Тошкент жамоатчилиги вакиллари йиғилиши (1868 й. 22 янв.)да биринчи бор русларни Туркистон халкларининг «катта оғаси» деб атаган.

Россия императори фон Кауфманга ўлкани бошқаришда чекланмаган ҳуқуқ ва ваколатлар берган, натижада уни халқ «ярим подшо» деб билган. Ички ва ташқи сиёсатда унинг эркин иш юритиши мумкинлиги император томонидан берилган «Олтин ёрлиқ»да ўз аксини топган.

1868—80 й. лар давомида ҳарбий истилолар натижасида дастлаб 2 вилоятдан иборат генералгубернаторликка яна 3 вилоят қўшилди. 19-а. нинг охирларида Туркистон генерал-губернаторлиги Сирдарё, Еттисув, Самарканд, Фарғона ва Закаспий каби 5 вилоятдан иборат бўлиб ҳудуди Европа Россиясининг У3 қисмига тенг эди. Туркистон генерал-губернаторлигининг барча ҳудуди 1.779.618 чақиримга тенг бўлган. Россия ҳукмдор доиралари Туркистонни империянинг таркибий қисмига айлантириш ва халқларини руслаштириш учун барча воситаларни ишга солди. Ўлкадаги сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий ислоҳотлар ана шу мақсадга қаратилган эди.

Асрий миллий давлатчиликни йўқотиб русча идора усулини қўллаш учун СанктПетербургнинг олий сиёсий доиралари қонунлар мажмуасини ишлаб чиқди. У тарихга «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом» номи билан кирган. Низомга кўра, ўлка ҳокимияти «ҳарбийхалқ бошқаруви» деб номланди. Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятлар (область), туман (уезд), жабҳалар (участка), бўлислар (волость) ва оқсоқолликларга бўлинди.

Вилоятлар, туманлар ва жабҳаларни рус офицергенераллари, бўлис ва оқсоқолликларни эса маҳаллий халқ вакиллари бошқарган. Вилоятларга ҳарбий губернаторлар, туман — уезд бошликлари, жабҳаларга эса участка приставлари тайинланган.

Мустамлакачилар маҳаллий бошқарув идораларига масъул шахслар тайинланишида ниҳоят ҳушёр иш тутиб, илғор, тараққийпарвар ва миллатпарвар кишилар бўлис бошқарувчиси, оқсоқол, юзбоши ёки қози сифатида сайланиб қолса, уларни лавозимга тасдиқламаслик учун турли ҳийланайрангларни ишга солганлар.

Туркистонда мустамлака идораси 1898 й. гача «ҳарбийхалқ», ундан кейин эса «маъмурийполиция бошкаруви» деб аталган бўлса ҳам унинг моҳияти мазмунан ўзгармаган, барча ваколатлар рус маъмурияти қўлида жамланган.

Туркистондаги сиёсий идора тизими «туб аҳоли ўртасида ҳар қандай норозиликни тагтуги билан шафқатсиз бостириш, биронбир душманлик ҳолати сезилса, дарҳол унинг кучайишига йўл қўймай бўғиб ташлаш, тартиббузарлар ва уларнинг маслакдошларига тегишли сабоқ бериш ва уларга рус қудратини кўрсатиб қўйиш учун ҳар қандай чоратадбирлар кўриш» руҳи билан суғорилган.

Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини бўғиб ташлаш, истиқлол учун курашга қодир шахсларни «зарарсизлантириш» режаси ишлаб чиқилиб, уни ижро этишга барча мустамлака арбоблари жалб этилган.

Рус дворянпомешчиклари ўлкани руслаштиришнинг иқтисодий томонини кўзлаб, Давлат думасида Туркистон ўлкасидаги «ортиқча» ерларни мусодара қилишни ёқлаб мухолифларини сиқувга олишган. 1910 й. 7 апр. да Давлат думаси «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом»нинг 270моддасини «Туркистон кўчманчиларининг ортиқча ерларини колонизация эҳтиёжлари учун» мусодара этишга рухсат берувчи қўшимча билан тўлдириш масаласини муҳокама қилди. Рус мустамлакачи шовинистлари товуши баланд келиб қонун лойиҳаси қабул қилинди ва 1910 й. 19 дек. дан қонун кучга кирди. Тўққиз йил ичида ана шу конунга кўра, СирдарёФарғона кўчирувчилик рни бўйича туб аҳолининг 744,9 минг десятина ери русларга тақсимлаб берилди. Подшонинг мусодарачилик сиёсати ўта шафқатсизлик билан давом эттирилди.

Империя хукмдор доиралари Туркистон ўлкаси рус ва туб аҳолиси учун махсус сиёсат дастурини ишлаб чикди.

Ҳарбий миршаблик руҳи Туркистон генерал-губернаторлиги сиёсий тузумида ўзининг яққол ифодасини топган.

Туркистон генералгубернатори бир вақтнинг ўзида ўлка бош ҳокими, округ қўмондони, бош прокурор ва бош миршаб вазифаларини бажарган.

1867 й. дан 1917 й. гача Туркистон генерал-губернаторлигини бошқарганлар: К. П. фон Кауфман (1867 — 81), Г. А. Колпаковский (188182), М. Г. Черняев (188284), Н. О. Розенбах (188488), А. Б. Вревский (1889—98), С. М. Духовской (18981901), Н. А. Иванов (1901 — 04), П. Н. Тевяшов (190405), Д. И. Субботич (190506), Н. И. Гродеков (1906—08), П. И. Мишченко (1908 — 09), А. В. Самсонов (1909—13),Флуг (191315), Мартсон (191516), А. Н. Куропаткин (1916—17).

Туркистон генерал-губернаторлиги 1917 й. 31 мартда тугатилиб ўрнига «Туркистон қўмитаси» тузилган(1917 й. апр. нояб.).

Ад.: Абрамов Ф., Положение об управлении Туркестанским краем, Туркистон генерал-губернаторлиги, 1916; С ад ў ков X., Политикоадминистративное устройство Туркестанского генералгубернаторства, Туркистон генерал-губернаторлиги, 1973; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000 й.

Ҳамдам Содиқов.


Кирилл алифбосида мақола: ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: T ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ХИТОЙ
РОССИЯ
ЯПОНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты